Сирдарё журналистикаси: кеча, бугун, эртага

Мамлакатимиз оммавий ахборот майдонида Сирдарё журналистикасининг ҳам ўзига хос ўрни бор. Бугунги кунда ўзбек адабиёти майдонида кенг китобхонлар оммасига  таниш Акмал Пўлат, Султон Акбарий, Ҳалима Худойбердиева, Тўра Сулаймон, Турғун Жамолов, Жонибек Субҳон, Ҳамроқул Ризо каби ўнлаб шоир ва носирларнинг элга танилишида  Мирзачўл матбуотининг ўрни катта. Вилоят ташкил бўлгандан то ҳозиргача вилоятимиздан мамлакат оммавий ахборот  воситаларига кўплаб раҳбар кадр­лар “учирма” бўлгани ҳам айни ҳақиқат. Масалан, ўз вақтида “Сирдарё ҳақиқати”нинг биринчи бош муҳаррири Акмал Пўлат “Муштум”,  Исмоил Сулаймонов “Қишлоқ ҳаёти”, Шароф Убайдуллаев “Ўзбекистон овози”, Николай Тимофеев “Правда Востока” газеталарига раҳбарлик қилгани, бу нашрлар Ўзбекистоннинг етакчи матбуот органлари бўлганлигини эслаш кифоя.

Ҳозирги кунда вилоятда 1 та вилоят, 8 та туман ва шаҳар, 4 та тармоқ газетаси, 1 та нашриёт ва  телерадиокомпания, 2 та расмий интернет канали фаолият юритмоқда. Вилоят телевидениеси кунига 18 соат, вилоят радиоси эса 6 соат кўрсатув ва эшиттириш олиб бормоқда. Вилоят ТРКнинг янги биноси яқин фурсатда фойдаланишга топширилса, бу ердаги имкониятлар янада ошади.

Бугун Сирдарёда 80 нафар Ўзбекис­тон Журналистлари ижодий уюшмаси аъзолари бор. Уларнинг 5 нафари уюшманинг янги қабул қилинган аъзоларидир. 42 нафар уюшма аъзоси пенсия ва нафақада. Янги йилгача  яна 20 нафар муносиб номзодларни уюшмага қабул қилиш мақсадидамиз.

Журналистлар уюшмасининг энг катта вазифаси уларнинг манфаати йўлида фаолият юритишдир. Шу боис ҳам ҳафта бошида кундалик ишларимизни режалаштирар эканмиз, журналистлар манфаатига хизмат қиладиган тадбирларни белгилашга ҳаракат қиламиз. 2021 йил – “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”да ёш журналистлар учун “Устоз-шогирд” анъаналари давом эттирилди. Бу борада айниқса, “Халқ сўзи” газетасининг мухбири, “Меҳнат шуҳрати” ордени соҳиби Аҳмадали Шерназаров, “Янги Сирдарё” газетасининг бўлим мудири Мамадали Аҳмедов (Муҳаммадали Аҳмадий)ларни шогирдлар тайёрлаш ва улар камолоти йўлида амалга ошираётган ишлари ибратли эканлигини таъкидламаслик адолатдан бўлмайди. Улар ўз шогирдларига онлайн “Маҳорат дарслари” ўтишга ҳам муваффақ бўлмоқдалар.

Жорий йилда журналистлар саломатлиги йўлида қатор табирлар амалга оширилди. Энг аввало, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ва вилоят диагностика маркази жамоаси қўллагани туфайли ҳам 31 нафар журналист чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди.

Журналистларнинг жамоавий ҳордиқ чиқаришлари учун ҳам қатор тадбирлар амалга оширилди. Хусусан, Шаҳрисабз шаҳрига саёҳат,  “Саъд   ибн Абу Ваққос” ҳамда “Хўжамушкент ота” қадамжоларига  зиёрат уюштирилди. Бу учала  саёҳатга 80 нафардан ортиқ сирдарёлик ОАВ ходимлари жалб қилинди.

Ўзаро ҳамкорлик, тажриба ўрганиш ва малака ошириш мақсадида Булунғур туман “Булунғур ҳаёти” газетаси таҳририятига 25 кишилик гуруҳ борган бўлса, Зомин тумани “Ўриклисой” массивига 66 кишилик гуруҳ, Сирдарё туманидаги “Бархон” дам олиш масканида ўтган республика минтақавий семинарда Самарқанд, Сирдарё,  Жиззах вилоятлари, пойтахтлик журналистлардан иборат 60 кишилик меҳмон ва мезбон журналистлар иштирок этди.

Сардоба тумани маркази ва қадимий “Ёғочли Сардоба” ёдгорлигига, “Пенг-Шенг” ўзбек-хитой қўшма корхонасига, Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилотининг Тошкент ваколатхонасига уюштирилган экскур­сияларимиз ҳам қалам аҳли учун ғоят фойдали бўлган эди.

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмасининг аъзоси, “Хазинамиз таянчи” газетасининг бош муҳаррири Ҳикматилла Сулаймоновнинг боғдорчиликка ихтисослаштирилган хўжалигида ташкил этилган ижодий гурунг унда иштирок этган 30 нафардан зиёд журналистларда  катта таассуротлар қолдирди.

Ижодга мойил, соҳага ўзларида иқтидор ҳис этган ёшларни соҳага жалб этиш, бугунги кунда қатор мактабларда ижодий тарғиботчи вазифасини адо этаётган ёш ижодкорларга амалий кўмак бериш мақсадида Оқолтин туманидаги 13-мактабда учрашув ташкил этилди. У ерда “Янги Сирдарё” газетаси бўлим мудири Баҳром Боймуродовнинг ижодий тарғибот борасидаги тажрибаси билан ўртоқлашилди. Унда 4 нафар таниқли журналист ёш ижодий тарғиботчилар учун “Маҳорат дарси” ўтиб берди. Кези келганда шуни таъкидлаш жоизки, бундай “Маҳорат дарслари” деярли ҳар бир тадбиримизда бўлиб ўтади.

Ўтганларни ёд этиш, уларнинг қабр­ларини зиёрат қилиш — инсоний бурч. Сирдарёлик таниқли журналист Умарқул Очилов, Гулистон шаҳрилик Абдулазиз Яхшилиқов, гулистон туманилик Саминжон Султонов, мирзаободлик Уммат Дониёров каби журналистларнинг қабри зиёрат, уларнинг ҳақига эса Қуръон оятларидан тиловатлар  қилинди. Марҳумларнинг яқинлари иштирокида уларнинг вилоят журналистикасига қўшган ҳиссалари таъкидланди. Бу каби журналистлар шаънини ардоқлашга хизмат қиладиган тадбирларни янги йилда ҳам изчил давом эттирамиз.

Ҳа, қилинган ишлар кўп, бироқ биламизки, қилиниши керак бўлган вазифалар, ишлар ундан ҳам кўп. Иш ўрганишни, ўзаро ҳамкорликни, дўстлик алоқаларини мамлакатимиз ташқарисида ҳам давом эттиришни орзулаймиз. Хусусан, Тожикистон ва қозоғистонлик ҳамкасблар билан яқин алоқалар ўрнатишни мақсад қилганмиз. Бу борада дастлабки қадамни ташлашга ҳозирлик кўрилмоқда. Тожикистон Респуб­ликасининг Сўғд вилояти журналистлар уюшмаси раиси Карим Шарифга хат тайёрланди ва уни ҳамкорликка чорлаяпмиз.

Муаммолар ҳақида гапирмаслик тўғри бўлмайди, албатта. Сирдарёда энг катта муаммо бу   биринчи нав­батда газеталаримиз кам нусхаларда

чоп этилаётгани бўлса, иккинчи муаммо таҳририятларимизда кадрлар етишмаслигидир. Бугун Сирдарё журналистикасини инсонга қиёслайдиган бўлсак, бу одам ҳадемай 60 га тўлади. Пойтахтга яқинлигимиз ёрдам бермаяпти. Журналистика соҳасини битираётган ёшлар Тошкентдан берига ўтишолмаяпти. Муассисларимиз ўз нашрларига амалий ёрамни беришади, деб умид қилиб қоламиз.

Сирдарёда тиббиёт ходимларига бўлган эҳтиёж яқин келажакда тўла қопланадиган бўляпти. Бу йил ГулДУ қошида тиббиёт факультети очилди, келгусида журналистика факультети ҳам ташкил этилса, не ажаб?

Журналист халқ билан ҳукумат ўртасидаги кўприкдир. У шунчаки хабарларни ташувчи эмас, балки янгиликларнинг мазмун-моҳиятини теран англатувчи ҳамдир. Сирдарёлик журналистлар, умуман барча ОАВ ходимлари, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси аъзолари иштирокида бу вазифаларни муносиб адо этмоқда.

Бойжигит АБДУЛЛАЕВ,
Ўзбекистон Журналистлари ижодий
уюшмаси Сирдарё вилоят бўлими раиси.