Она тилимиз нуфузи ошмоқда(ми?)…

Давлатимиз раҳбарининг 2019-йил 4-октябрдаги “Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили ҳақида”ги қонуни қабул қилинганининг 30 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарори она тилимиз ривожидаги дастлабки буюк қадам бўлди, деб айтиш мумкин. Мамлакат бўйлаб бу байрамни нишонлашга жиддий тайёргарлик кўрилди, пойтахтдаги тантаналарда мамлакат раҳбари иштирок этиб, ўзбек тилини тўлақонли давлат тили мақомига кўтариш, йиллар давомида йиғилиб қолган муаммолар, уларнинг ечими хусусида фикрларини айтиб ўтди. Шундан сўнг тилимиз такомилига бағишланган 2 та Президент фармони, 2 та қарори, Вазирлар Маҳкамасининг 10 дан ортиқ қарорлари эълон қилинди, ҳукумат таркибида алоҳида департамент ташкил этилди. Айниқса, Президентимизнинг 2020-йил 20-октябрдаги “Мамлакатимизда ўзбек тилини янада ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони асосида “2020–2030-йилларда ўзбек тилини ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш консепсияси” ҳамда “2020–2030-йилларда ўзбек тилини ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш консепсиясини 2020–2022-йилларда амалга ошириш дастури” тасдиқланди. Қисқа вақт ичида амалга оширилиши лозим бўлган дастурда аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб, унга масъул бўлган вазирлик, идоралар белгилаб қўйилди.

Ҳозиргача мазкур дастур ижроси бўйича жуда катта ишлар амалга оширилди, мамлакат ҳаётининг барча жабҳаларида давлат тилига бўлган муносабат тубдан ўзгарди. Лекин ҳукумат миқёсида юксак эътибор бўлишига қарамасдан, қуйи поғоналарда тилимизга “ўзгача кўз” билан қараш ҳанузгача давом этаётгани кишини ташвишга солмоқда.Маълумки, давлат тилининг ўрни ва нуфузини ошириш таълимдан бошланади. Бу борада  республика раҳбарияти томонидан аниқ методологик кўрсатмалар берилган, ҳужжатлар қабул қилинган. Қуйи­да мазкур ҳужжатлардаги вазифаларнинг амалда бажарилишига тўхталамиз.

“2020–2030-йилларда ўзбек тили­ни ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш консепсиясини 2020–2022-йилларда амалга ошириш дастури”нинг 6-бандида “2020–2022-йилларда умумий ўрта таълим муасса­саларида ўзбек тилини ўқитиш тизимини тубдан такомиллаштириш, ўзбек тили бўйича машғулот ва дарс соатларини кўпайтириш” вазифаси қўйилган. Лекин Халқ таълими вазирлиги 2020–2021-ўқув йилидан она тили дарсларини аксинча қисқартирган. Бу масала бўйича соҳа мутахассислари, депутатлар, мактаб ўқитув­чилари оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқларда эътироз билдиришди. Вазирлик гўёки бу вазифани ўзларича талқин қилгандай бўлди, оқибатда ҳеч нарса ўзгармади, кейинчалик ҳаммаси унутилди, лекин фақат инглиз тилининг соатлари кўпайтирилиб, она тилига эътибор берилмади. Шуниси ажабланарлики, майли, соатлар миқдори оширилмасин (бу, аслида, топшириқнинг қўпол бузилиши), лекин унинг  қисқартирилиши қайси мантиққа тўғри келиши у ёқда турсин, тили­мизга хиёнат эмасми? Қолаверса, бу ҳукумат қарорларига зид-ку! Таълимда азалдан шундай ёмон одат ҳамон сақланганки, ўқув режасида соат қисқартирилиши керак бўлса, дарров она тили ҳисобига амалга оширилади.

Бу ўқув йилида тилимизга “ўзгача ҳурмат кўрсатиш” навбати академик лицейларга етиб келибди. Бу фикрни қўлимиздаги Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан 2021-йил 1-мартда тасдиқланган “Хорижий тиллар”, “Ижтимоий-гуманитар фанлар-2” ҳамда “Аниқ фанлар-2” таълим йўналишлари намунавий ўқув режалари тасдиқлаб турибди.

Ҳар учала ўқув режада она тилига бир хил – 144 соат (72 соат адабиётга) ажратилган, хорижий тилга эса – 216 соат! Энди ҳақли бир савол туғилади: умумий ўрта таълим мактабларида ҳам, академик лицейларда ҳам инглиз тили бўйича сифатли мутахассислар етарлими ёки ёшларимиз таълим муассасасида олган билими билан “ИЕЛТС” сертификатини оляптими? Менимча, йўқ, сизнинг жавоби­нгиз ҳам шундай. Уларнинг бари ўқув марказлари ёки хусусий репетиторда олган билимлари орқали бу натижага эриш­япти. Инкор қиласизми? Хўп, хорижий тил учун шунча соат ажратилибди, энди эътиборингизни бошқа фанга қаратаман.

    Ҳар учала таълим йўналишида ҳам математика фанига 234 соат (алгебра – 144 соат, геометрия – 90 соат) ажратилган. “Хорижий тиллар”, “Ижтимоий-гуманитар” таълим йўналиш­ларига ўқишга кираётган ёшларнинг аксарияти математикага қизиқмагани учун мазкур йўналишларни танлашган, юқоридаги 2 йўналиш учун математика соатлари камроқ бўлиши керак эмасми? Ҳатто гуманитар йўна­лишларда ҳам соатлар миқдори она тилидан юқори бўлса! “Аниқ фанлар-2” йўналиши учун математика соатлари­нинг кўп бўлиши тушунарли. Адабиёт фанининг фақат учинчи ва тўртинчи семестрда ўқитилишини қандай изоҳлаш мумкин?!

Энди бундан ҳам ачинарли бир ҳолат­га тўхталамиз, буни қандай изоҳлашга сўз топа олмадик. Мазкур ўқув режага асосан ўзга миллат вакиллари учун ўзбек тили фани 36 соатга қисқар­тирилган. Ҳа, тўғри ўқидингиз, қисқар­тирилган! Юқоридаги дастурнинг 8-бандида “Таълимнинг барча босқичларида давлат тили ўқитилиши ҳамда ўзбек тили ва адабиётини янада ривожлантириш борасидаги илмий, илмий-амалий изла­нишлар кўламини кенгайтириш” вазифаси қўйилиб, мазкур вазифани “Таълимнинг барча босқичларида ўзбек тили ўрга­нилиши кўламини кенгайтириш, давлат тилига доир билимларни мактабгача, умумий ўрта ҳамда олий ва ўрта махсус таълим тизимида босқичма-босқич шакллантириб боришга ўқув дастурла­рини ишлаб чиқиш” орқали бажарилиши белгилаб қўйилган. Ўқув режа тузув­чиларнинг мазкур дастурдан, қўйилган вазифалардан хабари бўлмаса керак, деган мулоҳазага борасан.

Бундан-да ачинарлиси, шу пайтгача бир гуруҳ иккига бўлиниб ўқитилаётган бўлса, мазкур ўқув йилидан гуруҳчаларга бўлинмай ўқитилиш топшириғи берилган! Яна ажабланасан, ўзимиз ўз тилимизни ҳурмат қилмай, оёқости қилаётган эканмиз, ўзга миллат вакилларидан қандай муносабатни кутиш мумкин? Юқоридаги дастур ижроси бажарилмас экан, яъни соатлар миқдори кўпайтирилмас экан, ҳеч бўлмаса, уни қисқартирмаслик кераклигини ўрта даражадаги раҳбарлар тушуниб етишлари керак-ку! Яқин ўтмишда барча босқичларда (мактабгача таълим даври бундан мустасно) ўзга тилли гуруҳлар учун ўзбек тилидан давлат аттестацияси жорий қилинган эди. Асоссиз равишда у олиб ташланди. Бизнингча, бу аттестацияни тиклаш вақти етди.

Бошқа давлатлар тажрибасини ўрганайлик, илтимос, биз учун ҳам фойдали. Масалан, Озарбойжон Республикаси “Давлат тили тўғрисида”ги қонуни 5-моддасида: “Таълим бошқа тилларда олиб бориладиган таълим муассасаларида озарбойжон тилини ўқитиш мажбурий. Ўрта махсус ва олий таълим муассаса­ларига киришда “озарбойжон тили” фа­нидан имтиҳон топширилади”, деб белгилаб қўйилган.

Арманистон Республикасида барча ўрта махсус, олий таълим муассасаларида арман тилидан кириш имтиҳонлари ва арман тили ўқитилиши мажбурийлиги қонун билан мустаҳкамланган.

Шу ўринда она тилимизнинг жонкуярларидан бири Зуҳриддин Исомиддиновнинг “Сўз қисмати” китобидан иқтибослар беришни лозим топамиз:

“Айримлар тил байрами арафасида жўшиб-жўшиб, “Ўзбек тили – бизнинг энг катта бойлигимиз”, “Она тилимиз – фахр-у ғуруримиз”, “Ўзбек тили – маданиятимиз кўзгуси”, дея “афоризмлар” ижод қила бошлашади. Невлай. Менинг учун она тилим бойлик эмас. Негаки, киши бойлигидан ажраса, қайғуради, аммо боши омон бўлса, яна топади. Тил бой бериладиган бўлса-чи? Абадул­абад алвидо айтилади. Шунинг учун ҳамон тили­миз бизнинг бойлигимиз эмас – борлигимиз, бор-у йўғимиз. Ва у фахр-ғурур обекти ҳам эмас.

Давлат тили деган тушунчани давлатнинг тили деб ҳам англаш мумкин. Яъни, Ўзбекистон давлатининг тили ўзбек тилидир. Бошқа бир тил эмас. Аммо давлат идораларида тўла ҳуқуқ билан ишлатиладиган тилгина чин давлат тили бўла олади, бошқа гапга ўрин йўқ. Бу дунёда ўзбекман деб юришдан мурод бошга дўппи кийиш-у наҳорги ошга боришдангина иборат эмас, ахир. Улуғ онамиз – она тилимизни эъзозлай олмасак, бошқасидан мурод нима, киммиз биз ўзи?”

Ўтган йили “Маърифат” газетасида эълон қилинган “Давлат тили муҳофазаси қандай бўлиши керак?” деган мақоламизда шундай фикр билдирган эканмиз: “Аксарият раҳбарларимиз орасида  “ўзбек тили нимага керак?” деган савол кўп такрорланади. “Нимага керак?” жумласи туфайли тилимиз мана шу аҳволга келди, бир пайтлар ўзга тилли гуруҳлар учун жорий қилинган Давлат аттестацияси олиб ташланди, ўқув соатлари қисқартирилди, ҳатто ўзбек тилини фан сифатида менсимаслик даражасига олиб келинди. Агар  “нимага керак?” дейилмаганда, бошқа давлатлардаги каби таълим рус тили­да олиб бориладиган йўналишларда ҳам давлат тилидан кириш имтиҳонлари қўйилган бўларди.

Ўтган давр мобайнида кўп хатоларга йўл қўйдик, кўп нарсани йўқотдик. Давлатимиз раҳбарининг тили­миз тўғрисидаги фармони ҳам шу­нинг учун қабул қилинди. Энди ортга қараб қилган хатоларимизни тўғрилаш, йўқотганларимизни қайта тиклаш учун имконият туғилди, “нимага керак?” деган саволдан бутунлай воз кечиш пайти келди. Фармоннинг номини эсланг: “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқейини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”, “тубдан” сўзига алоҳида эътибор беринг. Демак, тилимизнинг нуфузи ва мавқейини тубдан ошириш учун ҳаракат қилишимиз керак”.

Юқоридаги таҳлиллардан кўриниб турибдики, бизнинг онг-у шууримиз ҳали тўлалигича ўзгаргани йўқ, “нимага керак?” деган саволдан воз кеча олганимиз йўқ. Ҳақиқатан ҳам, ким бўлишимиздан қатъи назар, хоҳ оддий фуқаро, хоҳ катта-ю кичик лавозимдаги раҳбар бўламизми, она тилимизга меҳр-муҳаббат ҳисси бўлмас экан, “…миллий тилни йўқотмак – миллатнинг руҳини йўқотмакдур (А.Авлоний)” деган пурҳикмат жумлани онгимизга сингдирмас эканмиз, она тилимиз ҳимояси, нуфузи, мавқейи масаласи қоронғилигича қолаверади.

Зеро, Юртбошимиз айтганидек:

“Мухтасар айтганда, ҳар биримиз давлат тилига бўлган эътиборни мустақилликка бўлган эътибор деб, давлат тилига эҳтиром ва садоқатни она Ватанга эҳтиром ва садоқат деб билишимиз, шундай қарашни ҳаётимиз қоидасига айлантиришимиз лозим.

Бу олижаноб ҳаракатни барчамиз ўзимиздан, ўз оиламиз ва жамоа­миздан бошлашимиз, она тилимизга, урф-одат ва қадриятларимизга ҳурмат, Ватанга меҳримизни амалий фаолиятда намоён этишимиз керак”.

Иномжон АЗИМОВ,
филология фанлари номзоди, доцент

                                                                                    («Маърифат» газетаси 48-сон)