Навоийлик журналистлар Қорақалпоғистонга боради

2019-08-12T12:02:30+05:0020 Fevral, 2019|Навоий вил.|

Навоий шаҳридаги “Ёшлар маркази”да Уюшманинг вилоят бўлими томонидан “Давлат бошқаруви органлари ва оммавий ахборот воситаларининг ўзаро ҳамкорлиги: мавжуд ҳолат ва истиқболдаги вазифалар” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.
Бошқармалар, корхона ва ташкилотлар вакиллари ҳамда журналистлар иштирок этган тадбирда, вилоят адлия бошқармаси бошлиғи Ш.Баҳронов жамиятда ҳуқуқий онг ва тарбияни юксалтириш, бу борада эса адлия идоралари ҳамда ОАВ билан амалга оширилаётган ҳамкорлик хусусида сўз юритди. Шунингдек, Ўзбекистон Журналистлар ижодий уюшмаси вилоят бўлими бошқаруви раиси Ё.Умаров журналистларнинг давлат бошқарув органларидан ахборот олишдаги айрим муаммолари хусусида фикр билдирди.
Очиқ мулоқотда вилоят Давлат солиқ бошқармасининг ОАВ ва жамоатчилик билан алоқалар шўъбаси ходими Ж.Умрзоқов сўзга чиқиб, солиқ ислоҳотларини ёритишда журналистлар билан амалга оширилаётган ҳамкорлик хусусида гапирди. Матбуот хизмати ходими алоқалар вилоят телевидениеси ва газеталари билан яхши йўлга қўйилган бўлса-да, туман таҳририятлари билан ахборот алмашиш жараёни суст давом этаётганлигини айтиб ўтди ҳамда ҳамкорликни кучайтириш юзасидан ўз таклифларини билдирди.
Анжуман якунида Қорақалпоғистон Республикасининг Мўйноқ туманида Оролқум саҳроси ўрнида барпо этилаётган ўрмонзорларни ташкил этиш юзасида амалга оширилаётган кенг кўламдаги ишлар билан яқиндан танишиш мақсадида мазкур ҳудудга вилоят журналистларининг эко-медиа турини ташкил этиш масаласи кўриб чиқилди. Март ойида ушбу тадбирни амалга ошириш белгиланди.

Озод МУСТАФОЕВ,
Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси
Навоий вилоят бўлими мутахассиси.