Навоийда фахрий журналист Иброҳим Жумаев маҳорат мактаби ташкил этилди

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Навоий вилояти бўлими ҳамда “Salomatlik” газетаси таҳририяти ташаббускорлигида Навоий вилоятида илк бор фахрий ва тажрибали журналист Иброҳим Жумаевнинг маҳорат мактаби фаолиятини бошлади.

Иброҳим Жумаев айни пайтда 73 ёшда. Устоз узоқ йиллар вилоят матбуоти, хусусан, босма нашрларда оддий ҳарф терувчиликдан вилоят “Дўстлик байроғи” газетаси бош муҳаррирлигигача бўлган даврни босиб ўтган фидойи ва қалами ўткир, тажрибали журналист ҳисобланади.

Фахрий журналист умрининг 50 йилдан ошиқ даврини матбуот соҳаси билан чамбарчас боғлаган. Айни пайтда нафақада бўлса-да, 25 йил олдин ўзи ташкил этган “Salomatlik” газетасида муҳаррир сифатида кўпгина ёшларга устозлик қилиб келмоқда. Фахрий журналист ташкилотчилигида вилоятда “Халқ ишончи” газетаси фаолияти ҳам самарали йўлга қўйилиб, ўқувчилар қўлига етиб борган.

Бугун том маънода айтиш мумкинки, нафақат вилоят, балки республика оммавий ахборот воситаларида фаолият кўрсатиб келаётган бир қатор журналистлар устоздан илк сабоқларини олишган, у кишидан соҳа сирларини ўрганишган.

Таъкидлаш жоизки, яқинда устоз журналист бошчилигида “Salomatlik” газетаси ўзининг чорак асрлик юбилейини тантанали равишда ўтказди.

Маҳорат мактабини ташкил этишга бағишланган тантанали тадбирда таъкидланганидек, мазкур мактаб фаолиятини йўлга қўйишдан асосий мақсад журналистика соҳасига ёшларни қизиқтириш, Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлида босма ва электрон оммавий ахборот воситаларининг ўрни ҳамда ахборот тарқатишда тезкорлик, шаффофлик, ҳаққонийлик принципига асосланган мақолалар, очерк, публицистик, муаммоли ва танқидий материаллар тайёрлаш жараёнларини кенг тушунтириш, амалиёт орқали журналистика соҳасига қизиқувчи ёшлар билим доирасини, дунёқарашини кенгайтиришдан иборат.

Маҳорат мактабини ташкил этишдан кўзланган асосий мақсад соҳани мукаммал эгаллайдиган, турли жанрларда кенг мушоҳада, мулоҳаза юрита оладиган ёшларни танлаб, уларнинг матбуотга бўлган қизиқишини орттириб, ижодий камолот сари имкон қадар тўғри йўл кўрсатишга эришишдир, — дейди “Salomatlik” газетаси бош муҳаррири, маҳорат мактаби раҳбари Иброҳим Жумаев, — Бугун 10 нафарга яқин журналистика соҳасига қизиқувчи ёшлар мактабимизга ташриф буюриб, ўзларининг амалий кўникмалари ва назарий билимларини оширишга киришди. Бу борада Маҳорат мактаби низоми ҳамда тадбирларни ўтказиш йиллик дастури ҳам ишлаб чиқилиб, унга асосан вилоятдаги тажрибали соҳа вакиллари билан мактабимиз ўқувчиларининг амалий машғулотлари ҳам олиб борилади. Энг муҳими, келгусида бу ёшларимиз вилоят журналистикаси учун малакали кадр бўлиб етишишига замин яратилади.

Дарвоқе, бугунги кунда фаолият олиб бораётган босма ва электрон ОАВларда ишлаётган журналистлар сони саноқлигина. Уларнинг ҳам кўпчилигини бошқа касб эгалари ташкил қилади. Бу эса соҳага қизиқувчи ёшларни топиб, келгусида ўз касбининг моҳир эгалари қилиб тарбиялашни талаб этади.

Ўзим шеър ва кичик хабарлар ёзиб, матбуотда қатнашиб тураман, – дейди Навбаҳор туманидаги 34-умумтаълим мактабининг 9-синф ўқувчиси, туман ёшлар иттифоқи сардори Лобар Давронова. – Мақолалар ёзишда мактабимиздаги она тили ва адабиёт фани ўқитувчиларимиздан сўраб, уларнинг берган тавсияларига амал қиламан. Бугун эса устозимиз Иброҳим Жумаев томонидан ташкил этилган Маҳорат мактаби аъзолигига қабул қилиндим. Албатта, келгусида устознинг берган кўрсатма ва тавсияларига амал қилган ҳолда журналистика соҳасида ўқиб, етук кадр бўлиб етишишга ҳаракат қиламан.

Тадбирда Маҳорат мактабининг илк иштирокчиларига аъзолик гувоҳномаси ҳам тантанали равишда топширилди.

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Навоий вилояти бўлими томонидан келгусида вилоятда яна бир қатор фахрий журналистларнинг Маҳорат мактабини ташкил этиш бўйича амалий саъй-ҳаракатлар олиб борилмоқда.

Отабек АСЛОНОВ,
Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси
 Навоий вилояти бўлими раиси