Фахрий журналист 75 ёшини нишонлади

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Сирдарё вилояти бўлими томонидан уюшма аъзоси, фахрий журналист, I даражали меҳнат фахрийси “Дўстлик” ордени, қатор медаллар, кўкрак нишонлари билан тақдирланган Акбарали Мирзааҳмедовнинг 75 ёши тантанали нишонланди.

Тадбирда журналистни Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Сирдарё вилояти бўлими раиси Бойжигит Абдуллаев, “Университет овози” газетаси бош муҳаррири Мунаввар Пардаев, Гулистон давлат университети профессори, Равшан Маҳмудов, “Халқ сўзи” газетаси Сирдарё вилояти мухбири Аҳмадали Шерназаров, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Ҳолида Пардабоева муборакбод этиб, унга узоқ умр, ҳамиша яхши кайфият, авлодлар тарбияси йўлида олиб бораётган хайрли ишларида улкан ютуқлар тилади.

А.Мирзааҳмедов қўли қадоқ деҳқондан муҳандисгача, моҳир  ишчидан етук олимгача, сўзида устувор пахтакордан фидойи шифокоргача юзлаб ҳалол ва фидойи инсонларнинг хайрли ишларини тарихга муҳрлаган. Журналист қаламга олган ноёб лавҳалар, бугунги ибратли ҳаёт йўли замондошлар қалбларидан абадий ўрин олган.

У кўнгиллилар қатори чўлга келиб, ўз меҳнат фаолиятини “Сирдарё” газетасида оддий мухбирликдан бошлаган. Кейинчалик бу газета бўлим мудири, масъул котиби, муҳаррир ўринбосари вазифаларида баракали ижод қилган.

 

Ўзбекистон Журналистлари ИУ Сирдарё вилояти бўлими.