“Е-аукцион” орқали сотувга қўйилган объектлар сурхондарёлик журналистлар нигоҳида

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Сурхондарё вилоят бўлими, Давлат активларини бошқариш агентлиги, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги вилоят бошқармалари ҳамкорлигида журналист ва блогерлар учун медиа-тур ташкил қилинди.

Иштирокчилар Денов, Олтинсой ва Қумқўрғон туманларидаги “Е-аукцион” савдоси орқали сотувга қўйилган объектларда бўлишди. Шу билан бирга, тадбиркорлар томонидан сотиб олинган объектларда амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишдилар.

Жумладан, Денов туманининг “Янгиқишлоқ” маҳалласидаги Тортувли маданият маркази, “Нуристон” маҳалласидаги омборхона, С.Раҳимов номли маҳалладаги шахобча бино-иншоотлари, Олтинсой туманининг “Қорлиқ” маҳалласидаги тош майдалаш ва саралаш цехи, “Янги қурилиш” маҳалласидаги ёзги клуб, Қумқўрғон туманининг С.Байматов номли маҳалласидаги шахобча бино-иншоотларининг савдога чиқарилган бошланғич ва ҳозирги нархлари, аукционга қатнашиш ва уларни сотиб олиш тартиби, эгалик ҳужжатларини расмийлаштириш ҳамда сотиб олишда берилган имтиёзлар бўйича иштирокчиларга атрофлича маълумот берилди.

Денов туманидаги “Янги тараққиёт” хусусий корхонаси томонидан 1 млрд 500 млн сўмдан ортиқ инвестиция маблағлари ҳисобидан бино негизида тўйхона, умумий овқатланиш шахобчаси, гўзаллик салони ва бошқа маиший хизмат кўрсатиш нуқталари барпо этилгани, шунингдек, “Янги қурилиш” МФЙга янги маъмурий бино қуриб берилгани, бу ерда яратилган шароит ва қулайликлар журналист ва блогерларда катта таассурот қолдирди.

Ўзбекистон Журналистлари ижодий
уюшмаси
Сурхондарё вилоят бўлими