Босма нашрлар: муаммо, ечим ва самара

Андижон вилояти ҳокимлиги, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси вилоят бўлими, “Андижоннома” ва “Андижанская правда” газеталари таҳририяти ҳамкорлигида “Босма нашрлар: муаммо, ечим ва самара” мавзусида ўтказилган анжуманда вилоятдаги босма ОАВ вакиллари, журналистлар, соҳага қизиқувчи ёшлар иштирок этди.
Тадбирда бугунги кунда босма нашрлар олдида турган муаммолар, туман, шаҳар ва тармоқ газеталарининг мазмуни, сифати ва ўқмишлилигини ошириш, таҳририятлар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш хусусида сўз юритилди. “Янгиланиш, интилиш ва ҳамкорлик – юксалишга йўл”, “Босма нашрларнинг бугунги ҳолати таҳлили”, “Вилоятдаги босма нашрлар бугунги кун талабига жавоб берадими?” каби мавзуларда маърузалар тингланди.

 

Андижон давлат университети доценти Маъмиржон Саидхонов босма нашларнинг ютуқ ва камчиликларини таҳлил қилиб берди. Тажрибали журналистлардан Қобилжон Асқаров, Тўлқин Сиддиқов, Нажмиддин Эргашев, Шефия Иманқулов соҳадаги муаммоларни бартараф этиш, таҳририятлар фаолияти самарадорлигини ошириш юзасидан ўз фикрларини  баён этишди.
Тадбир иштирокчилар томонидан оммавий ахборот воситаларининг жамият ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги роли ошириш, долзарб мавзуларда мақолалар бериб бориш, обуна жараёни, нашрлар сайтларини яратиш, телеграм, фейсбук каналлари орқали ёритиб бориш бўйича таклиф ва мулоҳазалар билдирилди.

­­­– Бугунги кунда оммавий ахборот воситалари, айниқса, босма нашрлар ўта оғир даврни бошидан ўтказмоқда, – дейди “Андижон тонги” газетаси муҳаррири Махпурахон Ортиқова.

– Жумладан, Андижонда деярли барча босма нашрлар мунтазам чоп этилмаяпти, таҳририятлар қатор муаммолар гирдобига тушиб қолган. Юзага келган ушбу ҳолатни бартараф этиш учун, энг аввало, журналистларнинг ўзлари ҳаракат қилиши, газета саҳифаларида танқидий-таҳлилий мақолалар кўпроқ чоп этилиши, одамларни қийнаётган муаммоларни кенг жамоатчиликка етказиб беришда фаол бўлиши, бир сўз билан айтганда, газетхонлар ишончи ва ҳурматини қозониши, қолаверса, газеталар муассислари, шу соҳага мутасаддилар, зиёлилар босма нашрларни қўллаб-қувватлаши муҳимдир.

 

Ёш, малакали кадрларни тайёрлаш масаласи ҳам эътибордан четда қолмаслиги лозим.
Анжуманда журналистларнинг касбий маҳоратини ошириш, ўзаро ижодий ҳамкорлигини йўлга қўйиш, соҳадаги илғор иш тажрибаларини оммалаштириш, мавжуд муаммоларни бартараф этиш юзасидан фикрлашиб олинди.

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси
Андижон вилояти бўлими