Яхши сарлавҳа — мақоланинг ярим муваффақияти

     Аслида яхши сарлавҳа маълум бир вақт сарфлаб ёзилган мақоланинг мазмун-моҳиятини белгилайди. Шунинг учун муаллиф мақолани ёзиб бўлганидан кейин уни қайта-қайта ўқиб, шунчаки жўнликдан қочиб, оригиналликка интилган ҳолда муштарийнинг эътиборини торта оладиган шаклдаги сарлавҳани танлаши лозим. Газета ёки журнални қўлига олган киши саҳифалардаги мақолаларга кўз югуртиради ва ўз кутмаган ажойиб сарлавҳани кўрганида “бу мақолага нега бунақа сарлавҳа қўйилибди?  Шуни бир ўқиб чиқай-чи”, дея алоҳида қизиқиш билан тезда мутолаага  киришади.

Аввалги йиллардаги матбуот орқали барчамизга ёд бўлиб кетган  “Фидойи педагог”, “Эзгуликка бахшида умр”, “Меҳнатдан бахт топиб…”, “Баракали ҳосил учун”, “Илм йўлида заҳмат чекиб…”, “Севимли касбини улуғлаб…”, “Вазифалар белгилаб олинди”,  “Раҳбар масъулиятли бўлса…”, “Изланганга толе ёр”, “Уюшқоқлиқ билан” каби сарлавҳаларнинг даври энди ўтди.  Замон ўзгариши билан ҳар бир соҳада муҳим янгиланишлар содир бўлаётган экан, биз—журналистлар ҳам ёзаётган мақолаларимизда аввало сийқа жумлаларни қўлламаслигимиз, фақат энг зарур фикрлар билангина битикларимиз ўқишли бўлишига ҳаракат қилишимиз керак.

Газеталарни варақлаганимда эътиборимни тортган айрим сарлавҳаларни мисол тариқасида келтираман. Вилоятимизда ижод қилаётган тажрибали журналист Муҳаммали Аҳмад кўплаб муваффақиятларга эришган ногирон спортчи аёл ҳақида ёзган мақоласини “Матонатнинг номи—Наталья” деб атагани ибратлидир. Бундай сарлавҳалар сарлавҳа танлашда ноанъанавий услуб қўлланганидан далолат беради. Газеталар саҳифаларидан ўрин олган айрим мақолаларнинг сарлавҳаларидан эсимда қолганлари ушбулар: “Янги Ўзбекистон боғига ташриф: ҳаяжон ва ҳайрат”, “Ҳожилик унвонми ёки мартаба?”, “Дипломга “Дунёқараш” деган китоб қўшиб берилмайди”, “Ўйнаб гапирсанг ҳам ўйлаб  гапир”, “Куяйинми-кулайинми?”, “ “Йиғлаётган орият”,  “Ўсма энди фақат қошга  қўйилмайди”, “Одинанинг янги номи—“Китобой”.

Хулоса ўрнида таъкидлаш жоизки, аввало ёзилиши жараёнида муаллифнинг ўзи томонидан жумлалар қайта-қайта таҳрир қилиниб, матнларга сайқал берилиб, стилистик, имловий, услубий, пунктуацион жиҳатдан камчиликлардан холи бўлган мақоланинг муваффақиятини яхши ўйлаб топилган сарлавҳа ҳам белгилашини чуқур англашимиз лозим. Ваҳоланки шунчаки лоқайдлик билан муносиб топилган жўн сарлавҳа яхши  ёзилган мазмундор мақоланинг ютуғига  соя солиши шубҳасиз.

                                                                            Ҳасан  АБДУВОҲИДОВ,

                                           “Янги Сирдарё” газетаси бўлим муҳаррири.