Сурхондарёда журналистлар кўчат экишда фаол

Хабарингиз бор, “Сурхон тонги” ва “Заря Сурхана” газеталари бирлашган таҳририяти жорий йилдан Термиз шаҳри марказида бунёд этилган замонавий икки қаватли бинода фаолият олиб бормоқда.

Сурхондарё вилоятида дарахт экиш бўйича “Долзарб 40 кунлик” доирасида бир гуруҳ журналистлар, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси вилоят бўлими ходимлари, уюшма аъзолари бўлган фахрийлар, “Сурхон тонги” ва “Заря Сурхана” газеталари янги биносида бўлиб, таҳририят ходимлари билан бино атрофи ва ҳовлисига мевали ҳамда манзарали дарахт кўчатларини ўтқазишди.

Бугунги кунда “Сурхон тонги” газетаси 14 минг 583 нусхада, “Заря Сурхана” газетаси 2 минг 557 нусхада таҳририятнинг ўз босмахонасида чоп этилаётгани, мўъжазгина иссиқхона эса қишин-ёзин ходимларни турли сабзавотлар билан таъминлашга хизмат қилаётгани ҳам эътиборга моликдир.

“Яшил макон” умуммиллий лойиҳасида фаол иштирок этишга бел боғлаган сурхондарёлик журналистлар ва фахрийлар экилган кўчатларнинг экологик мувозанатни сақлашдаги аҳамияти, мамлакатимизда ижодкорларга қаратилаётган эътибор ва яратилаётган шароитлар ҳақида суҳбатлашди. Дарахт экиш бўйича “Долзарб 40 кунлик” доирасида воҳада амалга оширилаётган ишларни кенг ёритиш, шу билан бирга, ўзлари ҳам боғ яратишга келишиб олишди.