Дастурлар ижроси таъминланишида журналистнинг ўрни

2019-08-12T12:03:07+05:0015 Fevral, 2019|Жиззах вил.|

Жиззахда “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастурининг ижроси, бу борадаги ютуқ ва камчиликлар, истиқболдаги вазифалар муҳокамасига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Инновацион ривожланиш, ахборот сиёсати ва ахборот технологиялари масалалари қўмитаси ҳамда Жиззах вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида ташкил этилган семинарда тегишли ташкилотлар раҳбарлари, марказий ва маҳаллий оммавий ахборот воситалари вакиллари, кенг жамоатчилик иштирок этди.

Тадбирда Президентимизнинг 2018 йил 7 июндаги “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастурини амалга ошириш тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида олиб борилаётган ишларнинг оммавий ахборот воситаларида ёритилиши муҳокама қилинди.

Ушбу масала юзасидан Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси С.Ҳакимов, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Р.Кушербоев, вилоят ҳокимининг ўринбосари Б.Тўхтамишев ва бошқалар сўзга чиқди. Муҳокамаларда юртимизда амалга оширилаётган жадал ислоҳотлар жараёнида оилавий тадбиркорликни ривожлантиришга қаратилаётган алоҳида эътибор халқимиз фаровонлигини оширишда юксак самаралар бераётгани таъкидланди.

Дастурга асосан тадбиркорлик билан шуғулланиш истагида бўлган оилаларни қўллаб-қувватлашда аниқ мақсадли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Бу жараёнда оилаларни тадбиркорликка фаол жалб этиш, уларнинг фаоллигини, ҳуқуқий билимини оширишга алоҳида эътибор берилмоқда.

Халқимиз турмуш фаровонлигини юксалтиришга қаратилган мазкур дастур бўйича амалга оширилаётган ишлар оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилаётгани оилаларни тадбиркорликка жалб этишда алоҳида аҳамият касб этмоқда.

Вилоятда 23 газета, 2 телеканал, 2 радио рўйхатга олинган. Бироқ, ушбу оммавий ахборот воситаларида “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури бўйича олиб борилаётган ишлар мунтазам ёритилаётган бўлса-да, бу йўналишдаги ютуқ ва муаммолар тўлиқ ўз аксини топмоқда, дейиш қийин.

Жараён ҳақидаги мақолаларда, ридиоэшиттириш ва телекўрсатувларда оилавий тадбиркорликни ривожлантиришда юзага келаётган муаммолар ва уларни ҳал этиш йўллари теран таҳлил қилинмаяпти.

Семинарда ОАВда оилавий тадбиркорликни янада кенг ёритиш бўйича таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.

Тадбир доирасида вилоятнинг Дўстлик тумани ҳокимлиги муассислигидаги “Дўстлик ҳаёти” газетаси таҳририятига Ўзбекистон Журналистлари уюшмаси ва Республика товар-хомашё биржаси ўртасида тузилган “Дўстлар клуби”нинг компьютер жамланмаси ва фаол журналистларга уюшманинг фахрий ёрлиқлари топширилди.