Навоий вилоятида “Salomatlik” газетасининг 25 йиллиги кенг нишонланди

Навоий вилояти матбуот ва журналистика мактаби ташкил топганига қарийб 100 йил бўлди. Бугунги кунда вилоятда шаҳар-туман нашрлари билан бирга бир нечта хусусий, жами 30 тадан зиёд газеталар муштарийлар қўлига етиб бораяпти. 

Нафақат тиббиёт соҳаси вакиллари, балки кенг аҳоли қатламига долзарб мавзуларга доир маълумотларни, фикр-мулоҳазаларни етказиб бераётган “Salomatlik” газетаси бу борадаги энг пешқадам ҳамда фаол нашр саналади. Мустақилликнинг илк йилларида, яъни 1996 йилда забардаст ижодкор Иброҳим Жумаевнинг саъй-ҳаракати билан ташкил этилган ушбу газета 25 йиллик даврни босиб ўтди. Дастлаб газетанинг нусхаси мингтага ҳам етмаган бўлса, секин-аста долзарб ва қизиқарли мақолалар билан ўз ўқувчиларини топиб, бугунги кунда 4 минг нусхада чоп этилмоқда. Ўтган мана шу даврда таҳририятда ўзига хос журналистика мактаби яратилиб, бу ерда тажриба тўплаган (марҳум) Нарзулла Тилавов, айни пайтда фаолият олиб бораётган Жамолиддин Аҳтамов, Зилола Ибрагимова, фотомухбир Алишер Жумаев, саҳифаловчи Мангуберди Иброҳимов каби ижодкорлар номини эътироф билан тилга олиш мумкин.

Куни кеча Навоий вилоятида “Salomatlik” газетаси ташкил топганининг 25 йиллиги кенг нишонланди. Сана муносабати билан Кармана туманидаги “Истиқлол” тантаналар уйида байрам дастурхони ёзилиб, вилоят матбуоти жонкуярлари ҳамда тиббиёт соҳаси вакиллари таклиф этилди. Тантана аввалида таҳририят жамоасига Навоий вилояти ҳокимининг табриги ўқиб эшиттирилиб, газетага вилоят ҳокимининг совғаси — компьютер жамланмаси туҳфа қилинди.

Шундан сўнг Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси Олимжон Ўсаров барчани юбилей билан қутлаб, бугунги кунда юртимизда журналистика соҳасини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар хусусида тўхталди, шунингдек, мазкур соҳада босма нашрларнинг алоҳида аҳамияти борлигини эътироф этди ҳамда таҳририятга уюшманинг ташаккурномаси ва эсдалик совғаларини тақдим қилди.

Уюшма раиси юбилейга таклиф этилган яна бир меҳмонни — Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати сифатида фаолият олиб борган А.Бобомуродовани тақдирлаб, бу навоийлик давлат ва жамоат фаоли юртимиз матбуотига оид бир қатор қонунчилик ҳужжатларини ишлаб чиқишда ташаббускор бўлганини таъкидлади.

Тадбир давомида Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмаси Навоий вилояти бўлими томонидан ҳам юбилейга ташриф буюрган меҳмонларга ва таҳририят жамоасига эсдалик совғалари тақдим этилди.

Таҳририятимиз ўз тарихида, яъни 2016 ва 2020 йилларда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги жамоат фонди грант лойиҳалари совриндори сифатида бир қатор амалий ишларни олиб борган, — дейди “Salomatlik” газетаси бош муҳаррири Иброҳим Жумаев. — Бу борада ҳам  нашримиз кўпгина газеталарга ўрнак бўлаяпти, десам хато бўлмайди. Бундан ташқари, айни пайтда замон талабидан келиб чиқиб тайёрланаётган хабар ва мақолаларни ижтимоий тармоқлардаги расмий каналларимиз орқали тарқатишга ҳам алоҳида эътибор қаратаяпмиз. Бу эса кўпроқ ўқувчилар аудиториясини жалб қилиш имконини бермоқда.

Мен бевосита “Salomatlik” газетасидан илҳомланиб, бош муҳарриридан маслаҳат олган ҳолда Бухоро вилоятида “Бухоро шифокори” номли нашр ташкил этганман, — дейди тадбирнинг яна бир қатнашчиси, “Бухоро шифокори”  газетаси муҳаррири С.Қодиров. — Саккиз йилдан буён фаолият олиб бориб, айни пайтда вилоятдаги номдор газеталардан бирига айландик.

Юбилей тадбири ижод аҳли учун дийдор кечаси бўлиши билан бирга давра аҳли учун янграган дилрабо куй-қўшиқлар барчага завқ улашди.

Тадбир доирасида Навоий вилоятида фаолият олиб бораётган бир гуруҳ журналистларга Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмасининг аъзолик гувоҳномалари ва эсдалик нишонлари топширилгани барчани мамнун этди.

Бугун мен учун қувончли кун бўлди, — дейди уюшма аъзолигига қабул қилинган ижодкорлардан бири Ж.Аҳтамов. — Журналистика соҳасида 35 йилдан буён ишлаётган бўлсам, асосий фаолиятим “Salomatlik” газетаси билан боғлиқ. Юксак эътибор учун уюшма раҳбариятидан миннатдорман.

Дарҳақиқат, Президентимиз Шавкат Мирзиёев 27 июнь — Матбуот ва оммавий ахоборот воситалари ходимлари куни муносабати билан журналистларга йўллаган табригида қуйидаги фикрларни билдирган эди: “Оммавий ахборот воситалари мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ўзгариш ва янгиланиш жараёнларини ҳар томонлама таҳлил қилиб, жойлардаги ижтимоий муаммолар, хато ва камчиликларга давлат идоралари ва жамоатчилик эътиборини қаратаётганини алоҳида қайд этиш лозим”.

Бу мезон вилоят тиббиётчиларининг севимли нашри саналган “Salomatlik” газетаси фаолиятига тўла мос келади.  Шу маънода, газетанинг ҳар бир сони ўзини интиқлик билан кутувчи муштарийларига доимо етиб бораверсин, таҳририят жамоаси ижоддан, изланишдан чарчамасин, деб қоламиз!

Озод МУСТАФОЕВ,
Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси
Навоий вилояти
бўлими мутахассиси.