Бухоролик ижодкорлар Фарғона сафарига отландилар

– Фарғона вилояти журналистлари ижодий уюшмаси ҳамда «Buxoro yoshlari» газетаси ташаббуси билан икки вилоят матбуот ва ОАВ ходимлари ўртасида ижодий сафар уюштиришнинг режалаштирилгани биз, вилоят АОКБ ходимларини хайрли ҳамкорликка ундади. Давлат ва нодавлат ташкилотлар ўртасидаги ижтимоий шерикликни кучайтиришга қаратилган мақсадли лойиҳани қўллаб-қувватладик. Айниқса, ушбу ижодий сафарга вилоят ҳокимлиги раҳбариятининг ҳам муносиб эътибори сафарга жўнаб кетаётган ижодий гуруҳ аъзоларини руҳлантирлантирди. Бугун Бухоро журналистикасини ривожлантириш учун соҳа келажагига даҳлдор мақсадли режа ва лойиҳаларни қўллаб-қувватласак, у эртага вилоят маънавий ҳаётининг янада барқарорлашувига хизмат қилади, – деди Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги Бухоро вилояти ҳудудий бошқармаси бошлиғи Гулнора Самиева.

Бухоро вилоят ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Бухоро вилояти Кенгаши муассислигидаги “Buxoro yoshlari” газетаси, “Истиқлол” нодавлат телерадиокомпанияси  Фарғона вилоятидаги Матбуот ва ОАВ билан ҳамкорликни йўлга қўйиш, ижтимоий шерикликни кучайтириш мақсадида Бухоро вилояти Матбуот ва ОАВда фаолият кўрсатаётган ёш журналист, блогер ва техник операторларнинг маҳоратини ошириш ҳамда уларнинг фаоллигини юксалтиришга қаратилган ушбу ижодий сафар Бухоро журналистикаси ривожида катта аҳамият касб этади.

Маълумотга кўра, ушбу ижодий сафар мақсади босма ОАВ (газета дизайнери), телевидение, радио журналистика, фото журналистика, интернет журналистика, бошловчилик маҳорати, шунингдек, ёш таржимон журналистлар йўналишларида тажриба алмашинилади.

Миллий матбуотнинг халқаро медиа майдондаги муносиб ўрнини нодавлат оммавий ахборот воситалари орқали ривожлантириш билан бирга давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари билан ижтимоий шериклик муносабатларни кучайтиришга йўл очилади.

Икки вилоят ОАВ ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаб, бухоролик ва фарғоналик ёш журналистлар томонидан кўрсатув, телелавҳа, мақола ҳамда бошқа турдаги ижодий ишларнинг ёритилиши тўлақонли таъминланади.

– Яқинда «Buxoro yoshlari» газетасининг «Мустақиллик йилларида мамлакатимизда турли соҳаларда эришилган ютуқлар ҳақида кенг жамоатчиликни хабардор қилишга қаратилган лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш» дастури асосидаги  «Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик!» грант лойиҳаси учун 40 000 000 сўм ажратилгани ҳақида хабар берилган эди. Ушбу ижодий сафар ҳам айнан Таҳририят лойиҳасининг илк тадбирлари сирасига киради. Лойиҳамизни қўллаб-қувватлаган ва иқтисодий таянч бўлган Бухоро вилояти давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларига миннатдорлик билдирамиз, – деди газета бош муҳаррири Лайло Ҳайитова.

Маълумот ўрнида: Ижодий сафар муносабати билан “Buxoro yoshlari” ва “Фарғона ҳақиқати” газеталари қўшма сонлари ҳамда Бухоронинг “Маънавият сарчашмаси” ва Ёзёвон туман ҳокимлигининг “Марказий Фарғона” газеталари қўшма сони нашрдан чиқади.

– Бундай катта жамоа билан илк бор ижодий сафарга жўнаб кетаяпман. Тўғриси, жудаям хурсандман, кайфиятлар аъло. Шунақа чиройли ижодий гуруҳ таркиб топибдики, ҳатто, бир купеда ўндан ортиқ ҳамкасблар сиғишиб ўтирдик.Суҳбатлар роса қизиди. Баҳру-байту мушоирахонлик авж олди. Қўшиқчиликдаям устамон ҳамкасблар борлигини кўриб, тўғриси, завқим ошди. Ижодий сафаримиз бетакрор ўтишига ишонаман,-деди «Севимли» тв мухбири Саида Эргашева.

“Buxoro yoshlari” газетаси