Нарх-наволар ва шартномалар — истеъмолчилар ҳуқуқлари қай соҳаларда кўпроқ бузилмоқда?

Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси Навоий вилояти ҳудудий бошқармаси ҳамда бошқарма ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигининг вилоят ҳудудий бошқармаси фаолиятига бағишланган матбуот анжуманида айни савол муҳокамалар марказида бўлди.

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси вилоят бўлими ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур матбуот анжуманида идора мутасаддилари, ОАВ вакиллари ҳамда депутатлар иштирок этди.

Дастлаб, Уюшма вилоят бўлими раиси О.Аслонов анжуманни очиб бераркан, вилоятда давлат органлари фаолияти очиқлигини таъминлашда журналистларнинг роли ошиб бораётгани хусусида тўхталди. Шундан сўнг иккала бошқарма фаолияти юзасидан батафсил маълумот берилди.

Хусусан, 2019 ва 2020 йиллар ҳамда 2021 йилнинг 9 ойи давомида вилоятдаги табиий монопол субъектлари томонидан белгиланган нархларни асоссиз ошириш ҳисобига нотўғри олинган 61 млрд. 303 миллион сўмлик маблағлар истеъмолчиларга ва тадбиркорларга ундириб берилган.

Табиий монопол қонунчиликка оид ҳужжатларнинг бузилиши бўйича  бу даврда жами 40 га яқин мурожаатлар келиб тушган. Табиий монопол субъектлар давлат реестрида Навоий вилояти бўйича 2019 йилда 9 та корхона мавжуд бўлган бўлса, ўтган даврда жами 3 та субъект реестрдан чиқарилган. Қолаверса, сўнгги 2 йилда 5 та субъект мазкур рўйхатга киритилиб, 2021 йилнинг 1 октябрь ҳолатида монопол корхоналар сони 10 тани ташкил этаяпти. Бундан ташқари ўтган даврда товар-молия бозорида устун мавқе эгаллаб турган 10 та хўжалик (16 та хизмат тури бўйича) мавжуд бўлиб, бугунга келиб 6 та хўжалик реестрдан чиқарилди.

Бошқарма мутахассислари томонидан 2019, 2020 ҳамда 2021 йилларда вилоятда ўтказилган жами 943 млрд. сўмлик мингдан ортиқ танлов-тендер савдолари ўрганилиб, 820 та ҳолатда қонунбузилиш ҳолатлари аниқланган. 91 та ҳолатда иш қўзғатилиб, камчиликларни бартараф этиш юзасидан тегишли ташкилотларга мажбурий кўрсатмалар юборилган ҳамда 28 нафар мансабдор шахсларга нисбатан маъмурий баённомалар расмийлаштирилган.

Истеъмолчиларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасида эса 2020 йил ҳамда 2021 йилнинг 9 ойи давомида жами 1756 та мурожаат кўриб чиқилиб, 808 нафар истеъмолчининг бузилган ҳуқуқлари тикланган. Бу борада тегишли бошқарма мутахассислари нарх-наволар, хусусан дори-дармонлар нархларининг асоссиз оширилиши, реклама бозоридаги қонунбузилишлар ҳамда бошқа йўналишларда тегишли вазифалар олиб борилмоқда.

Бошқармамиз фуқаролар ҳамда қурилиш корхоналари ва банк муассасалари ўртасида тузиладиган шартномаларни доимо ўрганиб боради, — дейди Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва реклама фаолиятини тартибга солиш бошқармаси бошлиғи Валижон Адизов. — Афсуски, йиллик ҳисоботларимизда 80 фоиз ҳолатда бундай шартномаларда истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини чекловчи талаблар мавжудлиги кузатилмоқда. Тегишли қонунларимизга зид бундай ҳолатлар тушунтирилганида айрим ташкилотлар ўз шартномаларини ўзгартириб, истеъмолчилар ҳуқуқларини инобатга олишаяпти. Бироқ, кўпгина ҳолатларда тегишли талаблар асосиз қолдирилаяпти. Бу эса юртдошларимизнинг уй, машина ва бошқа маҳсулотларни сотиб олаётган вақтда тузиладиган шартномалар мазмунига жиддий эътибор қаратишлари лозимлигини кўрсатади.

Матбуот анжуманида дори воситалари ҳамда йўлкира нархларининг асоссиз кўтарилиши, иссиқ сув таъминотидаги муаммолар атрофлича муҳокама қилиниб, айрим масалаларни ҳамкорликда ўрганиш ва уларнинг ечими борасида таклифлар ишлаб чиқишга келишиб олинди. Бундан ташқари, 2021 якунлари бўйича анжуман ташкил этиш белгиланди.

Ўзбекистон Журналистлар ижодий уюшмаси Навоий вилоят бўлими.