“ЎзРТХБ” АЖ Қозоғистон-Ўзбекистон бизнес форумида иштирок этди

2019-08-12T12:08:36+05:001 Dekabr, 2018|Дўстлар клуби|

23 Май 2018

Жорий йил 22 май куни Қозоғистоннинг Чимкент шаҳрида Қозоғистон-Ўзбекистон бизнес-форуми ўтказилди. Мазкур форум орқали икки давлат тадбиркорлари ўзаро ишбилармонлик алоқаларини ўрнатишлари учун очиқ майдон ҳисобланади.

Тадбирда икки давлатнинг расмийлари, Ўзбекистон ва Қозоғистоннинг 400 га яқин тадбиркорлари, шунингдек, “ЕСТ” Товар биржаси” таклифига биноан “ЎзРТХБ” АЖ вакиллари ҳам иштирок этдилар.

Учрашув давомида савдо-иқтисодий муносабатларни янада ривожлантириш, икки давлат ўртасидаги товар айланмаси ҳажмини оширишга қаратилган ҳамкорликда ҳаракат қилиш масалалари муҳокама қилинди. Форум доирасида ишчи кенгашининг биринчи йиғилиши ўтказилди.

ЕСТ биржасининг экспорт маркази Ўзбекистон ва Қозоғистон биржалари ўртасидаги муносабатлар имкониятлари ва истиқболларини намойиш этди. Биржаларнинг форумда иштирок этишидан кўзланган асосий мақсад “ЎзРТХБ” АЖ ва “ЕСТ” Товар биржаси” АЖ ўртасида имзоланган келишув ҳақида маълумот бериш бўлди.

Хусусан, томонларнинг электрон биржа тизимини интеграциялаш бўйича тақдимот ўтказилди. Унда тадбиркорларнинг биржа савдолари орқали экспорт-импорт операцияларини амалга оширишида биржа механизмининг афзалликлари ва имкониятлари ҳақида маълумот берилди.

Форум якунига кўра, қатор йўналишлар бўйича ҳамкорлик муносабатларини янада ривожлантириш мақсадида қиймати 60 млн АҚШ долларидан ортиқ бўлган 8 та келишув имзоланди. Муҳокама иштирокчилари бизнес-форум Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги самарали муносабатларнинг давоми бўлишини таъкидладилар.