Журналистлар суд раисларини саволга тутди

2019-08-12T12:03:15+05:001 Fevral, 2019|Самарқанд вил.|

Самарқанд вилоят Матбуот уйида оммавий ахборот воситалари вакиллари учун вилоятдаги суд идораларининг 2018 йилдаги фаолияти якунларига бағишланган брифинг ўтказилди.
Тадбирни Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмасининг Самарқанд вилоят бўлими раиси Ф.Тошев олиб борди.
Унда жиноят ва фуқаролик ишлари бўйича вилоят судлари, вилоят иқтисодий суди, маъмурий суди раислари иштирок этди.
Жиноят ишлари бўйича вилоят суди раиси О.Ҳайитовнинг қайд этишича, 2018 йилда вилоят, туман ва шаҳар судлари томонидан 5 минг 324 шахсга нисбатан 4 минг 261 жиноят иши кўриб тамомланган. Шундан 3 минг 982 шахсга нисбатан 3 минг 59 иш бўйича айблов ва оқлов ҳукми чиқарилган. 1 минг 342 шахсга нисбатан 1 минг 202 жиноят иши тугатилган. Тамомланган ишлар сони 2017 йилга нисбатан 2 минг 500 тага (36,9 фоиз), шахслар сони эса 3 минг 107 тага (36,8 фоиз) камайган.
Вилоят иқтисодий суди раиси М.Бозоров 2018 йил давомида вилоят, туманлараро, туман (шаҳар) иқтисодий судлари томонидан 34 минг 774 иш кўриб чиқилгани ва бу 2017 йилга нисбатан 31 минг 450 тага кўпайганини қайд этди. Кўрилган ишларнинг 20 минг 120 таси маъмурий-ҳуқуқий муносабатларга, 14 минг 74 таси фуқаролик ҳуқуқий муносабатларга оид бўлган. Ҳал этилган ишлар бўйича даъвогарлар (аризачилар) фойдасига 691 миллиард 316 миллион сўм ундириш ҳақида суд ҳужжатлари қабул қилинган.
Вилоят маъмурий суди раиси Б.Диёров ўтган йил вилоят, туман (шаҳар) маъмурий судлари томонидан оммавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган 1 минг 420 маъмурий иш кўрилиб, уларнинг 1 минг 52 таси қаноатлантирилгани, 215 таси рад қилингани, 95 таси иш юритишдан тугатилгани, 58 иш кўрмасдан қолдирилганини маълум қилди.
Фуқаролик ишлари бўйича вилоят суди раиси М.Тожибоевнинг таъкидлашича, ўтган йил вилоятда 23 минг 746 фуқаролик иши кўриб тамомланган. Ушбу ишларнинг 21 минг 277 таси юзасидан ҳал қилув қарори чиқарилиб, 17 минг 911 даъво қаноатлантирилган, 3 минг 366 даъво рад этилган. Ҳисобот даврида кўрилган фуқаролик ишларининг 5 минг 781 тасини (24 фоиз) никоҳдан ажратиш ишлари ташкил этган. Ушбу ишларда 323 оиланинг ярашишига эришилган.
Тадбир якунида журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларга суд раисларидан атрофлича жавоб олди.

Ҳусан Элтоев,
Журналистлар уюшмасининг Самарқанд вилояти
бўлими етакчи мутахассиси