Устоз журналист етмиш ёшни қарши олди

2019-08-12T12:03:04+05:0019 Fevral, 2019|Самарқанд вил.|

Самарқанд вилоят матбуот уйида вилоят ҳокимлиги, ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси вилоят бўлими ҳамкорлигида фахрий журналист Тошпўлат Раҳматуллаевнинг 70 ёшга тўлгани муносабати билан тадбир ўтказилди.
Тадбирни Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Самарқанд вилоят бўлими раиси Ф.Тошев олиб борди. Дастлаб Ф.Тошев отахон журналистни табриклаб, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси С.Ҳакимов имзоси билан юборилган Фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғасини матбуот фахрийсига топширди. Шундан сўнг, Самарқанд вилояти ҳокимининг ўринбосари Р.Қобилов сўзга чиқиб, вилоят ҳокими номидан юборилган ташаккурномани ўқиб берди ва эсдалик совғасини етказди.
Шунингдек, тадбирда сўз олган фахрий ва ёш журналистлар, вилоят адлия бошқармаси, вилоят ва шаҳар “Нуроний” жамғармалари вакиллари тажрибали журналистнинг ижодий фаолияти ҳақида тўлқинланиб гапирди, ўзларининг эсдалик совғаларини топширди.
Сўзга чиққанлар Т.Раҳматуллаевнинг дастлаб, Самарқанд давлат университетидаги олимлик ва кейинчалик журналист сифатида республикамиз матбуотида, ижтимоий тармоқлардаги фаол иштироки ҳар бир ижодкор учун ибрат намунаси эканлигини эътироф этди.
Бундан ташқари, Самарқанд шаҳрининг “Самарқанд” газетаси бош муҳаррири, “Ҳуррият”, “Фидокор” газеталарининг вилоят бўйича мухбири сифатида турли жанрларда қалам тебратиб, ҳамиша халқ дардини айтишга интилиб келгани, ҳозирда блогер сифатида эълон қилаётган долзарб мақолалари фахрий журналистнинг жамиятдаги камчиликларга бефарқ эмаслигини кўрсатиб туриши таъкидланди.
Ижодий тадбир бир пиёла чой устида давом этди, илиқ табриклар орқали қизиқарли воқеалар эсга олинди.

Ҳусан ЭЛТОЕВ,
Уюшма мутахассиси