“Қизилтепа тонги” газетаси ва тажриба алмашиш лойиҳаси

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Навоий вилояти бўлими томонидан “Қизилтепа тонги” газетасининг самарали фаолиятини тарғиб этиш мақсадида вилоятдаги туман-шаҳар босма нашрлари бош муҳаррирлари учун ўзаро тажриба алмашиш лойиҳаси доирасида анжуман ташкил этилди.

Тадбирни уюшманинг вилоят бўлими раҳбари О.Аслонов кириш сўзи билан очар экан, туман-шаҳар газеталари бош муҳаррирлари учун ўзаро тажриба алмашиш “Қизилтепа тонги” газетаси таҳририятида ташкил этилгани бежиз эмаслигини таъкидлаб ўтди.

Зеро, бу таҳририят узоқ даврдан буён нафақат Навоий вилояти, балки республикамиз миқёсида фаолият кўрсатаётган бир гуруҳ журналистлар учун маҳорат мактаби вазифасини ўтаган. Қолаверса, 86 йилдан буён чоп этилиб келаётган газетанинг айни пайтда 6700 нусхада нашр қилинаётгани, келгуси йил учун обунаси 7300 донага етгани ва бу жараён изчиллик билан давом этаётгани туман аҳлининг таҳририятга бўлган ишончи юксаклигидан далолат беради. Бугун аксарият газеталар ўта ночор иқтисодий аҳволга тушиб қолгани, шу боис уларнинг чоп этилишида муаммолар юзага келаётган бир пайтда “Қизилтепа тонги”нинг ҳар ҳафта ўқувчилар қўлига ўз вақтида етиб бораётгани, албатта, таҳририят жамоасининг катта ютуғи.

Анжуманда “Қизилтепа тонги” газетаси бош муҳаррири, фахрий журналист Раҳим Мақсудов газетачилик мактаби, таҳририятда ижодий жамоа учун яратилган муҳит, обунани ташкил этишдаги ўзгача ёндашув, унинг нашр куниёқ газетхонларга қай тартибда етказилиши, газетанинг доимий эътибор марказида бўлиши йўлида амалга оширилаётган ишларга батафсил тўхталиб ўтди. Очиқ мулоқот тарзида ташкил этилган тадбир давомида туман, шаҳар газеталари бош муҳаррирлари ҳам ўз фаолияти мисолида тажрибасини ўртоқлашди.

Уюшманинг вилоят бўлими томонидан ташкил этилган бугунги тадбир баҳона “Қизилтепа тонги” газетасида бўлиб, таҳририятнинг иш жараёнлари, орттирилган тажрибаси билан яқиндан танишиш имкониятига эга бўлганимиздан хурсандмиз, — дейди “Хатирчи ҳаёти” газетаси бош муҳаррири Анвар Ҳосилов. — Дарҳақиқат, “Қизилтепа тонги” газетасининг ўз овози, таҳриририят ходимларининг ўтли қалами бор. Қолаверса, газета муҳаррирининг катта ҳаёт тажрибасига эга эканлиги, таҳририятда ўзига хос маҳорат мактаби яратганлиги алоҳида эътирофга лойиқ. Биз бугунги анжуманда ўзимиз учун жуда кўп амалий кўникмалар олдик. Энг муҳими, вилоятимиз босма нашрлари муҳаррирларининг ўзаро дийдорлашуви ва фикр алмашиш имконияти яратилганлиги янада аҳамиятли бўлди.

Тадбир доирасида  барча ижодкорлар туман ҳокимининг ўринбосари Р.Худойбердиев қабулида ҳам бўлиб, ҳудудда босма нашрларга қаратилаётган эътибор, келажакдаги ҳамкорлик хусусида ўзаро фикрлашишди.

“Қизилтепа тонги” газетаси қошидаги “Ёш журналистлар мактаби” аъзоларига бош муҳаррирлар томонидан “Мастер класс” ташкил этилди, журналистиканинг ўзига хос хусусиятлари ҳаётий мисоллар билан сўзлаб берилди.

— “Қизилтепа тонги” газетасидан ўрганадиган жиҳатларимиз жуда кўп. Сабаби, таҳририятда ўзига хос тизим ва ижодий муҳит яратилган, — дейди “Кармана овози” газетаси бош муҳаррири Абдуҳолиқ Жўраев. — Бугун анжуман давомида тажрибали устозлардан ўзимизга маънавий куч олдик. Газетачилик маҳорати бўйича яна бир бор сабоқ чиқардик, десак, асло муболаға бўлмайди. Бундай амалий анжуманларнинг кўпроқ ташкил этилиши тарафдоримиз.

Тадбир доирасида “Қизилтепа тонги” газетаси томонидан ўтказилган ижодий танлов ғолибларига таҳририятнинг диплом ва эсдалик совғалари топширилди. Бош муҳаррирларга эса “Қизилтепа тумани: кеча ва бугун” китоб-альбоми совға қилинди.

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Навоий вилояти бўлими томонидан туман газетаси жамоасига ташаккурнома ҳамда эсдалик совғалари тақдим этилди.

Шунингдек, ҳамкорликнинг янги босқичи рамзи сифатида журналистлар томонидан таҳририят биноси олдидаги майдонга “Яшил макон” лойиҳаси доирасида манзарали дарахт кўчатлари ўтқазилди.

Уюшманинг вилоят бўлими ҳар ойда бу каби “Маҳорат дарслари” ва ўзаро тажриба алмашиш лойиҳасини анъанавий тарзда бошқа туман-шаҳар газеталарида ҳам давом эттиришни режалаштирган.

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси
 Навоий вилояти бўлими.