ЕР ЮЗИНИНГ САЙҚАЛИ

2021-11-17T13:11:01+05:0017 Noyabr, 2021|Рукнсиз, Умумий янгиликлар|

Самарқандда бўлиб ўтган “Мамлакатдаги ислоҳотларни ёритишда жанрлар ва журналист маҳоратининг аҳамияти” мавзусидаги минтақавий семинар таассуротлари

— Самарқандда энг кўп обидаларни ким қурдирганини биласизми? — деб сўрайди Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов журналистлардан ва саволига ўзи жавоб беради. —  Ана шаҳарга боқинг, қайси биноларни кўряпсиз? Кўҳна обидалар ва кўкка бўй чўзган замонавий иншоотларни, тўғрими? Уларни кимлар бунёд этган: Соҳибқирон Амир Темур ва Президентимиз Шавкат Мирзиёев!  

Дарҳақиқат, тепаликдан кафтдек намоён бўлиб турган  шаҳарга боқиб ҳоким ҳақиқатни сўзлаётганига ишонч ҳосил қиласиз. Соҳибқирон бобомиз Амир Темур қурдирган обидалар — Бибихоним масжиди, Гўри Амир мақбараси ва Қорасув массиви, Самарқанд сайёҳлик маркази каби масканларда бунёд этилган замонавий осмонўпар бинолар биринчи навбатда кўзга ташланади.

Ер юзининг сайқали номини олган Самарқанд бугунги кунда кўплаб республикамиз ва халқаро миқёсидаги анжуманларга мезбонлик қилиб келаётгани тарихий биноларга, замонавий мажмуаларга бойлиги, туристик салоҳияти, шу билан бирга, халқимизга хос меҳмондўстлигидан ҳам далолат беради. Бу гал Самарқанд “Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик!” эзгу ғоясини ўзида мужассам этган “Мамлакатдаги ислоҳотларни ёритишда жанрлар ва журналист маҳоратининг аҳамияти” мавзусидаги минтақавий семинар иштирокчиларини ўз бағрига чорлади.

Маълумки, давлатимиз раҳбарининг шу йил Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан соҳа вакилларига йўллаган табригида журналистларнинг малакасини ошириш, уларнинг ижодий салоҳиятини юксалтириш, тажриба алмашишини йўлга қўйиш мақсадида ҳудудларда минтақавий семинарлар, давра суҳбатлари, учрашувлар ташкил этиш бўйича Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси олдига бир қатор вазифалар қўйилганди. Шундан келиб чиқиб, Уюшманинг жорий йил иккинчи ярмига мўлжалланган иш режасида бир неча ҳудудларда минтақавий семинарлар ташкил этиш кўзда тутилган. Аҳамиятли жиҳати шундаки, бундай минтақавий семинар иштирокчилари нафақат назарий билимларини ошириш, бугунги кунда оммавий ахборот воситаларига қўйилган талаблар ва тамойиллардан воқиф бўлиш, балки ўзаро тажриба алмашиб, ўша вилоятдаги нашрларнинг ҳолати, журналистларга яратилган шарт-шароитлар, ҳудудда амалга оширилаётган ислоҳотлар, бунёдкорлик ишлари билан ҳам яқиндан танишиш имконига эга бўлишмоқда. Мухтасар айтганда, минтақавий семинарлар оммавий ахборот воситалари ходимларининг эзгу мақсад  йўлида жипслашишига хизмат қиляпти.

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси, Самарқанд вилоят ҳокимлиги, уюшманинг Самарқанд вилоят бўлими ҳамкорлигида  Жиззах, Навоий, Самарқанд вилояти журналистлари учун ташкил этилган семинар мавзусидан аёнки, мамлакатимиз тараққиётининг янги босқичида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг маъно-мазмунини, самарасини кенг ёритиш оммавий ахборот воситалари ходимларидан юксак маҳорат талаб қилади. Бу жараёнда нафақат маҳорат, танланган жанрлар ҳам муҳим аҳамият касб этади.

Семинар қатнашчилари ўзаро тажриба алмашиб, бугунги ахборот асрида оммавий ахборот воситалари олдида турган вазифалар юзасидан фикрлашди, ислоҳотларни ёритишда журналистика, репортерлик санъати, таҳлил, бадиий-публицистик маҳоратни қўллай олишнинг аҳамияти ҳақида сўз юритди.

— Бугун ўзбек журналистикасида туб ўзгаришлар, сезиларли силжишлар, сўз эркинлигининг амалдаги исботи бўй кўрсатаётгани ҳеч биримизга сир эмас, — деди Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси Олимжон Ўсаров. — Соҳага эътибор жонланди, шу билан бирга ечимини кутаётган муаммоларимиз талайгина. Журналистларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, хизмат вазифасини эмин-эркин адо этиши учун тизимли ишларни кучайтириш зарур. Уюшма аъзоларининг билим ва малакасини ошириш мақсадида хорижий давлатларга саёҳатлар, тажриба алмашиш учун ижодий сафарлар уюштириш режалаштирилмоқда. Бугун босма оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлаш ҳар қачонгидан долзарб бўлиб турганини яхши биламиз.

Дарвоқе, минтақавий семинарни Олий Мажлис Сенати аъзоси, Ўзбекис­тон Журналистлари ижодий уюшмаси Самарқанд вилояти бўлими раҳбари Фармон Тошев олиб боргани бежиз бўлмади. Негаки, рес­публикамиз журналистлари орасида Самарқанд вилояти ҳақида сўз юритилганида, биринчи навбатда, шу таниқли ижодкор кўз олдимизда гавдаланади. Миллий журналистикамиз ривожига катта ҳисса қўшган, кўп йиллардан буён самарали ижод қилиб келаётган ва ўзига хос “устоз-шогирд” мактабини яратган Фармон Тошевдан ўрнак олсак арзийди. Чунки у мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларни оммавий ахборот воситаларида изчил, халқона тилда ёритиб бораётгани эътирофга моликдир.

Маълумотларга кўра, бугунги кунда Самарқанд вилоятида 39 та босма нашрлар чоп этилмоқда. Шундан 34 таси газета ва 5 таси журнал. Уларнинг бир марталик адади 80 минг нусхадан зиёд. Вилоятдаги ОАВ ходимларининг 10 нафардан кўпроғи маҳаллий Кенгашлар депутати сифатида жамоатчилик ишларида ҳам иштирок этмоқда. Самарқандлик журналистларнинг 8 нафари “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист” унвонига сазовор бўлган. Шунингдек, самарқандлик ижодкорлар “Олтин қалам” Миллий  мукофотининг турли номинацияларини 12 марта қўлга киритишган.

Айни пайтда вилоятдаги 39 та босма оммавий ахборот воситаси таҳририятларининг 16 таси ўз биносига эга, 8 таси муассис биносида, 15 та газета ва журнал таҳририятлари эса ижарада фаолият юритади.

Самарқанд вилоятида 50 нафардан ортиқ фаол блогер, мессенжер каналлари ва ижтимоий тармоқларда саҳифа юритувчи фуқаролар билан яқин муносабат ўрнатилган. Ушбу блогерлар ва фаол фуқаролар томонидан юритилаётган Telegram каналлари ва ижтимоий тармоқлардаги умумий аудитория 1 миллиондан зиёд фойдаланувчини ташкил этади.

Семинар доирасида самарқандлик бир гуруҳ фаол журналистлар  Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси аъзолигига қабул қилиниб, уларга аъзолик гувоҳномаси ва кўкрак нишонлари топширилди.

Шунингдек, Самарқанд вилоятида фаолият олиб бораётган 9 та босма нашрга “Yurida-Orfo” дастури сертификатлари Уюшма томонидан беғараз ёрдам сифатида тақдим этилди. Бу дастур кирилл ёки лотин алифбосидаги матнларнинг орфографик бехато ёзилишини таъминлашга мўлжалланган.

Ўзаро тажриба алмашиш мақсадида семинар қатнашчилари “Зарафшон”, “Самаркандский вестник” ва “Овози Самарқанд” газеталари таҳририятлари фаолияти билан яқиндан танишди. Улар вилоят матбуот музейидаги экспонатларни кўздан кечириш жараёнида Самарқанд миллий матбуотимизнинг бешиги бўлганига яна бир бор ишонч ҳосил қилишди.

Шундан сўнг тадбир иштирокчилари “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида Самарқанд вилояти “Матбуот уйи”  ҳовлисига кўчатлар ўтқазишди.

Вилоятда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари ҳақида батафсил маълумот бериш учун Қорасув массиви, Самарқанд сайёҳлик маркази, Маҳмудхўжа Беҳбудий уй-музейи ва бошқа мас­канларга уюштирилган  пресс-тур барчага манзур бўлди.

Шу ўринда журналистлар Маҳмудхўжа Беҳбудий уй-музейига бориши ҳам бежиз эмас. Яхши биламизки, буюк маърифатпарвар бобомиз миллий матбуотнинг пайдо бўлиши ва ўзбек журналистикасининг ривожига катта ҳисса қўшган зотдир. Беҳбудий ўзбек ва форс-тожик тилларида икки юздан ортиқ мақола ва асарлар яратган. Унинг “Тараққий”, “Хуршид”, “Осиё”, “Ҳуррият”, “Турон”, “Садои Туркистон”, “Самарқанд”, “Ойна” каби газета ва журналларда чоп этилган мақолалари ўша даврда тараққийпарвар кишилар, айниқса, ёшларнинг диққат-эътиборини қозонган. Уй-музейидаги экспонатлар ҳам Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг миллий матбуотимиз тарихида муҳим ўрин эгаллашидан бизни воқиф этади.

Пресс-тур доирасида Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов минтақавий семинар иштирокчилари билан учрашиб, вилоятдаги қурилиш-бунёдкорлик ишлари, ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга доир лойиҳалар тўғрисида маълумот берди. Бу учрашув минтақавий семинар қатнашчиларига янада кўтаринки руҳ бағиш­лади.

Мухтасар айтганда, Самарқандда ўтказилган минтақавий семинар таассуротларга бой бўлди. Бундай тадбирлар журналистлар ва соҳага қизиқувчи ижодкорларнинг маҳоратини ошириш,  ўзаро тажриба алмашинувини йўлга қўйиш ва оммавий ахборот воситалари равнақини таъминлашга хизмат қилиши билан муҳим аҳамият касб этади.

Суюндик МАМИРОВ,
Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси етакчи мутахассиси.