ҲАЁТ МАЗМУНИ — САМИМИЯТ

Ёд этиб

Қўлда қалам тутганча қанчадан-қанча инсонларга нафи теккан, кўнгилларни ошуфта этиб, сўзлари ила одамларнинг ёруғ дунёга бўлган муҳаббатини оширган, янги мақсадлар, катта марралар сари одимлашлари учун не-не ёшларга маънавий далда бўлган оловқалб соҳибларидан бири,  Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси, “Меҳнат шуҳрати” ордени, 1-даражали “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони, “Олтин қалам” халқаро миллий мукофоти совриндори,  адабиётшунос олим, филология фанлари номзоди, доцент, етук журналист, кўплаб шогирдларнинг устози Сайди Умировдир бугун ҳаёт бўлганида 84 ёшни қаршилаган бўлар эди.

Сайди Умиров илмий, ижодий фаолияти давомида ўнлаб ёзувчи, шоир, танқидчи, адабиётшунос, журналист, таржимонларнинг ҳаёти ва ижоди ҳақида мақолалар, хотира-очерклар, рисолалар, эсселар, тақризлар ёзди. Уларда халқимиз орасида танилган кишиларнинг портрет-образлари, шахс сифатида кўриниб турадиган индивидуал хусусиятларини маҳорат билан чизиб берди. Мана шу илмий-ижодий фаолияти давомида “Солланиб оқаётган дарё”, “Дорулфунунлар  тақдиримда”, “Маънавият мулкига саёҳат”, “Толибнома”, “Санъатнинг сеҳрли калити”, “Сеҳрли ва меҳрли сўз” каби ўнлаб китобларга муаллифлик қилди.

Устоз  журналистика соҳасига нафақат амалий жиҳатдан, балки назарий нуқтаи назардан ҳам қўшган ҳиссасини алоҳида таъкидлаб ўтиш жоиз. Унинг мақоланавислик, ОАВ муаммоларига бағишланган кўплаб мақолаларида соҳанинг сир-синоатлари ва нозик жиҳатлари чуқур таҳлил этилган. “Публицистика таҳлили”, “Очерк – ўгай жанр эмас”, “Жанговар жанр”, “Ёшликнинг публицистик мавжлари”, “Тарҳи тоза публицистика”, “Самарқанд журналистика мактаби”, “Узайтирилган ҳаёт”, “Чанги ва донғи чиққан ёлғиз от” каби мақолаларида ўзбек публицистикасининг амалий ва назарий муаммолари жўшқинлик билан таҳлил этилади.

Сайди Умиров тиниб-тинчимас ижодкор, журналист бўлиш билан бир қаторда қанчадан-қанча эл суйган журналистларнинг камол топиши йўлида ўзидан кечиб меҳнат қилган фидоий устоз ҳам эди. Университетларнинг гуманитар йўналишдаги аксар домлалари  каби илмий ижод, тадқиқотчилик, журналистлик фаолияти билан қизғин шуғулланди. Ҳаётда меҳнаткаш, ҳассос ижодкор сифатида танилди: долзарб масалаларни ўртага қўйди, уларни ечиш йўлларини қидирди. Чингиз Айтматовга, Аграновскийга, Абдулла Қаҳҳорга, давр фузалоларига мурожаат қилди, публицистиканинг назарий масалаларини уларга таяниб, таҳлил қилиб, таълим  олиб ечишга уринди. Олимнинг жамиятдаги ўрни шундаки, у ҳеч қачон масала қўймай ва масала ечмай туролмайди. Масала қўйиши ва масала ечиши билан олим жамият томонидан тан олинади ва ўз наздида ҳам, ўз  вазифасини оқлайди.

Сайди Умиров Тошкент давлат университети – ҳозирги ЎзМУда узоқ йиллар меҳнат қилди. Оддий ўқитувчи, доцент, факультет декани вазифаларида ишлади. Лекин у кишини яқиндан билганларнинг бари айтишади: домла ҳеч қачон бошқаларга ўхшаб, мавқе, вазифаси ўзгарганда “ўзргариб” қолган эмас, ҳамиша бир хил эди: самимий, хазилкаш, қувноқ, эътиборли… Дорилфунунда эса Бегали Қосимов, Омонулла Мадаев, Абдуғафур Расулов, Бойбўта Дўстқораев, Талъат Солиҳонов  каби тенгдошларидан, Асил Рашидов, Ғайбулла Саломовдек устоз ижодкорлар билан ҳамнафас, ҳаммаслак бўлди. Ёшларга журналистика ва публицистика сир-синоатларини ўқитди, ўргатди, мингларча соатлар маърузалар ўқиди.

Сайди Умиров – бир неча авлод журналистларининг устози, мураббийси. Ҳозир газета-журнал ёки телевидениеда хизмат қиладиган қайси қаламкашни сўраманг, шу кишидан таълим олган, шу кишидан кўп яхшиликлар кўрган бўлиб чиқади. Барча-барчаси миннатдор. Устоз деганлари, Одам деганлари шундай яшаб ўтса-да! – дейди “Куюнчак домламиз” мақоласида Ўзбекистон халқ ёзувчиси Эркин Аъзам.

Ха, шундай Сайди Умиров бугун жисман орамизда бўлмасада кўплаб шогирдлари ва замондошлари хотирасида, ёзган китоблари, эл-юртига қилган хизматлари, хайрли амаллари билан ўзидан яхши ном қолдирди.

Домла билан устоз-шогирдлигимизга қирқ беш йилдан ошди. Шогирдларга мўлжалланган китобларим қўлёзмасини, масалан, “Қирқ бешинчи бекат”ни биринчи бўлиб Сайди ака ўқидилар. Бир-биримиздан маслаҳат сўраб турдик, ҳамкасбларимиз ижодини биргаликда кузатдик, биргаликда баҳо бердик, ижодий сафарлардаги ҳазил-мутойибада жўровозлик қилдик, қўйин-қўнжимизни янги ғоялар, янги мавзулар, оҳорли иборалар ва яна бошқа кўп  ижодий топилдиқлар билан тўлдириб қайтган пайтларимиз кўп бўлди. Сайди ака билан бирга юрт кезишнинг завқи бошқача эди – деб ёзади “Жаҳон адабиёти” журнали бош муҳаррири Аҳмаджон Мелибоев.

Устознинг ҳаёти ва ижодига бағишлаб қаламкаш дўстлари, шогирдлари томонидан «Сайди Умиров замондошлари хотирасида» номли китоб чоп этилди. Китобнинг тақдимот маросими эса яқинда пойтахтимиздаги Миллий матбуот марказида бўлиб ўтди. Китоб тақдимоти билан биргаликда «Соғинч» деб номланган маърифий анжуман ташкил этилди. Бу тадбир чин маънода  Сайди Умировдек устозлар орқали соҳанинг катта-кичик ижодкорларини бирлаштирган қизғин ва ибратли тадбирга айланди десак хато бўлмайди.

Унда Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси Олимжон Ўсаров, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати, филология фанлари доктори Хуршид Дўстмуҳаммад, “Дунё ўзбеклари” интернет нашри раҳбари Исмат Хушев, ЎзЖОКУ проректори Нозима Муротова, ЎзДЖТУ халқаро журналистика факультети декани Амрулла Каримов, Навоий кон-металлургия комбинати масъул ходими Азамат Зарипов, профессор Ёқутхон Маматова ҳамда С.Умиров билан кўп ҳамсуҳбат бўлган, бирга ишлаган, футбол майдонларида тўп суришган, шахмат тахтасида куч синашган кўплаб яқинлари, дўстлари ва  оила аъзолари ўз хотиралари билан устозни ёдга олишди:

Сайди ака ниҳоятда хушчақчақ-қувноқ инсон эдилар, улар билан ҳамсуҳбат бўлган хўмрайган-тўрсайганлар ҳам бетига табассум югуртиришга мажбур бўларди. Домланинг “Ўзим ҳақимда” мақоласини ўқиганлар у кишининг таржимаи ҳолини атрофлича билиб оладилар. “Камина, – деб ёзадилар мақолада, ­– мақтанишга йўймангу, нолувчилар, зорланувчилар эмас, шукрона қилувчилар, борига ҳам, йўғига ҳам қаноат қилувчилар сирасига кирсам керак”.

Айни ҳақиқат сўзлар булар. Сайди Умиров бу ўткинчи ҳаётдан ўйнаб-кулиб, қувнаб-яшнаб яшаб ўтишни маъқул кўрди – шундай яшади, шундай позицияни маъқул деб билди, маслагидан чекинмади. “Яхшиликшунос” деган янгича ибора Сайди Умиров туфайли тилимизга кириб келди, деди таниқли адиб Хуршид Дўстмуҳаммад.

Сайди Умиров умрининг сўнгги дамларига қадар фаол яшади, ҳаракатда бўлди. Фикрий фаоллик, амалий фаоллик лаҳза бўлсин, у кишини тарк этмади. Фаоллигининг ўзи улкан ибрат мактаби эди.

Хотира кечасида Сайди Умиров ҳаёти ва ижодига бағишлаб тайёрланган видео-ролик намойиш этилди. Уни диққат билан тамошо қилаётганлар бу орқали қаҳрамонимизнинг ҳаёт йўли билан танишиш асносида ўзларига андоза олгандек бўлдилар.

Сайди Умиров. Бу инсонни эсимни танибман-ки биламан. Оилавий жуда яқин эдик. Қизлари билан онам, набиралари билан эса мен дугона бўлдик. Дадам (марҳум шоир Аъзам Ўктам)ни ўқитгандилар. Вақтлар ўтиб бизга ҳам сабоқ бердилар. Набираларни ўқитиш насиб этсин дердилар, чиройли жилмайиб. Халқаро журналистика факултетига киришимга сабабчи бўлдилар. Куёвлари эса  имтиҳондан олдин дугонам Гули иккаламизга оталарча дуо қилиб олиб бордилар. Орадан ўн беш йил ўтганига қарамай бу кунларни кечагидек эслайман. Ич-ичимдан ҳамон миннатдорман – дейди журналист Тўмарис Аъзам.

Мазкур хотира кечаси орқали йиғилганлар С.Умиров ҳақида яна жуда кўплаб маълумотларга эга бўлдилар. Буни ушбу кечани диққат ва қизиқиш билан кузатганларидан билиш қийин эмасди.

Ўтганларни ёд этиш, хотирлаш азалий қадриятларимиздан бири. Биз ҳам Отамизнинг руҳларини шод этиш, ўсиб келаётган ёш авлодга ибрат қилиб кўрсатиш мақсадида ушбу китобни тўплашга киришдик. Отам ҳақидаги хотираларини биз билан ўртоқлашган, уларни тўплашда ёрдам берган ҳамда бугунги хотира тадбиримизга қимматли вақтларини аямай келган барча қадрдонларимизга чуқур миннатдорчилигимизни билдирамиз – деди Сайди Умировнинг ўғли Абдувоҳид Умиров.

Сайди Умиров ҳақида ёзилган, ёзилаётган китоблар шу билан тўхтаб қолгани йўқ. Ҳали бу инсоннинг одамийлик фазилатлари, амалга оширган эзгу ишларини ўзида жамлаган кўплаб китоблар яратилади. Негаки ҳамма ҳам С.Умировдек ҳаёт кечиравермайди.

Сайди ака дарёга ўхшар

Гоҳо сокин, гоҳо мавж урган.
Кўзи бола кўзидай яшнар,
О, бу кўзлар неларни кўрган.
Ҳар кун кўнгли гулдай куртаклаб,
Бу дунёга саломлар айтар.
Уйдан чиқар тонгни етаклаб,
Уйга шомни етаклаб қайтар.
Саксон ёзи, саксон баҳори
Гуллаб ётар яхши ниятдан.
Зарур бўлса самимиятга
Дарс берар у самимитдан…

Бу сатрлар Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Эшқобил Шукурнинг Сайди Умировнинг 80 ёшга тўлиши муносабати билан ёзган “Завқ” шеъридан.

Мана шундай ҳар бир сўзидан, нигоҳидан самимият уфуриб турадиган, ким билан суҳбатдош бўлса, кўнглини авайлаб гаплашадиган ҳамда барчага эътибор билан қараб, қадрлаган инсонни элдошлари ҳам қадрлар экан.

Камолиддин РЎЗИМАТОВ