Фахрий журналист билан учрашув

Хива шаҳридаги Огаҳий ижод мактабида устоз журналист Ҳайитбой Солаев билан учрашув ўтказилди. Ушбу тадбир Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмасининг Хоразм вилояти бўлими ва “Хива тонги” газетаси ҳамкорлигида ташкил этилди.

— Устоз ҳамон ижод қилишдан чарчамайди. Жамоат ишларида ҳам бошқаларга намуна бўлиб келяпти. Ҳайитбой Солаевнинг журналистик маҳорати ижод мактаби ўқувчилари учун сабоқ вазифасини ўтайди. Бу инсон ижодкор сифатида шеърий сатрлари билан мухлислари қалбини забт этиб келаётгани ҳам эътирофга молик. Қолаверса, спорт билан шуғулланишни канда қилмайди. Шу хислати ҳам ёшлар учун ибрат, — деди “Хива тонги” газетаси муҳаррири Шержон Машарипов.

Учрашувда фахрий журналист ўзининг бой тажрибаси ҳақида ўқувчиларга сўзлаб берди, янги ёзган шеърларидан ўқиди. Ижод мактабида таълим олаётган иқтидорли ўғил-қизлар  билан мулоқот жараёнида уларни қизиқтирган саволларга жавоб қайтарди.

Ҳайитбой Солаев “Хива тонги” газетасида кўп йиллар самарали фаолият олиб борган. 2018 йилда унинг “Биз кутган кунлар” номли шеърий китоби чоп этилган.