“Нурнома” газетаси ижодкорлари ҳузурида

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Навоий вилояти бўлими жамоаси вилоятнинг туман, шаҳар газеталари таҳририятларида бўлиб, журналистлар билан жойида мулоқот қилмоқда. Учрашувлар давомида обуна масалалари, таҳририятдаги иш жараёнлари, уюшмага аъзолик хусусида сўз юритилиб, ижодкорларнинг таклиф ва тавсиялари, муаммолари ўрганилмоқда.

Навбатдаги учрашув манзили Нурота тумани “Нурнома” газетаси таҳририяти бўлди. Бу йил ушбу газета чоп этилаётганига 86 йил тўлди. Ўтган давр мобайнида таҳририят ижтимоий-сиёсий, маънавий-маърифий ҳаётни фаол ёритиб, жамият кўзгусига, газетхонлар минбарига айланди.

Айни пайтда ҳар ҳафтада бир маротаба чиқадиган газета саҳифаларида туман ҳаёти ўзининг ифодасини топаяпти. Таҳририятда 6 нафар ходим фаолият олиб боради. Хусусан, маҳоратли журналистлар Шарбат Мухторова, Норбиби Давлатованинг қаламига мансуб мақолалар ўқувчиларга манзур бўлмоқда.

Таҳририят жамоасига 16 йилдан буён таниқли журналист Лазиз Бозоров раҳбарлик қилиб келмоқда. У айни пайтда халқ депутатлари Нурота тумани Кенгаши депутати ҳам ҳисобланади.

Газета таҳририяти қошида 5 йилдан буён фаолият кўрсатиб келаётган “Илк нур” тўгарагида бугунги кунда 15 нафар ёш ижодкорлар журналистика соҳасидаги кўникмаларини ошириб, тажрибали устозлардан сабоқ олмоқда. Зулфия номидаги давлат мукофоти совриндори Чаман Жонузоқова ҳам мазкур тўгарак аъзоси.

Умуман олганда, таҳририятда ижодий иш жараёни қизғин.

Уюшманинг вилоят бўлими томонидан яна қатор туман, шаҳар газеталари таҳририятларида учрашувлар ўтказилиши режалаштирилган.

Отабек АСЛОНОВ,
Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси
 Навоий вилояти бўлими раҳбари.