Спорт журналистикаси: ютуқ ва муаммолар муҳокама қилинди

2021-11-30T19:54:06+05:0030 Noyabr, 2021|Кенгашлар, Умумий янгиликлар|

Миллий олимпия қўмитасида Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси қошидаги Спорт журналистикаси кенгашининг  “Халқаро мусобақаларга тайёргарликнинг ОАВда ёритилиши: бугунги ҳолати ва истиқболлари” мавуида навбатдаги йиғилиши ўтказилди. Тадбирда уюшма ва кенгаш аъзолари, қўмита мутасаддилари, Туризм ва спорт вазирлиги матбуот хизмати вакиллари, оммавий ахборот воситаларида спорт мавзусини ёритишга ихтисослашган журналистлар, Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ўқитувчи ва талабалари иштирок этди.

Йиғилишни  Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси  раиси Олимжон Ўсаров кириш сўзи билан очиб, спортчиларимиз жаҳон ареналарида қўлга киритаётган ютуқлар ва журналистларимиз дунёдаги турли мамлакатларда ўтказилаётган нуфузли спорт мусобақаларини маҳорат билан ёриб бораётганига тўхталиб ўтди.   “Ҳолбуки, буни 5-6 йил аввал тасаввур қилиш қийин эди. “Жаҳон” ахборот агентлигининг аҳён-аҳён хабарлари бериларди, бугунги кунда “Дунё” номини  олган бу агентлик ҳам ўз фаолиятини жонлантирган. Токиода  бўлиб ўтган Ёзги олимпиададан ҳам спортчиларимиз ютуқлари ҳақидаги муждаларини биринчи манба — ўзимизнинг журналистларимиздан олдик”, деб таъкидлади.

Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси Бош котиби О. Қосимов, қўмита медиа департамент раҳбари  З. Имомхўжаев ва бошқалар мамлакатимизда олимпия спорт турлари бўйича спортчилар, тренерлар ва бошқа спорт мутахассисларини тайёрлаш ҳамда олимпия спорт турларини ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳақида маълумот берди.

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси қошидаги Спорт журналистикаси кенгаши раиси Мирзаҳаким Тўхтамирзаев “Париждаги олимпиада ва паралимпия ўйинларига тайёргарликни ОАВда ёритишда МОҚ, ПҚ ва спорт турлари бўйича федерация/ассоциациялар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш”, МТРК “Спорт” канали директори Зоҳид Каримов “Комплекс мусобақаларга тайёргарлик ва ўйинларни телеканалларда ёритиш тажрибаси”,  Оламспорт.уз сайти бош муҳаррири Камолиддин Алимов “Олимпия спорт турларининг Ўзбекистон интернет сайтларида ёритилиши: ҳолати, муаммолар ва истиқболлари” мавзусида маъруза қилди.

 

Маълумки, мамлакатимизда  спорт соҳасига қаратилаётгани юксак эътибор туфайли ўз маҳорати, истеъдод ва иқтидори билан дунёни лол қолдираётган ва Ўзбекистон байроғини баланд кўтараётган спортчиларимиз сафи тобора кенгаймоқда. Шунга монанд равишда спорт мавзусини ёритишга ихтисослашган журналистларимиз ҳам ўзи маҳорати, тажрибасини ошириб бориши мақсадга мувофиқдир.

Спорт журналистлари кенгашининг йиғилиши баҳс-мунозара, савол-жавобларга бой тарзда, кўтаринки руҳда ўтди.

Тадбир якунида билдирилган фикр-мулоҳазалардан келиб чиққан ҳолда  юзага келган мавжуд муаммо ва камчиликларни бартараф этиш бўйича таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди. Уларни тегишли тартибда амалга оширишга келишиб олинди.

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси ахборот хизмати