Коррупцияга қарши курашишда оммавий ахборот воситалари ўрни

2021-11-17T12:02:40+05:0017 Noyabr, 2021|Навоий вил., Умумий янгиликлар|

Коррупция — жамият тараққиёти кушандаси. Бугун бу иллатга қарши курашиш ва унинг олдини олиш бўйича қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Хусусан, мамлакатимизда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги фаолияти йўлга қўйилгани, шунингдек, коррупцияга қарши курашиш бўйича ҳудудий Кенгашлар тузилиб, бугунги кунда улар самарали фаолият юритиб келаётгани алоҳида аҳамият касб этади.

Навоий шаҳридаги Ёшлар марказида Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Навоий вилояти бўлими ҳамда Коррупцияга қарши курашиш вилоят ҳудудий Кенгаши билан ҳамкорликда мазкур янги тузилманинг мақсад ва вазифаларига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.

Таъкидлаш жоизки, вилоят ҳудудий Кенгашида давлат ва нодавлат ҳамда жамоат ташкилотлари, ОАВ вакилларилан иборат 38 нафар таркиб тасдиқланган. Уларнинг ҳар бири ўз йўналишидан келиб чиқиб, олдига қўйилган вазифани бажаришга киришган.
Матбуот анжуманида журналистларга вилоятда Кенгаш томонидан олиб борилаётган ишлар, ҳудудий Кенгашнинг мақсад ва вазифалари, келгусидаги режалари хусусида батафсил ахборот берилди.

Қайд этилдики, коррупцион ҳолатларнинг олдини олишда таъсирчан тарғибот воситаларидан самарали фойдаланишда ОАВнинг ўрни ўта муҳим. Зеро, бу иллатнинг олдини олишда унинг салбий оқибатларини ўзида мужассам этган турли кўрсатув ва материалларни кенг тарғиб этиш аудиториянинг бу борадаги муносабатини шакллантиришда муҳим аҳамият касб этади.
Матбуот анжуманида журналистлар томонидан мавзу доирасида берилган барча саволларга Кенгаш аъзолари атрофлича жавоб қайтарди.

Келгусида бу йўналишдаги анжуманларни кўпроқ ўтказиб, ҳудудий Кенгаш фаолияти юзасидан журналистларга ахборот бериб боришга келишиб олинди.

Отабек АСЛОНОВ,
Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси
Навоий вилояти бўлими раиси.