Ўсаров Олим Авалбоевич

2021-03-18T16:27:14+05:0014 Dekabr, 2018|Клуб ишчи гуруҳи|

Ўсаров Олим Авалбоевич 1973 йил туғилган.

Тошкент Давлат университетининг журналистика факультетини (1996), Тошкент Давлат юридик институтининг суд-прокурорлик факультетини (2002) тамомлаган. Ихтисослиги – журналист, ҳуқуқшунос. Филология фанлари номзоди, доцент. Икки чақириқ Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати (2005, 2010).

Иш фаолиятини Чирчиқ шаҳрида «Чирчиқ тонги» газетасини ташкил этишдан бошлади ҳамда таҳририятнинг мухбир, бўлим бошлиғи, масъул котиб лавозимларида хизмат қилди.

1995-2002 йилларда Ўзбекистон телерадиокомпаниясининг «Спорт» таҳририяти, «Маънавият» бош дирекцияси, «Сиёсат» бош муҳаририяти, «Ёшлар» телеканали гуруҳ раҳбари, продюсери лавозимларида фаолият юритди.

2002-2005 йилларда Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Матбуот хизмат раҳбари – «Ўзбекистон Республикаси Олий суди Ахборотномаси» илмий-амалий журнали ва «Куч-адолатда» газетаси таҳририятлари Бош муҳаррири лавозимларида ишлади.

Ўсаров Олим Авалбоевич икки марта Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати этиб сайланди (2005, 2010) ва парламентдаги энг ёш, тасаббускор депутатлардан бири сифатида қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш, уларни ҳалқаро ҳуқуқ нормаларига мослаштириш, амалга оширилаётган ислоҳотларнинг ҳуқуқий базасини такомиллаштиришга ўз ҳиссасини қўшди.

О.Ўсаров жамоат ишларида ҳам фаол. Жумладан, 2005-2009 йилларда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Норматив-ҳуқуқий атамалар комиссияси аъзоси, 2009-2014 йилларда Матбуот котиби вазифасини бажарди.

Ўсаров Олим Авалбоевич илмий ва педагогик фаолияти давомида Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети (2007-2013), Ўзбекистон миллий университетида (2015-2016) талабаларга сабоқ берди. Унинг 50 дан ортиқ илмий ишлари, ўнлаб китоблари нашр этилган.

О.Ўсаров Ўзбек кураши бўйича Халқаро тоифадаги ҳакам. Шунингдек, Ўзбекистон шахмат федерацияси Ижроия қўмитаси аъзоси.

Ўсаров Олим Авалбоевич Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмаси бошқаруви аъзоси.