Ҳамкорлик йўлидаги муҳим қадамлар

2021-10-28T17:01:56+05:0027 Oktabr, 2021|Умумий янгиликлар|

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови жараёнларини ёритиш  мақсадида мамлакатимизда бўлиб турган хорижий ОАВ вакиллари Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси фаолияти билан ҳам яқиндан танишиш истагини билдиришмоқда. Жумладан, Россия Федерацияси «ЕвроМедиа» халқаро нашриёт уйи ҳокимият органлари билан алоқалар департаменти директори Галина Амирова, “МедиаЮг” нашриёт уйи ижрочи директори Владимир Денисовнинг таклифига кўра,  27 октябрь куни Миллий матбуот марказида Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси Олимжон Ўсаров билан учрашув бўлиб ўтди.

Учрашувда Президент сайлови очиқлик, ошкоралик тамойили асосида ўтказилганлиги, Ўзбекистонда ОАВ вакилларига яратилган шароитлар, медиа-муҳитнинг очиқлик сиёсатига, матбуотнинг жамиятдаги ўрнига катта эътибор қаратилаётганлиги алоҳида қайд этилди.

 

Шунингдек, 2019 йилда Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси ва Россия журналистлари уюшмаси ўртасида имзоланган меморандум ижроси доирасида амалга оширилаётган ишлар, икки давлат ОАВ вакилларининг ҳамкорлиги масалалари муҳокама қилинди ҳамда келгусида амалга оширилиши режалаштирилаётган ишлар, жумладан, икки давлат журналистлари ўртасида ўзаро тажриба алмашиш, ёш журналистлар учун семинар-тренинглар ташкил этиш, юртимизга россиялик журналистлар туризмини йўлга қўйиш бўйича фикр алмашинилди.

Меҳмонлар Ўзбекистон Миллий матбуот маркази фаолияти билан яқиндан таништирилди, давлат органлари ва ОАВнин ўзаро ҳамкорлиги, мунтазам равишда матбуот анжуманлари, брифинглар ва бошқа тадбирлар айнан мазкур марказда ўтказилаётгани ҳақида маълумот берилди.

Учрашув сўнггида томонлар эсдалик совғалари билан алмашишди.

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси ахборот хизмати