Ғозғон шаҳрида “Матбуот уйи” барпо этилмоқда

2021 йил 10 апрелда шаҳар рўзномаси — “Навқирон Ғозғон” газетасининг илк сони чоп этилган эди. Бугунги кунда ҳар ойда 3 маротаба мунтазам нашр этилмоқда. Шаҳар марказида барпо этилаётган “Матбуот уйи” биноси эса ҳудудни комплекс ривожлантириш борасидаги яна бир муҳим лойиҳалардан биридир.

— Объект яқин кунларда фойдаланишга топширилади, — дейди “Навқирон Ғозғон” газетаси таъсисчиси Элёр Эсанов. — Ушбу бинодан таҳририят ва шу билан бирга кичик босмахона ҳам ўрин олади. Ғозғонликлар — матбуотга қизиқувчи халқ. Газета ташкил этганимиздан буён аҳолининг бу борадаги фаоллигини кузатиб келаяпмиз.   

Айни пайтгача Навоий вилоятида фақатгина Навоий шаҳрида “Матбуот уйи” биноси мавжуд эди. Ғозғон шаҳридаги мазкур марказ эса вилоят ОАВ ривожида яна бир муҳим қадам бўлади.

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Навоий вилояти бўлими вакиллари “Навқирон Ғозғон” газетаси таҳририяти фаолияти ҳамда “Матбуот уйи” биноси қурилиш жараёнлари билан яқиндан танишди. Шунингдек, ўрганиш давомида таҳририят фаолияти билан боғлиқ айрим муаммоли масалалар ечимлари бўйича амалий чоралар кўрилди.

 ЎзЖИУ Навоий вилояти бўлими