Танлов ғолиблари тақдирланди

Жиззах вилоятида Коррупцияга қарши курашиш ҳудудий Кенгаши томонидан 9 декабрь – Халқаро коррупцияга қарши курашиш куни муносабати билан “Коррупция  –  жамият кушандаси” мавзусида кўрик-танлов эълон қилинганди.

Ушбу танлов Журналистлар ижодий уюшмаси вилоят бўлими билан ҳамкорликда ўтказилди. “Энг яхши босма нашр мақоласи”, “Энг яхши телекўрсатув ва радиоэшиттириш”, “Энг яхши интернет мақоласи”, “Энг яхши видеоролик”, “Энг яхши баннер ёки тасвирий санъат асари” каби номинациялар бўйича танлов иштирокчиларнинг материаллари ҳакамлар томонидан кўриб чиқилди.

Жиззах шаҳридаги “Sambhram” университетида бўлиб ўтган ғолибларни тақдирлаш маросимида Коррупцияга қарши курашиш ҳудудий Кенгаши масъуллари, оммавий ахборот воситалари ходимлари, блогерлар, кенг жамоатчилик вакиллари ва ёшлар иштирок этишди. Тадбирда сўзга чиққанлар юртимизда коррупцияга қарши курашиш юзасидан олиб борилаётган чора-тадбирларга тўхталиб ўтишди.

Танлов якунига кўра, Гавҳар Сайдуллева (“Жиззах овози” газетаси), Сайёра Бўронова (Жиззах вилоят телерадиокомпанияси), Ойбек Алижонов (блогер), Анвар Аралов (Зарбдор туманидаги 21-мактаб директори), Умид Мирзаев (Жиззах вилоят телерадиокомпанияси монтажчиси), Сарвиноз Ҳайдарова (Жиззах шаҳридаги 27-мактаб ўқувчиси), Васил Илясов (“Жиззах ҳақиқати” газетаси), Акмал Биноқулов (Жиззах вилоят ҳокимлиги), Шаҳзода Норқулова (“Жиззах” радиоканали) ғолиблар қаторидан ўрин олишди.

Ғолибларга танлов ташкилотчилари томонидан қимматбаҳо совғалар топширилди.

Дилшод ЭРГАШЕВ,
Ўзбекистон Журналистлари ижодий
уюшмаси
Жиззах вилояти бўлими мутахассиси