Самарқанд кулолчилиги ривожланяптими?  

Бугун вилоятда кулоллар камми, кўпми? Уларнинг фаолият юритиши учун шароит яратилганми? «Уста-шогирд» анъанаси касбларнинг бу турида қандай йўлга қўйилган? Ёш кулоллар сафи кенгаяяптими? Улар хом ашё – хос тупроқни қаердан олади? Тайёр маҳсулотларни қаерда сотади? Шу ва бошқа саволларга яқинда вилоят Матбуот уйида «Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 23 мартда қабул қилган “Кулолчиликни жадал ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори ижроси қандай амалга оширилмоқда?» мавзусида ташкил этилган матбуот анжуманида жавоб изланди.

Анжуман Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Самарқанд вилоят бўлими ҳамкорлигида ташкил этилди.    Унда «Ҳунарманд» уюшмаси вилоят бошқармаси бошлиғи Умид Ҳакимов дастлаб Президентимизнинг мазкур қарори мазмун-моҳияти ҳақида тўхталди.

– Ушбу ҳужжатга кўра, кулолчиликни янада ривожлантириш, “Уста-шогирд” анъаналарини сайқаллаштириш, маҳсулотларни ички ва ташқи бозорга чиқариш борасида кенг имкониятлар яратилди, – деди У.Ҳакимов. – Жумладан, кулолчилик йўналишида зарур хом ашё базасини яратиш, кулолларга ер майдонлари ва бинолар ажратиш, асбоб-ускуна ва жиҳозлар билан таъминлаш, қулай шартларда кредитлар ажратиш шулар жумласидан. Муҳими, “Уста-шогирд” анъаналари асосида ёшларга ҳунар ўргатаётган кулолларга шогирдлар тайёрлаши,  хом ашё сотиб олиши ва шогирдларини иш ҳақи билан таъминлаши учун субсидиялар ажратилади.

Бугун вилоятда 60 нафарга  яқин кулол фаолият юритяпти. Уларнинг ҳар бири 5-10 нафаргача шогирд тайёрламоқда. Кулолларнинг аксарияти ўз хонадонида ишлаяпти. Уларга имконият яратиш мақсадида Самарқанд шаҳридаги Оби Раҳмат маҳалласи, “Афросиёб” харобалари ён томони, Сиёб канали ўнг ёқасидан лойиҳага асосан кулолчилик маркази қурилиши ишлари бошланди. Бу ҳақда Самарқанд шаҳар ҳокимининг қарори қабул қилинди. Ушбу марказнинг қурилиш ишлари 2022 йил 1 апрелда якунланади. Бу эса, уста кулолларга эркин ишлаш, ёшларга ўз ҳунарини ўргатиш, чет эллик ва маҳаллий сайёҳларга мастер-класслар ташкил этиш имконини беради.

Матбуот анжуманида журналист ва блогерлар саволларига жавоб берилди.

Акрам Ҳайдаров

журналист