Тўрт номдаги ажойиб туҳфа

2021-10-25T14:58:11+05:0022 Oktabr, 2021|Умумий янгиликлар|

Тиббиёт ва адабиёт шунчаки қофиядош сўзлар эмас, ҳар икки соҳа инсоннинг ҳам руҳан, ҳам жисмонан саломатлигига, башар баркамоллигига хизмат қилади. Атоқли олим  Жуманазар Бекназаровнинг ҳам бир қаноти тиббиёт бўлса, бир қаноти — адабиёт.

Дарҳақиқат, халқимиз саломатлигини мастаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшиб келаётган машҳур жарроҳ, тиббиёт фанлари доктори, профессор Жуманазар Бекназаров болалар урологияси соҳасидаги муаммолар, ечимини кутаётган масалалар, оилада тиббий маданиятнинг ўрни, миллат генофондини асраш, шарқ тиббиётининг ҳозирги даврдаги аҳамияти каби кўплаб мавзуларни ҳар қандай суҳбатдошига содда тилда тушунтириб, албатта, унинг меҳрини қозонади.

Жуманазар аканинг ғайратига тан бериш керак. Жарроҳлик амалиётини ўтказиш, беморларни текшириб, уларга муолажа белгилаш, одамлар билан мулоқотлар, илмий кенгашларда қатнашиш, илмий тадқиқотлар олиб бориш, ижодий ишлар билан шуғулланиш, газеталарга мақолалар тайёрлаш… барчасига улгуради.

Яқинда Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси кутубхонасига Жуманазар Бекназаров ўзининг “Буюк Сино”, “Нотинч ўйлар оғушида”, “Туйғулар зиёси”, “Йиллар силсиласи” номли китобларини туҳфа қилди. Шу ўринда таъкилаш жоизки,  асли касби шифокор бўлишига қарамасдан, бадиий адабиёт соҳасида ҳам баракали ижод қилиб келаётган Ж.Бекназаровнинг асарлари китобхонлар қалбидан муносиб ўрин эгаллаган.

Муаллифнинг “Буюк Сино” маърифий романи қомусий илмлар соҳиби, буюк аллома, Ибн Сино ҳаёти ва табобат соҳасида амалга оширган беназир кашфиётларининг илмий-бадиий талқинига бағишланган. “Нотинч ўйлар оғушида” китобида табобатнинг ютуқлари, шарқ тиббиётининг аҳамияти, Нобель мукофоти билан тақдирланган олимларнинг тиббиёт соҳасидаги оламшумул кашфиётлари ҳақида сўз боради. Жуманазар Бекназаров “Туйғулар зиёси” ва “Йиллар силсиласи” номли шеърий китобларига жамланган асарларида ҳаётни юксак пафос билан куйлайди. Халқимизнинг олис-яқин тарихи, истиқлол йўлидаги курашлар ва у туфайли қўлга киритилган имкониятлар, Ватан равнақи, унинг келажагига буюк ишонч, илм йўлидаги риёзатлар, ҳалоллик, поклик, муҳаббат, мураккаб инсоний муносабатлар шоир шеърларининг асосий мавзусидир. Муаллиф қаламга олган ҳар бир мавзусини содда ва равон тилда юксак маҳорат билан  талқин этади.

             Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси ахборот хизмати