ОАВ вакиллари Навоий вилоятидаги сайлов участкалари фаолияти билан танишди

2021-10-23T13:55:43+05:0023 Oktabr, 2021|Навоий вил., Умумий янгиликлар|

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 5-Навоий округ сайлов комиссияси матбуот маркази ҳамда Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси вилоят бўлими ҳамкорлигида сайлов участкаларида сайловчилар учун яратилган шароитлар билан танишиш мақсадида ОАВ вакиллари учун пресс-тур ташкил этилди.

Дастлаб Навоий шаҳридаги “Ишга марҳамат” мономарказида ташкил этилган 46-сайлов участкаси фаолияти билан танишилди. Мазкур сайлов участкасида “Ватан” маҳалласининг Навоий ва “Меъморлар” кўчасида истиқомат қилувчи 2144 нафар сайловчи овоз беради. Жорий йилнинг 14-19 октябрь кунлари 80 нафар сайловчи муддатидан олдин овоз берган.
Пресс-тур иштирокчиларининг навбатдаги манзили Навоий шаҳридаги 5-умумтаълим мактабида жойлашган 6-сайлов участкаси бўлди. Бу ерда сайловни ўтказиш учун барча шароитлар яратилган. Участкада 2595 нафар сайловчи овоз бериши режалаштирилган бўлиб, уларнинг 360 нафари 30 ёшгача бўлган ёшлардир.

Хотин-қизлар 1640 нафарни, биринчи марта овоз берувчи йигит-қизлар эса 29 нафарни ташкил этади. Участка тўлиқ жиҳозланган ва видео-трансляция қилиш учун камера ўрнатилган. Шунингдек, бир марталик тиббий ниқоб, антисептик воситалар, комиссия аъзолари учун ҳимоя воситалари етказиб берилди. Бугунги кунга қадар, яъни 19 октябрь ҳолатига 65 нафар фуқаро муддатидан олдин овоз берди.

Кармана туманидаги 21-умумтаълим мактабида жойлашган 64-сайлов участкаси фаолияти билан ҳам танишилди. Сайловни юксак савияда ўтказиш мақсадида олиб борилаётган ишлар билан яқиндан танишилди.
Пресс-тур иштирокчилари Навоий шаҳридаги “Ёшлар маркази”да жойлашган 5-Навоий округ сайлов комиссияси фаолияти билан танишгач, улар учун матбуот анжумани ташкил этилди.

Округ сайлов комиссияси раиси Нормурод Исоқов шу кунга қадар жойлардаги сайлов участкаларида амалга оширилган ишлар ҳақида тўхталиб ўтди. Таъкидланганидек, вилоятдаги мавжуд 411 та сайлов участкасининг барчаси тўлиқ жиҳозланган бўлиб, уларнинг ҳар бирига 2 донадан компьютер жамланмаси ва 1 донадан принтер ускунаси етказиб берилган.

Марказий сайлов комиссияси томонидан вилоятдаги мавжуд 11 та шаҳар ва тумандан биттадан участка сайлов комиссияси танлаб олиниб, онлайн видеoкузатув тизими жорий этилган. Натижада участкадаги сайлов билан боғлиқ жараёнларни бевосита кузатиш имконияти бор. Аҳамиятлиси, ушбу жараёнларни бутун дунёга трансляция қилиш мумкин.

Округ сайлов комиссияси раисининг берган маълумотига кўра, сайлов пандемия шароитига тўғри келганлиги сабабли барча участкаларга бир марталик тиббий ниқоб, антисептик воситалар, комиссия аъзолари учун ҳимоя воситалари етказиб берилган.
Матбуот анжуманида журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларга масъуллардан атрофлича жавоб олди.

ЎзЖИУ Навоий вилояти бўлими.