“ЭРИНГ ЎЛСА, УЙ БЕРАМИЗ!” турмуш ўртоғи хаста, бошпанасиз қолган аёлга мутасаддилар шундай дейишди

2019-08-12T11:53:19+05:0022 Aprel, 2019|Ҳафта мақоласи|

1979 йилда Тошкент вилояти Зангиота туманида Ўрта овул шошилинч тез тиббий ёрдам маркази ишга тушган. Бир йил илгари туман марказида замонавий шошилинч тез тиббий ёрдам маркази қурилиб, мазкур шифохона янги жойга кўчирилди. Унинг ўрни эса айни пайтда каттагина харобага айланган.

Тўғри, битта биноси 17-қишлоқ оилавий поликлиникаси учун қолдирилган. Лекин бу поликлиника аҳолини тўлиқ қамраб ололмаяпти. Шу ерда яшовчи фуқароларнинг айтишича, янги шифохонага олиб борилган, ётиб даволаниши керак бўлган беморлар жой бўшаши учун ҳафталаб навбат кутишга мажбур. Поликлиникада эса фақат кундузи ётиб даволаниш учун шароит бор, холос.

O’zLiDeP Зангиота туман Кенгаши ходимлари билан ҳудудни ўргандик. Чиндан ҳам бир йил олдин барча касалликларни даволаш имконига эга бўлган шифохона ҳозир ачинарли аҳволда. Атроф ахлатхона. Баҳор келгани учун дарахтлар уйғонган, шифохонанинг боғи кўм-кўк тусга кирган. Бироқ бу ҳам унинг аянчли аҳволини яшира олмайди. Шифохона ҳудудига бошқа томондан кирганда замонавий талаблар асосида таъмирланиб, одамларни қабул қилаётган поликлиника ҳавасингизни келтиради. Орқа томони эса…

«Шифохонамизни қайтаринг!»

– Асосий шифохона кўчгандан кейин мана шу поликлиника таъмирланиб, фойдаланишга топширилди, – дейди поликлиника бўлим мудири Нодира Қўзиева. – Ҳудудимиз катта. Тасарруфимизда 23 минг нафарга яқин аҳолиси билан 8 та маҳалла бор. 10 та кундузги ўрнимиз барча талабларга жавоб беради. Аммо ётиб қолишга мўлжалланмаган. Шифохонанинг қолган бинолари туман тиббиёт бирлашмаси ҳисобидан чиқарилиб, ҳокимлик балансига ўтказилди. Айни пайтда 46 нафар ходим билан имкон қадар аҳолига хизмат кўрсатяпмиз.

Нодира опа ҳамроҳлигида ташландиқ шифохонанинг бошқа ҳудудларини ҳам кўздан кечирдик. Сўнг маҳаллалар аҳолиси билан суҳбатлашдик.

– 92 ёшдан ошган онам бор, – дейди «Обод турмуш» маҳалласида яшовчи Қаҳрамон ота Маъруфжонов. – Ўзим ҳам пенсиядаман. Кексалик ўз таъсирини кўрсатиб, онамиз тез-тез оғриб туради. Илгаридан юраги сиқиб турадиган эди. Ўзимизнинг шифохонада бу касалликни даволайдиган врачлар ҳам бўларди. Қачон тоби қочса, шу ерда даволатардик. Шифохона кўчгандан кейин қийналиб қолдик, болам. Бир сафар оғриганда янги шифохонага олиб бордик. Жойларнинг барчаси банд экан. Кейин мажбур бўлиб, Янгийўл туманидаги хусусий клиникага ётқиздик. Ўзингиз биласиз, хусусий клиникаларнинг нархи қимматроқ. Ҳа, деб у ерда даволатиш оғирлик қиляпти.

Ҳудудда яшовчи Алишер ота Шералиевнинг айтишича, ҳатто, туғуруқдан олдинги махсус тиббий муолажа олишга, ётиб даволанишга борган келинига жой тополмаган.

– Кейин бошқа шифохонага олиб бордик, – дейди Алишер ота. – Бу ерда рўйхатда турмаслигини айтиб яна қайтаришди. Мажбур пойтахтга олиб бордик, анчагина маблағ сарфладик. Энди ўйлаб кўринг, туғиш вақти келган бўлса-чи? Бошқа шифохонага улгурмай қолса-чи? Ўзим ҳам Афғонистонда хизмат қилганман. Тез-тез чақириб, кўрикдан ўтказиб туришади. Янги шифохона узоқ. Кейинги пайтларда ҳамма чақирганларига ҳам боролмаяпман.

Туман аҳолиси 200 минг нафардан зиёд. Битта шифохона уларни тўлиқ қамраб ололмаётган бўлса, тайёр шифохонани таъмирлаб, одамларнинг оғирини енгил қилиш қийинмикан? Ёки битта туманда иккита шифохона бараварига иш юритса, бунинг нимаси ёмон?

– Янги шифохона барча талабларга жавоб беради, – дейди “Обод турмуш” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Ҳикмат Абдуллаев. – Замонавий тиббий жиҳозлар билан таъминланган. Аммо талаб анча юқори. Айниқса, бугунгидай фасл алмашинуви пайтида кўпгина касалликлар қўзғалади. Шуларни ҳисобга олиб, мутасаддиларимиздан ҳудудимиздаги тайёр шифохонани қайта ишга туширишларини сўрардик. Одамлар шу масалада идорамизга ҳам ёрдам сўраб келмоқда.

– Мурожаатлардан сўнг ҳудудни ўрганиб чиқдик, – дейди O’zLiDeP Зангиота туман Кенгашинингташкилий масалалар бўйича раис ўринбосари Илҳом Икромов. – Айни пайтда шифохонанинг четроқ биноларининг бир-иккитаси таъмирланиб, бешта ногиронлиги бўлган оилага уй сифатида берилган. Бу ҳам савобли иш. Лекин, улар атрофи ахлат уюмлари билан ўралган жойда яшамоқда. Тўғри, уларнинг ҳолидан поликлиника шифокорлари мунтазам хабардор. Барибир улар бир умр шу аҳволда яшамайди-ку.

Шифохона ҳудудини кўздан кечираётганимизда бинонинг ўртасидан эшик очилиб, қўлида супурги билан бир аёл чиқди. Бу ерда одам яшаётганига ишонолмай, жувонни суҳбатга тортдик.

Ҳар бир дақиқа ғанимат…

Шаҳноза Омонова. Асли зангиоталик бу аёл фалакнинг гардиши билан чирчиқлик сил касалига чалинган йигитга турмушга чиқади. Ижарама-ижара яшаб юришади. Бир ўғил, бир қизни дунёга келтиради. Кейинги йилларда эрининг касали зўрайиб, ишга яроқсиз бўлиб қолган. Уй-жой сўраб, бир неча бор мурожаат этишган. У пайтлар касаллик ҳали зўраймаган эди. Булардан-да муҳтожлар борлиги ҳисобга олиниб, Чирчиқдан уй берилмайди. Касаллик зўрайиб кетгандан кейин аёлнинг доимий яшаш жойи ҳисобга олиниб, Зангиота туман ҳокимлиги ўз қарамоғига олади. Шунинг учун айни пайтда бу оилага вақтинчалик шу ердан жой қилиб беришади.

Оиланинг аҳволи чиндан ачинарли, эрининг касали етмагандай чамаси уч ёшли ўғлида ҳам шу касаллик аломатлари аниқланибди. Тезда ёрдам берилмаса, оиланинг қолган аъзоларига ҳам юқиши ҳеч гап эмас. Чунки улар бир уйда яшайди, бирга овқатланади, бир ҳаводан нафас олади.

– Булардан бўшаб бир иш қилолмайман, – дейди Ш.Омонова кўзида ёш билан. – Ҳатто, ҳужжат йиғишга ҳам вақт тополмаяпман. Соғ боламни онамникига ҳам оборолмайман. У ердаги шифокорлар бунга рухсат бермайди. Уйга ҳам кирмасдан кўчадан сўрашиб қайтаман. Эримнинг қариндошлари ҳам орани узиб юборишди. Суянадиган ҳеч кимимиз қолмади. Бир ўзим улгуролмаяпман. Шифохонага ётишга эса умуман имконимиз йўқ.

Нодира Қўзиеванинг айтишича, бу касаллар алоҳида яшаши керак. Эркакнинг касали деярли охирги нуқтасига етган. Болани эса даволаса бўлади. Кўз олдимизда икки норасида ўйнаб ўтирибди… Улар ҳеч нарсани ўйламайди…

Ҳозирча улар шунга мажбур. Хонада иситиш мосламаси, музлатгич ҳам йўқ. Маҳалла-кўй, одамлар қарашиб турибди, бироқ булар тез-тез ва кучли овқатланиши керак. Муҳими, маҳсулотлар эскирмаган бўлиши керак. Шуларни ҳисобга олиб, партия фаоллари оила уй билан таъминлангунга қадар ҳомийлар ёрдамида музлатгич ва иситгичлар олиб берадиган бўлди.

– Иложсизликдан қайта-қайта мурожаат қиляпмиз, – дейди бемор Хирожиддин Омонов. – Охири тумандаги мутасаддилардан бири: «Сен тириксан-ку! Агар сен ўлсанг оилангга уй ажратилади», деди. Кимнинг қачон кетиши бандасининг қўлида эмас-ку! Айтинг, ким ҳуқуқ берган унга бундай гапни айтишга?.. Ўлимимга ҳам розиман, бироқ мен ўлгунча бутун оилам касалланмаслигига ким кафолат беради?

Мақола тайёрланиш жараёни бироз чўзилгани сабабли, қўнғироқ қилиб оиланинг аҳволини яна бир бор сўрадик. Партия фаоллари ҳомий топиб, хонадонга иккита иситгич етказиб беришибди.

– Куни кеча яна туманга бордим, – дейди Ш.Омонова. – Мутасаддилар менга «ишламасанг сенга уй берилмайди» дейишяпти. Фарзандларимни болалар уйига топшириб бўлса ҳам ишлашим керак экан. Акс ҳолда банк менга кредит бермас экан. Камига, эрим ўлсагина, уй берилишини эшитиш… Ишонинг, бу гапларни айтиш она учун жуда оғир. Сайёр қабулда Президент девонидан келган ходим аҳволимни билгандан кейин ҳомийлар ёрдамида уй ажратилиши мумкинлигини айтган эди…

Ўша пайтда тумандаги мутасаддилар ҳам тез орада бу масала ҳал этилишини айтишган. Чунки ҳозирнинг ўзида «мана сенга уй» дейиш ҳеч кимнинг қўлидан келмайди. Оиланинг ёлғиз қаровчиси эса рўзғордан ортмайди. Оила аъзолари учун эса ҳар бир кун, ҳар бир соат ғанимат…

Шифохонанинг тақдири одамни бир ташвишга солса, бу оиланинг аҳволи ўн чандон ўйлантиради. Умид қиламизки, бу масалалар Тошкент вилояти ҳамда Зангиота тумани раҳбарияти эътиборидан четда қолмайди. Чунки бугун Президентимиз талаб қилаётган бош мақсад – одамларнинг оғирини енгил қилиш!

Нуриддин УБАЙДУЛЛАЕВ,

«Жамият» мухбири.

Манба:“Жамият” газетаси