Бухорода пресс-тур ўтказилди

Бухоро вилоятида  халқ таълими тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар, чекка ҳудудларда ҳам ўқувчиларнинг сифатли таълим олиши учун яратилаётган имкониятлар билан танишиш мақсадида вилоят Халқ таълими бошқармаси ва Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси вилоят бўлими ҳамкорлигида Қоровулбозор туманига оммавий ахбарот воситалари вакиллари ва блогерлар иштирокида пресс-тур ташкил этилди.

Дарҳақиқат, “Янги Ўзбекистон мактаб остонасидан бошланади”,  деган ғоя асосида таълим тизимини тубдан ислоҳ қилишга қаратилган ислоҳотлар самараси бугун чекка-чекка ҳудудларда ҳам яққол кўзга ташланмоқда.

Пресс-турнинг илк манзили  тумандаги  5-умумтаълим мактаби бўлди.  Мазкур мактабда 300 нафарга яқин ўқувчилар таҳсил олади. Тадбир иштирокчилар замонавий жиҳозланган спорт зали, кутубхона, синф ва компьютер хоналарини кўздан кечириб, ўқувчилар учун яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишди.

Пресс-тур доирасида оммавий ахбарот воситалари вакиллари 3-умумтаълим мактабига ҳам бориб, 418 нафар ўқувчига сабоқ бериб келаётган ўқитувчилар билан суҳбатлашди. Таълим сифати ва самарадорлигини ошириш мақсадида қўлланилаётган замонавий ўқув услублари кўпчиликда қизиқиш уйғотди.

Шу ўринда,  Қоровулбозор туманидаги таълим муассасаларини 2021-2022 ўқув йили куз-қиш мавсумига тайёрлаш ишлари самарали якунланганини ҳам таъкидлаб ўтиш жоиз.

Айни пайтда мустақил ҳаёт остонасига қадам қўйган битирувчиларнинг бандлигини таъминлаш, уларнинг жамиятда ўз ўринига эга бўлишига кўмаклашиш устувор вазифалардан бири саналади. Яратилаётган имкониятлар туфайли чекка ҳудудда истиқомат қилишига қарамай, қоровулбозорлик ўқувчилар бугун кўплаб ютуқларни қўлга киритишмоқда. Битирувчиларнинг олий ўқув юртига кириш кўрсаткичи бўйича ўтган ўқув йилида Қоровулбозор туманида юқори натижа қайд этилган. Жорий йилда ҳам рейтингдаги ўрнини сақлаб қолгани эътирофга моликдир.

Қоровулбозорлик ўқувчиларнинг спорт йўналишидаги натижалари ҳам анча салмоқли. Тумандаги 4-мактабнинг 5-синф ўқувчиси Рухшона Амруллаева  кикбокс спорт тури бўйича ўтказилган Ўзбекистон кубогида муваффақиятли иштирок этиб олтин медални,  6-синф ўқувчиси Шахина Неъматова эса кумуш медални қўлга киритган.

Тадбирнинг сўнгги манзили тумандаги 4-умумтаълим мактаби бўлди. Ўқув даргоҳида айни кунда 276 нафар ўқувчи таҳсил олмоқда. Туманнинг чекка ҳудудидаги бу замонавий мактаб ташқи кўриниши, синф хоналарининг иҳозланиши жиҳатидан шаҳардаги мактаблардан фарқ билмайди.

Мухтасар айтганда, пресс-тур иштирокчилари туман марказидан 30-20 километр олисда жойлашган 3-,4-,5-умумтаълим мактабларининг бугунги  фаолияти билан танишиб, чекка ҳудудларда ҳам ёшларимизнинг билим олиши учун замонавий шарт-шароитлар яратилганига яна бир бор гувоҳ бўлишди.

Ш. ОЧИЛОВ,

Ўзбекистон Журналистлари ижодий ушюшмаси

Бухоро вилоят бўлими мутахассиси