Қачон ўйнаб гапирсак ҳам ўйлаб гапирадиган бўламиз?

2019-08-12T12:02:19+05:0026 Mart, 2019|Ҳафта мақоласи|

Бир қусуримиз бор: кўп ҳолларда ўз манфаатимизни жамият манфаатидан устун қўйиб, ўзимизни ҳақ, деб биламиз, ўзгаларни ноҳақликда айблаймиз.

Шу мақсадда нотўғри ахборот тарқатишдан ҳам ҳазар қилмаймиз. Масаланинг туб моҳиятига етмай туриб, турли миш-мишларга йўл очамиз. Бу одатимиз билан telegramm, facebook-у, турли ижтимоий тармоқларда учи-қуйруғи йўқ видеотасвир ёки суратлар билан ўзимизни жабрдийда қилиб кўрсатишга, глобал тармоқда дунё аҳлини чалғитишга уринамиз.

Ўтган дам олиш куни ижтимоий тармоқларни кузатаётиб, “Ўзбек тадбиркорлари кўчада қолиб, афғон фуқароларига бозор ўринлари сотилди” сарлавҳали хабарга кўзим тушиб қолди. Бундоқ ўқиб кўрсам, гап Термиз шаҳар марказий деҳқон (озиқ-овқат) бозори ҳақида. На исми-шарифи, на манзили кўрсатилмаган хабарда “янги бозор битмасдан дўкон эгалари билан қассобларни мажбуран бозордан ҳайдаб чиқараяпти. Ҳали битмаган бозорга қандай кўчамиз? Бунча гўшт ва озиқ-овқат маҳсулотлари сасиб кетади”, “Бозор ярмини ҳали янги бозор битмасдан Афғонистон фуқароларига сотиб юборишди”, деган жумлалар бор. Энг қизиғи бу хабарга қўшимча қилиб, бозордан учи-қуйруғи йўқ видеолавҳа ва фотосуратлар ҳам эълон қилинган…

Хўш, тадбиркор ва қассоблар номидан ёзилган бу шикоят аслида ўринлими? Ёки ҳозирги бозор ва ундаги дўконлар ёнғин хавфсизлиги, фавқулодда ҳолатлар, санитария қоидалари ва бошқа талабларга жавоб берадими? Термизда аҳолига хизмат кўрсатаётган бозор мавжуд бўлса, нега яна бозор қуришга эҳтиёж сезилди? Ёхуд мурожаатчилар ёзганидек, бу ҳолат жорий йил 5 апрелда Термиз шаҳрида бошланадиган “Халқаро бахшичилик санъати фестивали” билан боғлиқми? Шу каби саволларга жавоб олиш учун маҳаллий ҳокимлик ва Термиз шаҳар марказий деҳқон (озиқ-овқат) бозори мутасаддиларига мурожаат этдик.

– Бозор талабга жавоб бермай қолганини ўзингиз ҳам кузатган бўлсангиз керак, – дейди Термиз шаҳар ҳокими ўринбосари Ғ.Эломонов. – Президентимизнинг 2017 йил 27 мартдаги “2017-2019 йиллар даврида деҳқон бозорларини реконструкция қилиш ва уларнинг ҳудудида замонавий савдо мажмуалари қуриш дастурини тасдиқлаш тўғрисида” ги қарорига мувофиқ тегишли ташкилотлар ҳам бозорнинг ҳолатини ўрганиб, ўз хулосаларини берган. Унга кўра, бозор ёнғин хавфсизлиги, фавқулодда ҳолатда техникаларнинг кириб, чиқиши ва санитария қоидалари талабларига жавоб бермайди. Техник жиҳатдан яроқсиз бўлиб, талабга жавоб бермай қолган. Шунга мувофиқ шаҳар ҳокими бозор ва унинг ҳудудидаги савдо, маиший хизмат кўрсатиш ҳамда умумий овқатланиш биноларини бузиш тўғрисида қарор қабул қилган. Ўтган даврда шаҳар ҳокими қарори ижросини таъминлаш учун узлуксиз огоҳлантиришларга қарамасдан, тадбиркорлар биноларни бўшатмаётир. Бунинг натижасида шу ерда бунёд этилиши режалаштирилган замонавий турар-жой биноси қурилиши кечикмоқда.

Шаҳар ободлиги ва халқ манфаатини кўзлаб амалга оширилаётган бу иш асносида Сурхондарё вилояти марказининг А.Навоий номли ва 7-7-лойиҳавий кўчалари кесишувидаги ҳудуддан янги бозор қурилиши учун 9,9 гектар ер майдони ажратилиб, кенг, кўркам, озода ва барча меъёрий талабларга жавоб берадиган “Яшил дунё” марказий деҳқон бозори қурилиб, ишга туширилди. Айни пайтда Термиз шаҳар марказий деҳқон (озиқ-овқат) бозори павильонларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари сотувчилари янги бозорда ўз фаолиятларини давом эттирмоқда. Бундан сотувчилар ҳам, харидорлар ҳам мамнун.

– Эски бозорнинг замонавий талабларга жавоб бермай қолганини харидор сифатида биз ҳам билардик, – дейди Термиз шаҳрида яшовчи меҳнат фахрийси, қурувчи Х.Тошпўлатов. – “Кисловодск” типидаги павильонлар эскириб, сувоқлари кўчиб қолган эди. Бундай чанг бўлиб турган жойда савдо қилишнинг ўзи санитария талабларига жавоб бермаса керак. Иккинчидан, тадбиркорларнинг дуч келган жойга енгил конструкцияли дўконлар қуриб, турли озиқ-овқат маҳсулотлари ва гўшт сотаётгани харидорларнинг эмин-эркин ҳаракатланишига ҳалақит берар эди. Гапнинг рости шу боис бу бозорга кириб, савдо қилишга кўп ҳам ошиқмас эдим.

Бозор маъмуриятининг айтишича, эски бозордаги иккита “Кисловодск” типидаги павильонларда 450 га яқин савдо растаси мавжуд бўлган бўлса, янги бозорда аҳолининг эркин савдо қилиши учун 743 ўринга эга йирик ва 250 ўринли кичик савдо растаси барпо этилган. Бундан ташқари, павильонларга мармар ва кафель ёпиштирилиб, замонавий санитария-гигиена шароитлари яратилган. Эски бозорнинг канализация қувурлари, электр энергияси узатиш кабеллари эскириб қолгани ҳам сотувчилару, харидорлар учун бир қатор муаммоларни кўндаланг қўяётган эди. Янги бозор бунёд этилиши билан бу масала ҳам ўз ечимини топди. Эски бозорда ўринлар етишмаслигидан деҳқонлар қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини йўлакларда ўтириб сотган бўлса, эндиликда улар мармар ва кафель ёпиштирилган замонавий расталарда савдо қилмоқда.

Мавриди келганда шуни ҳам айтиш лозимки, мутахассисларнинг фикрича, эски бозордаги икки қаватли ёпиқ бозор ҳам техник жиҳатдан яроқсиз ҳолга келиб, ёриқлар пайдо бўлган.

– Эски бозор ҳудудида 150 дан ортиқ бир қаватли ҳамда енгил конструкцияли озиқ-овқат ва бошқа халқ эҳтиёжи моллари дўконлари бор, – дейди Термиз шаҳар марказий деҳқон (озиқ-овқат) бозори масъулияти чекланган жамияти бошқаруви раиси Ш.Тўхтаев. – Уларнинг юздан ортиғини тадбиркорлар ижарага олиб, аҳолига хизмат кўрсатиб келаётган эди. Бу иншоотларни бузиш муддати келганига қарамай, уларнинг айримлари бу ерни бўшатиб беришни истамаяпти. Ваҳоланки, турли қишлоқ хўжалиги махсулотлари савдоси билан шуғулланаётган деҳқонлар мавжуд расталарга эгалик қилди. Аксарият қассоблар шу ерда савдо хизматини йўлга қўйди. Бозор атрофининг ўраш масаласига келсак, шаҳарнинг бош лойиҳасига кўра, бу ернинг бир қисмида кўп қаватли замонавий уйлар қурилиши режалаштирилган. Бу уйларни қуриш учун афғонистонлик тадбиркорлар билан келишув имзоланган. Улар ҳам кўп қаватли уйларни белгиланган муддатда қуриб топширишлари лозим.

Шу кунларда “Яшил дунё” марказий деҳқон бозорининг ер тўлали ёпиқ типдаги икки қаватли савдо мажмуаси ҳам қурилмоқда. Мажмуанинг кенг ер тўласида олтмишга яқин омборхона, 89 та хўжалик моллари ва улгуржи савдо фаолиятини амалга оширишга мўлжалланган савдо дўконлари, биринчи қаватда 50 дан ортиқ озиқ-овқат ва гўшт маҳсулотлари дўкони, 729 та қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари сотиладиган савдо расталари барпо этилаётир. Иккинчи қаватда 139 та нозиқ-овқат маҳсулотлари савдо дўконлари, иккита овқатланиш шохобчаси қад ростламоқда. Қурувчилар мазкур мажмуани тезроқ фойдаланишга топшириш чораларини кўрмоқда.

Хуллас, биз тегишли мутасаддиларга учрашиб, бозордаги тадбиркорлар кўчирилишининг асосли сабаблари борлигини кузатдик. Бу масаланинг жорий йил 5-10 апрель кунлари Термиз шаҳрида бўлиб ўтадиган “Халқаро бахшичилик санъати фестивали”га алоқаси йўқлигини ҳам таъкидлаб ўтмоқчимиз. Лекин, янги бозорда бўлганимизда айрим сотувчи ва харидорлар бу ерга йўналишли транспорт воситалари қатновини кўпайтириш таклифини илгари сурди. Ўйлаймизки, бу масала ҳам яқин кунларда ўз ечимини топади. Шундай экан, айтинг, кундан-кунга чирой очиб, хорижлик сайёҳларни ҳам ўз бағрига чорлаётган қадимий шаҳар номига “доғ” тушириш шу ерлик аҳолига, қолаверса мезбону-меҳмонларга хизмат кўрсатадиган тадбиркорларга кўпроқ зарар келтирмайдими?…

Холмўмин Маматрайимов, ЎзА