Исм-шарифингиз тўғрими?

2019-08-12T11:51:13+05:0027 May, 2019|Ҳафта мақоласи|

талаб — паспорт бўйича

Халқ банкининг Пахтаобод тумани бўлимига шахсий масалада мурожаат қилган Режавали (Ражабали бўлиши керак – Ҳ.К.) бобо фуқаролик паспортини узатар экан, ҳар галгидек банк ходимларининг эътирозига дуч келди:

— Фамилиянгиз қанақа, отахон? Самсаковми? Ўзбекларда бунақа от бўлмайди-ку? Нотўғри ёзилган шекилли…

— Э, қизим, бир умр исм-шарифим нотўғри ёзилганидан панд еб келяпман. Аслида, Саримсоқов Ражабали бўлишим керак. Совет даврида биз ўзбекларнинг исм-фамилиямиз нотўғри ёзилаверган, шу касалликдан ҳали-ҳануз қутула олмаяпмиз, – деди отахон норози қиёфада.

Дарҳақиқат, Андижон вилоятининг Пахтаобод тумани “Дўстлик” маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи меҳнат фахрийси Режавали Самсаков сингари исм-шарифи нотўғри ёзилиб, бундан норизо бўлиб юрган юртдошларимиз оз эмас. Бундай хатолар уларда ҳақли эътироз уйғотса-да, ўзлари истагандек тўғри талабнинг уддасидан чиқа олмайдилар. Чунки аксарият фуқаролар қонун ҳужжатлари ёрдамида муаммони ҳал қилиш мумкинлигини билишмайди.

Яқинда “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони билан тақдирланган Термиз шаҳрида истиқомт қилувчи Каҳрамон Бобоқулов Бобохонович (ҳужжатда Бабакулов Кахрамон Бабоханович) ҳам ҳамиша ана шу муаммога дуч келаётганини афсус билан таъкидлайди:

— Туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномамда худди шундай ёзилган. Нотўғри фамилия кейинчалик фуқаролик паспорти берилаётган вақтда ҳам сақланиб қолди. Ўша вақтда раҳматли ота-онам ҳам бунга эътибор бермаган. Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш бўлими ходимларининг ўзбек тилига нисбатан ҳурматсизлик билан қараши, қолаверса, чаласаводлиги мен каби қанчадан-қанча кишиларни бир умр асаббузарлик балосига гирифтор этмоқда. Паспорт бўйича ёзилиши шарт, деган талаб билан русчага “ўгирилган” исм-шарифим фарзандларим Сайёра, Саодат, Йўлдошнинг ҳужжатларида ҳам худди шундай ёзилган. Оила қурган қизларимнинг фамилияси никоҳдан сўнг ўзгарди. Ўғлимнинг, яъни невараларимнинг фамилиясини ўз ташаббусимиз билан “Қаҳрамонов” дея тўғрилашга муваффақ бўлдик.

Журналистнинг “дарди”

Ҳамкасбларимиз ўз иш жараёнида исм-фамилияси нотўғри ёзилган муаллифларга дуч келиб, унинг қўлёзмасини таҳрир қиладилар. Матнни газета ёки журнал талабига биноан, бир сидра кўриб чиққан ходим муаллифнинг исм-шарифи қайд қилинган жойда “таққа” тўхтайди. Балтабаева, Абдураззаков, Атамирзаев, Фархатов, Маджидова каби русчага “таржима” қилинган муаллифларни кўриб, уларнинг энсаси қотади. Ҳар қалай таҳририят ходими ўзбек адабий тили қоидаларига риоя қилинишини ёқлаган ҳолда, муаллиф исм-шарифини тўғрилаб қўйишни ўзининг касбий бурчи, деб билади.

— Навоий вилояти ҳокимлигининг “Дўстлик байроғи” газетасида 10 йилдан бери ишлайман, — дейди Нигора Рўзиева. — Чет муаллифлардан почта ва электрон манзил орқали жўнатилаётган мақолаларни имкон қадар газета саҳифасида эълон қилиш тарафдоримиз. Улар орасида турли ёшдаги муаллифлар бор. Айниқса, катта авлод вакиллари қўлёзмасига ҳурмат билан қараб, агар телефон рақамлари ёзилган бўлса, розилиги билан исм-шарифини ўзбекчага мослаб тўғрилаймиз.

Яқинда вилоят божхона бошқармаси тадбирига бордим. Соҳа ходимидан интервью олиб, исм-шарифини сўрадим. Аблакулов экан, ён дафтарчамга Облоқулов деб тўғрилаб ёзганимни кўрган ҳалиги киши “Фамилиям Аблакулов, паспорт бўйича кетсин” дея қаршилик билдирди. Начора, кейинчалик низо туғилмаслиги учун баъзан кўнглимиз буюрган тўғри ишни қила олмаймиз.

Аслида, бунинг имкони бор

Шахсни тасдиқловчи ҳужжат — паспорт, туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома ҳар бир инсонга ҳамиша керак. Фуқаро таълим олиш, ишга кириш, шифохонада даволаниш, хорижий давлатларга чиқиш, мерос расмийлаштириш ва бошқа барча ҳолатларда ўз ҳужжатини ёки унинг нусхасини тегишли жойга тақдим этади. Афсуски, нотўғри ёзилган бўлса-да, исм-фамилияни ўзгартиришга ҳуқуқ-тартибот органлари қатори бошқа идора ходимлари ҳам ботина олмайди, шу тариқа хатолик давом этаверади. Ҳужжатида исм-шарифи русча ёзилган юртдошларимиз бу муаммодан халос бўлиш учун кимга, нима деб мурожаат қилиши керак?

— Ҳуқуқшунослар иш жараёнида бу ҳолатга ҳар қадамда дуч келишади, — дейди Самарқанд шаҳридаги 13-нотариал идорасининг катта нотариуси Лола Нарзуллаева.

— Мерос, мулк расмийлаштириш, ҳужжатини тасдиқлатиш масаласида мурожаат қилувчи Газиев, Джураев, Аккузиев, Халтураев, Жанкабилов, Тухтаходжаев, Ахбаева, Юлдашева каби фамилиялар билан яшаб келаётган фуқаролар қабулимизга киришади.

Турли масалаларда нотариал идорага қилинган мурожаатларни айрим ҳолларда рад этишга мажбур бўламиз. Чунки отасининг фамилияси Джураев бўлса, ўғлиники Жўраев тарзида тўғрилаб ёзилган бўлади. Икки хиллик кейинчалик муаммо туғдирмаслиги учун ҳужжатни расмийлаштира олмаймиз. Фуқаролик судлари орқали бу юридик фактни ҳал қилиш бўйича қарор қўлимизга теккачгина шахс ҳужжатлари расмийлаштирилади. Аслида, “Фуқаролик процессуал кодекси”нинг 283-моддасида юридик аҳамиятга эга бундай ҳолатларни қандай ҳал қилиш юзасидан кўрсатма бор. Бунинг учун елиб-югуришга ҳафсала керак, холос.

Хулоса шуки, кўтарилган муаммо ижтимоий-сиёсий аҳамиятга эга. 1989 йилда қабул қилинган “Давлат тили тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига кўра, адабий тил меъёрларига ҳар қандай ҳолатда риоя қилиниши керак. Қолаверса, исм-фамилиянинг давлат тили талабларига зид равишда ёзилиши ҳар бир фуқаро шахсига нисбатан ҳурматсизлик ҳисобланади. Бас, шундай экан, “собиқ иттифоқ” давридан бошлаб давом этиб келаётган қусурни тугатишга ҳукумат даражасида эътибор қаратилиши халқимиз манфаатларига тўла маънода мосдир.

Ҳулкар КУЗМЕТОВА.

Манба: “Nuroniy” газетаси