ОАВ вакиллари Хатирчи туманида 2022 йилда амалга ошириладиган лойиҳалар билан танишди

Бу ҳақда журналист ва блогерлар билан бўлиб ўтган матбуот анжуманида туман ҳокимининг биринчи ўринбосари Баҳодир Неъматов айтиб ўтди.

Таъкидланишича, дастлабки ҳисоб-китобларга кўра туманда 2022 йилда умумий қиймати 385,1 млрд. сўм бўлган 97 та лойиҳалар шакллантирилиб, улар доирасида 1180 та янги иш ўринлари яратилади. Бундан ташқари, 2022-2025 йилларда пахта ва ғалла майдонларининг 5312 гектарини босқичма-босқич заҳирага қайтариш орқали фуқароларга 10 сотихдан 1 гектаргача бўлган ўлчамларда 10 йилга ижрага ажратиб бериш белгилаб берилади.

Шу билан бирга, тадбиркорликка яратиб берилаётган имкониятлар асосида аҳолини тадбиркорликка фаол жалб этиш ва улар фаолиятига ҳар томонлама кўмаклашиш орқали туманда жами 750 та янги кичик бизнес субъектлари ташкил этилади.

Шунингдек, анжуманда Хатирчи туманида 2021 йилда ижтимоий-иқтисодий соҳаларда амалга оширилган ишлар бўйича ҳам ҳисобот берилди.

Тадбирда иштирок этган журналист ва блогерлар соҳага оид ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоб олишди.

Ўзбекистон Журналистлари ижодий
уюшмаси
Навоий вилояти бўлими