“Туя”ни шамол учирса, “эчки”ни осмонда кўр…”

“Термиз оқшоми” газетасининг 2021 йил 23 ноябрда чоп этилган 18-19-қўшма сондаги “Туя”ни шамол учирса, “эчки”ни осмонда кўр…”  сарлавҳали мақолада Сурхондарё вилояти ҳокимлиги томонидан “Матбуот уйи”нинг 80 фоизи ҳокимлик тасарруфидаги ташкилотларга берилгани танқид остига олинади.

Ушбу мақолада “Термиз оқшоми” газетасининг ижара тўлови билан боғлиқ муаммолар борлиги, таҳририятнинг ҳисоб рақамида маблағи йўқлиги, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигининг вилоятдаги бошқармаси томонидан ижара билан боғлиқ муаммони ҳал қилиш масаласи ижобий ечиб берилмагани ҳам баён этилган. Ижодий фаолият олиб бориш учун  шароит йўқлиги сабабли салоҳиятли журналистлар бошқа иш билан шуғулланаётгани таъкидлаб ўтилган.

“Термиз оқшоми” газетасида чоп этилган мақола бўйича Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигининг Сурхондарё вилояти бошқармасидан маълум қилинишига кўра, бино ҳокимлик балансида эмас, бошқарма балансда. Ҳокимлик тасарруфидаги дейилаётган ташкилотлар бинонинг 80 фоизини эмас, 35 фоизини эгаллаган, уларнинг ноль қийматда туриши ҳуқуқий ҳужжатларда белгилаб қўйилган. Шундай бўлса-да, бинонинг сақланишига молиявий кўмак бериб келишади.

“Термиз оқшоми” газетаси эса шаҳар ҳокимлиги муассислигидаги газета ҳисобланади, Ижара давлат унитар корхонаси (ДУК) билан тузилган шартномага мувофиқ, 2 та хонани ижарага олишган. Аммо шартнома шартларида белгиланган ижара суммасини 1 йилдан бери тўламай келади. Шартномада эса ижара ҳақини ҳар чорак бошида тўлаб бориши белгиланган. Шунга қарамай, газета таҳририятини ҳеч ким чиқинглар демаган, судга ҳам берилмаган. Ижара ДУК шартнома шартларининг бажарилишини сўраяпти, холос. Ижара суммасини ҳам, пенясини ҳам бошқарма эмас, Ижара ДУК белгилаган.