«Сирли мижоз» тизими жорий этилади

2019-08-12T12:02:28+05:0026 Fevral, 2019|Наманган вил.|

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Наманган вилоят бўлими ташаббуси билан аҳолининг пенсия таъминотига оид ҳаётга татбиқ этилаётган ислоҳотлар мазмун-моҳиятига бағишланган матбуот анжумани ташкил этилди.
Бюджетдан ташқари пенсия жамғармасининг вилоят бошқармаси ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этган тадбирни вилоят журналистлари ижодий уюшмаси раиси М. Парпиев очиб, аҳолининг кенг қатламига пенсия соҳасида тушунтириш-тарғибот ишларини кучайтириш лозимлигини алоҳида таъкидлади.
Бугунги кунда вилоятда пенсия ва нафақа олувчилар 273 169 нафарни, шундан ёшга доир пенсия олувчилар 198 767, ногиронлик пенсияси олувчилар 30403, боқувчисини йўқотганлик пенсияси олувчилар 16 378, ижтимоий нафақа олувчилар 27 621 нафарни ташкил этмоқда. Бу вилоятдаги аҳоли сонининг 9, 9 фоизига тўғри келади.
Наманганда айни пайтда 3 678 нафар ишловчи пенсионерлар бор. Уларга жорий йил 1 январдан тўлиқ миқдорда тўланиши ҳисобига ойига 1. 7 млрд. сўмлик пенсия пуллари тўлиқ миқдорда тўланмоқда.
Вилоятда жорий йил пенсия тўловлари юзасидан кўплаб ишлар амалга оширилиши кўзда тутилаётир. Хусусан, ҳудудларда пенсия ва нафақаларни тайинлаш ҳамда тўлаш жараёнида коррупция ҳолатларини аниқлаш мақсадида «Сирли мижоз» тизими жорий қилинади.

Саида ИСМОИЛОВА,
Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси
вилоят бўлими мутахассиси