Коррупцияга қандай курашамиз

2021-12-09T13:03:50+05:009 Dekabr, 2021|Умумий янгиликлар, Ҳафта мақоласи|

9 декабрь – Халқаро коррупцияга қарши курашиш куни муносабати билан “Аксилкоррупция ҳафталиги” доирасида ўтказилаётган тадбирлар давом этмоқда. Жорий йилги ҳафталик жамиятнинг барча қатламларини ўзида жамлай олгани билан муҳим ҳисобланади. Давлат идоралари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, бизнес ҳамжамияти, ёшлар шулар жумласидандир.

Куни кеча Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси,  Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, БМТ Тараққиёт дастури ҳамкорлигида ОАВ вакиллари учун  “Коррупцияга қарши курашишда жамоатчилик билан ишлашнинг роли”  мавзусида  махсус тренинг ташкил этилди. Унда бутун дунёда энг оғир муаммолардан бири сифатида баҳоланадиган коррупция иллати ва уни бартараф этиш, унга қарши курашиш йўллари юзасидан очиқ мулоқот бўлиб ўтди.

Тадбирда сўзга чиққан Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси Олимжон Ўсаров “Корруп­цияга қарши курашда жамоатчилик билан ҳамкорликнинг ўрни” мавзусидаги маърузасида Коррупция мансабдор шахсларнинг эгаллаб турган лавозимидан, берилган ҳуқуқ ва ваколатларидан ўз манфаати учун, шахсий бойлик орттириш мақсадида фойдаланиши ҳисобланади. Бу иллат давлат ва жамият равнақига салбий таъсир кўрсатади. Агарда коррупцияга қарши ўз вақтида жиддий курашилмаса, фуқароларнинг олиб борилаётган ислоҳотларга ишончи йўқолади, жамиятдаги мавжуд ижтимоий муносабатларда адолатсизликни вужудга келтиради, дея сўз юритди.

Сўзга чиққан бошқа мутасаддилар ҳам коррупция ва унинг кўринишлари, юртимизда коррупцияга қарши курашиш йўлида қилинаётган ишлар хусусида фикрларини билдирди.

Ушбу тадбир журналистларнинг коррупцияга қарши курашиш жараёнларидаги ислоҳотлардан хабардор қилиш мақсадида ташкил этилди, — дейди Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси мутахассиси Зафар Назаров. — Унда коррупцияга оид ҳолатларни ёритишда ОАВ позицияси, журналистик суриштирувнинг ўрни, ОАВ ва интернет орқали коррупциянинг олдини олиш ва ҳалолликни шакллантиришда ўзига хос механизмлар, давлат ҳокимияти ва бош­қаруви органлари фаолияти очиқлигининг қонунчилик асослари каби масалалар хусусида сўз юритилди.

Ушбу тренингда БМТ Тараққиёт дас­тури, БМТ Гиёҳвандлик моддалари ва жиноятчиликка қарши курашиш бош­қармаси ҳамда Грузия, Латвия мамлакатларидан халқаро экспертлар Ярослав Стрелчонок, Владимир Козим видеоалоқа тизими орқали ўз маърузалари билан иштирок этди.

Асосий мақсад коррупцияга қарши курашиш жараёнида замонавий усуллар юзасидан хорижий давлатларнинг тажрибаларини ўрганиш эди. Шу жумладан, коррупциянинг олдини олиш, шу хусусда журналистик суриштирувлар ўтказиш юзасидан ҳам маърузалар тингланди.

Тадбир давомида Коррупцияга қарши курашиш ва “Юксалиш” умуммилий ҳаракати томонидан ишлаб чиқилган ва амалга оширилган “Антикоррупция лабораториялари” ло­йиҳаси доирасида бажарилган ишлар тақдимоти бўлиб ўтди. Мазкур лойиҳанинг дастлабки босқичи “Бошланғич мактабга қабул қилишда коррупция хавфи ва ҳалолликни баҳолаш” мавзусида ташкил этилди.

Тадқиқот сўровнома ва интервью шаклида олиб борилди. Асосан болаларни бошланғич мактабга қабул қилишда коррупция хавфи ва ҳалолликни баҳолашни қамраб олди.

Тренинг давомида иштирокчилар учун амалий машғулотлар ҳам ташкил этилди. Жумладан, журналистлар томонидан коррупциявий хавфларни аниқлаш ва бу маълумотларни оммага етказиш шакллари, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва уларнинг лойиҳалари коррупцияга қарши экспертизасини ўтказиш тўғрисида иштирокчилар ўртасида фикр алмашилди.

Тадбир якунида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга атроф­лича жавоб олди. Коррупцияга қарши курашиш жараёнида фуқаролик жа­мияти вакилларининг иштирокини янада кенгайтириш юзасидан таклиф ва тавсиялар ўртага ташланди.

Муҳаммадсодиқ ТЎРАЕВ.