Маънавий эҳтиёж

2019-08-12T11:54:00+05:0029 Mart, 2019|Ҳафта мақоласи|

Давлатимиз раҳбари раислигида шу йилнинг 19 март куни ўтказилган видео­селектор йиғилишида кўплаб муҳим масалалар билан бир қаторда ёшлар тарбиясига оид масалага ҳам алоҳида эътибор қаратилди.

Беш муҳим

ташаббуснинг бири

Таъкидланганидек, турли зиддиятлар кучайиб бораётган бугунги кунда ёшларимизнинг маънавий иммунитетини мустаҳкамлаш, бўш вақтини мазмунли ўтказишини таъминлаш ҳар қачонгидан долзарб эканини даврнинг ўзи кўрсатиб турибди. Шу боис Президентимиз ижтимоий, маънавий-маърифий соҳалардаги ишларни янги тизим асосида йўлга қўйиш бўйича илгари сурган беш муҳим ташаббус ғоят муҳим аҳамиятга эга. Шулардан бири — ёшлар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилишга қаратилган.

Айни масалада тизимли ишлар йўлга қўйилиб, ўтказилаётган турли танловлар, қизиқарли тадбирлар ўз мевасини бера бошлади. Эндиликда қамровни кенгроқ олиш назарда тутилаётир. Буюк аллома бобомиз Абу Райҳон Беруний таъбирларидек, илмсиз кишининг кўнгли хурофотга мойил бўлади. Бугунги даврнинг энг муҳим вазифаси ёшларни илмсизликдан асрашдир. Китобхонликнинг давлат сиёсати даражасига кўтарилиб, давлатимиз раҳбарининг келажак авлод маънавий дунёсини бойитишга алоҳида аҳамият бераётгани замирида ҳам ушбу мақсад мужассам. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 13 сентябрда эълон қилинган “Китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарқиб қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тўғрисида”ги қарори ана шундай хайрли ишларда муҳим омил бўлмоқда.

Муқаддас динимиз манбалари ҳам илмли бўлишга ундайди. “Бир соат илм ўрганиш бир кечалик ибодатдан яхшидир”. “Садақанинг афзали мусулмон кишининг илм ўрганиб, сўнг бошқа мусулмон биродарига ўргатишидир”. “Илм – Муҳаммаднинг (С.А.В.), бойлик эса Фиравннинг мероси” каби ҳикматларни кўпчилик яхши билади. Улардаги мазмун-моҳиятни фарзандларига ўргатиш ҳар бир мўмин-мусулмон учун ҳам фарз, ҳам қарздир.

Дорилфунун яратган уста

Китобхонлик ҳақида гап кетганда карманалик Бурхон Жўраевнинг кичик ҳовлисидаги каттакон кутубхона кўз ўнгимдан ўтади. Асли касби оддий уста — монтёр бўлган, камтар, камсуқум бу инсоннинг китобни фарзандидек ардоқлаши кишини ҳайратга солади. Унинг шахсий кутубхонасида олти мингдан зиёд китоб бор. Аксарият мактаблар кутубхона фонди бундан кам. Мутолаа истовчи борки, унинг хонадонига келиб-кетиб туради. Кўпинча ёшлар унга шундай савол беради: шунча китобни қандай қилиб, неча йилда йиққансиз?

— Болалигимдан китобга меҳрим тушган, — дейди у. — Ўша пайтда ҳозиргидек сотиб олиш учун имкон бўлмаган. Кейинчалик мактабни битириб, ишга кирдим. Ўзим ишлаб пул топа бошлагач, янги китоблардан сотиб олиб, ўқий бошладим. 60-йиллардан бошлаб тўплаган китобларим бор. Қаерга бормай, биринчи бўлиб китоб дўконига кираман. Буларнинг айримларини қайта-қайта ўқиб чиққанман. Бир донишманд китоб йиқиш дорилфунуннинг ўзгинаси, деган экан. Мен ёшлигимда олий даргоҳда ўқий олмадим, аммо ўзим учун дорилфунун яратдим. Ундан сизлар ҳам фойдаланаётганингиз мени қувонтиради…

Хонадаги жавонларда терилган ўзбек классик адабиёти намоёндаларидан то ўнлаб жаҳон адабиёти йирик вакилларининг том-том асарлари, энциклопе­диялар, изоҳли луғатлар, саломатлик, касб-ҳунарга оид қўлланмалар, Низомий Ганжавийнинг 5 томлик, Алишер Навоийнинг 20 томлик, Абу Али ибн Синонинг 10 томлик, Толстойнинг 12 ва 14 томлик, Салтиков Шчедриннинг 10 томлик асарлари тўплами кўзни қувонтириб туради.

Қарангки, китобга ошно бўлиш учун касбнинг ҳам, моддий аҳволнинг ҳам аҳамияти йўқ экан. Бу нафақат ёшларга, катталарга ҳам ибрат бўлгулик фазилат эмасми?!

Бирни кўриб фикр қил…

Кўпинча китобсеварлар камайиб бораётганига кундан-кун янгиланаётган ахборот техноло­гиялари, интернет сабаб қилиб кўрсатилади. Унда дунё­нинг ривожланган мамлакатлари китоб дўконларида нега охири кўринмайдиган навбатлар кузатилмоқда? Мутахассисларнинг маълумотига қараганда, аслида, китобхонлик даражаси бутун дунёда пасайиб бораётгани ҳақидаги фикрлар ҳам бор. Аммо бунга қарши чоралар кўрилган ва яхши самара бермоқда.

Масалан, Францияда китобхонлик, мутолаа байрами жуда кенг миқёсда ўтказилади. 1989 йилдан бошлаб нишонланиб келинаётган бундай улкан байрам анча пайтгача муҳим саналар қаторида календарга киритилиб, мамлакат маданий ҳаётида катта воқеага айланган. Ҳар йили октябрнинг иккинчи ярмида ўтказилади. Уч кун давом этадиган ушбу тадбир доирасида ёзувчи, шоирлар билан учрашувлар, янги асарлар тақдимоти, китоб ярмаркалари, марафонларидан ташқари, яхши анъана бор — ҳамма бир-бирига китоб совқа қилади. Қисқаси, ана шу уч кун аҳоли бадиий олам билан яшайди.

Буюк Британияда эса 2008 йилда “Миллий китобхонлик йили” деб эълон қилинди. “Оилада биргаликда ўқиш” шиори остида кўплаб тадбирлар ўтказилди. “Кутубхонага аъзо бўлиш кампанияси”да ота-оналар фарзандлари билан бирга маҳаллий кутубхоналарга жалб қилинган бўлса, “Уйқу олдидан ўқиш” тадбири оила аъзоларининг барчасини китобхонликка ундайди. Мамлакатдаги китобхонлик бўйича агент­лик ўсмирлар дунёқарашини кенгайтириш, китоб танлаш ҳамда ўқишга қизиқтириш учун махсус веб-сайт яратган ва унда сара асарлар бериб борилади.

Финляндиядаги кутубхоналар тизими кишини янада ҳайратга солади. Хизмат кўрсатиш ва қулайлик даражаси ғоят юқори. Бу — давлат ва жамоатчиликнинг кутубхоналарга алоҳида эътиборидан далолат. Мамлакатнинг 80 фоиз аҳо­лиси мазкур хизматдан унумли фойдаланади. Ҳар бир кутубхона ўзига хос дизайнга эга ва махсус логотипи билан маш­ҳур. Муҳими, барча кутубхоналар хизматидан, интернетдан бепул фойдаланиш мумкин.

Қисқаси, бундай мисоллар кўп. Энди дунё китобхонлик даражаси бўйича ўтказилган рейтингларга эътибор берайлик. “NOP World” ташкилоти мутахассислари ўтган йили ўтказган тадқиқот-сўров ёрдамида кишилар бир ҳафтада ўртача қанча вақтини ўқишга сарфлаши аниқланган. Кучли тўққизталик орасида Ҳиндистон китобсеварлари биринчи ўринни эгаллаган. Улар ҳафта давомида ўн соат вақтини ўқишга сарф­лар экан. Рейтингда Таиланд аҳолиси иккинчи (тўққиз соат), хитойликлар учинчи (саккиз соат) ўринда турибди. Кейинги ўринлар Филиппин, Миср, Чехия, Россия, Швеция, Венгрияга насиб этган.

 

Ўзимизда-чи,

аҳвол қандай?

Бизда бундан ҳам кўпроқ вақтини ўқишга сарфлайдиганлар бор. Бу ҳақда юқорида бироз тўхталдик. Китобсеварликка пойдевор, аслида, оилада қўйилади. Келинг, кейинги босқич — қуйи поҚона ўқув даргоҳларидаги аҳвол билан ҳам танишиб кўрайлик.

— Мактабимиз 2007 йилда ташкил топган. ўша пайтда кутубхонамизда бирорта ҳам бадиий китоб йўқ эди, — дейди Учқудуқ туманидаги 20-умумтаълим мактаб директорининг ўринбосари Марҳабо Сафарова. — Ўар йили март ойида “Мактаб — кутубхона — оила — жамоат ташкилоти” хайрия марафонини ўтказа бошладик. Ҳомий ташкилотлар, ота-оналар кутубхона фондимизни бойитишга анчагина ҳисса қўшди. Айни вақтда бадиий китобларнинг ўзи уч минг нусхадан ошди. Жорий йилдаги марафонда ўн миллион сўмдан зиёд маблағ тушди. Тадбир доирасида “Бир болага — уч китоб”, “Фарзандимга китоб олиб бераман” акциялари ўтказилади ва фаол ўқувчиларга китоб тақдим этилади.

Мактабимизда яна бир анъана йўлга қўйилган. Пайшанба, жума кунлари дарс бошланишидан ярим соат аввал “Китобхонлик соати” деб эълон қилинган. Бу жуда қизиқарли. Ҳар бир ўқувчининг қандай китоб ўқиётгани аниқланади ва унинг мазмунини сўзлаб беришади. Кейинги гал ўқитувчи бирор янги асар ҳақида маълумот берса, бошқа сафар бирор асар ўқилиб, муҳокама қилинади. Бундан ташқари, ҳар ой “Энг китобхон ўқувчи” аниқланиб, унга махсус вемпел топширилади. Саф йиғилишида минг­дан зиёд ўқувчи, юздан ортиқ ўқитувчи олдида ушбу вемпелни қўлга киритган ўқувчига тенг­дошлари ҳавас қилади ва унга ўхшашга интилади. Мақсадимиз ҳам шу, аслида. Бошланғич синфларда эса “Китобхон ўқувчи ва ўқитувчи” танлови ўтказилади. Унда тўрт ўқувчи синф раҳбари билан бирга қатнашади. Баҳс ғоят қизғин бўлади. Бундай уринишларимиз ўз самарасини беряпти, албатта.

Ўтган йили “Бобом-бувим, отам-онам — мен китобхон” кўрик-танловининг республика босқичида 8-синф ўқувчиси Маржона Мардонова оиласи билан қатнашиб, учинчи ўринни эгаллади. 2018 йил сўнггида Учқудуқ туман халқ таълими томонидан илк бор ташкил этилган “Энг яхши китобхон раҳбар” кўрик-танловида эса директоримиз Насиба Рўзиева биринчи ўринни қўлга киритиб, барчамизга ўрнак бўлди. Туман миқёсида ўтказилган яна бир “Энг китобхон ота-она” танловида тарих фани ўқитувчиси Нодира Маҳмудова “Энг билимдон китобхон” номинациясига муносиб кўрилди. Буларнинг барчаси яхши, китобхон ўқитувчи ва ўқувчиларимиз кўп. Аммо бир холдан кўнгил тўлмайди. Биз севиб ўқиётган асарлар асосан ўн тўққизинчи, йигирманчи аср адабиёти вакиллари қаламига мансуб. Бугунги замондош ёзувчиларимиз-чи?.. Уларнинг сара асарлари нега кенг тар­ғиб қилинмаётир?..

 

Ҳар неки кўнгулда бор –

тилга сурма”

2017 йил 3 август куни давлатимиз раҳбари юртимиз ижодкор зиёлилари вакиллари билан учрашувда сўзлаган нутқида ўзбекистонда адабиёт ва санъат, маданият, оммавий ахборот воситалари, маънавият ва маърифат бизнесга айланмаслиги керак ва бунга йўл қўймаймиз, деб барчани ҳушёрликка чақирган эди. Бу даъват бежиз эмаслигини ҳаммамиз яхши англаймиз. Сара асарларга эҳтиёж борлиги ҳақида гап кетар экан, уларнинг ўрнини эгаллашга уринаётган “бозор адабиёти”ни ҳам эслашга тўғри келади. Кўп таъкидланаётганидек, бугун китоб чиқариш масаласида ҳам муаммолар йўқ эмас. Ҳозир ҳатто мактаб ўқувчиси учун ҳам бу иш чўт эмас. Аллақачон уч-тўртта “китоби”ни чоп эттириб, ўзини ёзувчи ё шоир санайдиган ёшлар кўпайиб қолди. Уларнинг тенг­дошларида эса, демак, китоб чиқариш, у қадар мураккаб иш эмас экан, деган жўн хулоса шакл­ланиб улгурмоқда. “Сўзни кўнгулда пиш­қармагунча тилга келтирма, Ва ҳарнеки кўнгулда бор — тилга сурма”, дейди ҳазрат Навоий. Буюк мутафаккирнинг биргина сўзга бўлган талабига эътибор беринг, уни сўзловчи учун қанчалик заковат, фаросат зарурлигини уқтирмоқда. Минг афсус, бутун бошли китобларни чоп эттириб, ана шу масъулиятни зиммасига олмаётган “ёзувчилар” бор.

Аслида, бу гаплардан нима наф? Ушбу бадиий-нобадиий жараёнга холис назар солиш вақти етмадими? Кунига уч маҳал овқатланиш — жисмоний эҳтиёж, уни қондирмасак, силламиз қу­рийди. Лекин бошқа жонзотлардан фарқли ўла­роқ инсонда маънавий эҳтиёж ҳам бор, бу — китобхонликдир.

Холида ФАЙЗИЕВА,

журналист.

«Hurriyat» газетасидан олинди.