Сирдарёда эзгулик боғлари яшнайди

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Сирдарё вилоят бўлими томонидан “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида Сирдарё туманидаги боғдорчиликка ихтисослаштирилган “СҲМ-Журналист” фермер хўжалиги боғида кўчат экиш тадбири ўтказилди. Унда 30 нафар журналист иштирок этиб, 100 тупдан ортиқ мевали дарахт ва атиргул кўчатлари ўтқаздилар.

Йиғилганларга мазкур боғ тарихи ҳақида “СҲМ-Журналист” хўжалиги бошлиғи, вилоят солиқ бошқармасининг “Хазинамиз таянчи” газетаси бош муҳаррири Ҳикматилло Сулаймонов сўзлаб берди:

2004 йил уйимиз яқинидаги 2 гектарга яқин ташландиқ ерни боғ қилиш мақсадида туман ҳокимлигига мурожаат қилдим, — дейди Ҳикматилла Сулаймонов. — Ҳадеганда ҳокимият ерни менинг номимга расмийлаштириб беравермади. Устозим Умарқул Очилов (марҳум) тинмай орқага чекинмасликка, мақсадга эришишга ундади. Ниҳоят, ер боғдорчилик фермер хўжалиги сифатида менга ажратилди. Боғ номини “Журналист” деб аташим ҳам Умарқул аканинг таклифи билан бўлган. Шундай қилиб, мана шу олмазор боғ пайдо бўлди. Унда оила аъзоларимиз қувониб, ғайратга тўлиб, яхши ниятлар билан меҳнат қилаяпмиз. Ер солиғини вақтида тўлаймиз. Боғни ташкил этишда устоз билан яхши бир ният қилгандик, яъни келгусида бу ер журналистлар жамланиб, дам оладиган, ижод ҳақида суҳбатлашадиган, турли тадбирлар ташкил этиладиган бир кўнгилли, хайрли манзилга айланиб, яхшиликка ва яхшиларга хизмат қилса, деб. Қадрли ҳамкасблар, боққа хоҳлаган пайтингизда келиб, ҳордиқ чиқариб, гурунглашиб кетишларингиз мумкин. Ҳамиша ташрифларингизга мунтазирмиз.

Журналист боғбон келгусида бу боғда балиқчилик ҳавзаси, сабзавотлар етиштириладиган иссиқҳона, асаларилар уялари ташкил қилиш, мўъжазгина кемпинглар қуриб, журналистлар учун оромгоҳ яратиш ниятида эканлигини айтди.

— Пойтахтимизда ёзувчиларнинг “Дўрмон” ижод маскани бор. Ким билсин, “яхши ният — ярим давлат”, деганларидек, келгусида журналист Ҳикматилло Сулаймонов асос солган ушбу боғ ҳам сирдарёлик журналистларнинг ўз боғига — “Дўрмон”ига айланиб қолса, ажабмас, — деди уюшманинг вилоят бўлими раиси Бойжигит Абдуллаев ўз орзуларини яширолмай.

Шундан сўнг журналистлар яхши ниятлар билан кўчат ўтқаза бошладилар. Кўчатлар оралиғи ўлчаниб, меъёрида чуқурчалар олиниб, боғ ўртасига йиғилган маҳаллий ўғитдан солиниб, лозим бўлган жойларга тартиб билан мевали дарахт ниҳоллари қадалди.

Боғдаги дарахтларга ҳам шакл берилди. Бу ишларга яна бир боғбон журналист Пиримқул Суяров бош-қош бўлди. Ким ер ковлаган, ким кўчат тутган, кимдир тупроқ ташлаган, кимдир сув қуйган, хуллас, мазкур жараён алоҳида меҳр ва эътибор билан амалга оширилди.

Тушликда Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси аъзоси, “Янги Сирдарё” газетасининг собиқ фотомухбири, моҳир ошпаз Нарзулла Файзуллаев дамлаган ҳашар оши тортилди.

Журналистлар йиғилган даврада, албатта, журналистика соҳасидаги янгиликлар ҳақида баҳс ва мунозаралар, яхши асарлар муҳокамаси ўз-ўзидан бошланиб кетади. Бу сафар ҳам шундай бўлди. “Сирдарё ҳақиқати” газетасида 50 йилга яқин ишлаган таниқли журналист ва ёзувчи, “Шуҳрат” медали соҳиби Элмурод Мавлоновнинг яқинда ёзиб тугатган, “Сирдарё журналистлари” телеграм гуруҳида эълон қилинган “Йиллар нафаси” китоби муҳокама мавзусига айланди.

Мазкур китобда газетанинг 60 йиллик тарихи, унда ишлаган журналистларнинг фаолияти, меҳнат жараёнида бўлиб ўтган муҳим воқеалар, кези келганда, қизиқарли ҳангомалар мароқли тарзда акс эттирилган.

— Мен барчангиздан китобга мен киритолмай қолган воқеалар бўлса ёки бирор камчилик илғасангиз, очиқ айтишларингизни сўрардим. Уни сизларнинг кўмагингизда яна тўлдиришга тайёрман, — деди Э. Мавлонов. — Гуруҳ орқали кўпгина ҳамкасбларимиз қимматли фикрларини ёзишди. Уларга миннатдорчилигимни изҳор этаман. Бошқалардан ҳам мулоҳазаларини билдиришини сўрардим.

Журналистлар Баҳор Холбекова, Мамадали Аҳмедов, Рустам Содиқов, Дилором Исмадиёрова, Нодира Дўстмаматова, Тўхтамиш Боқиев, Суюнбой Намозов ва бошқалар китоб ҳақида яхши фикрлар билдирдилар. Бу Сирдарё вилояти ва “Сирдарё ҳақиқати” (Янги Сирдарё”) газетаси ташкил этилганининг 60 йиллигига муносиб совға бўлишини таъкидладилар. Туман ва шаҳар газеталарининг тарихи, унда фаолият юритган журналистлар ҳақида ҳам китоблар ёзиш таклифлари ўртага ташланди.

Ўзбекистон Журналистлари ижодий
уюшмаси
Сирдарё вилоят бўлими