Икки авлод учрашуви

2019-08-12T12:02:28+05:0028 Fevral, 2019|Сирдарё вил.|

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Алиқул Хонимқуловни нафақат Сирдарё вилоятида, балки республикамизда қалам аҳли яхши билишади. Унинг босиб ўтган ҳаёт йўли ёшлар учун—ибрат мактаби. “Ўзим ўпай, кўзингдан, Ватан” китобидаги очерк ва эсселари эса ёш журналистлар учун муҳим қўлланма сифат ҳисобланади. Фахрий журналист пенсияда бўлса-да, ижтимоий ҳаётда жуда фаол. Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмаси вилоят бўлимининг “Маҳорат мактаби”, шунингдек, Боёвут туманидаги “Баркамол авлод” болалар марказидаги “Ёш журналист ва нотиқ” тўгараги аъзолари билан мулоқотлари бўлажак қаламкашларга ҳамиша яхши таассурот қолдиради.
Куни кеча Ўзбекистон Миллий университетида устоз журналист билан ижодий учрашув бўлиб ўтди. Мулоқот асносида А.Хонимқулов ҳаётий мисоллар орқали ёш журналист бугунги кунда нималарга эътибор бериши, мавзуни танлаши ва талқин қилиш каби масалалар хусусида сўз юритди. Суҳбат чоғида журналистика факультети декани Маҳлиё Мирсоатова, профессор Хуршид Дўстмуҳаммад, доцент Юсуф Ҳамдамов, таниқли публицистлар Р.Қўчқор, Ҳаким Сатторий,Муҳаммадали Аҳмадлар А.Хонимқуловнинг ўзига хос журналистик маҳорати ҳақида тўхталиб ўтдилар, шунингдек, бугунги кун журналистикаси учраётган муаммоларга оид ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.
Журналистика факультети талабалари бундай ижодий мулоқотлар учун ўзи хос маҳорат мактаби бўлиши, авлодлар учрашувига ҳар доим муштоқ эканликларин қайд этдилар.