ҲАҚИҚАТ ЙЎЛИ

2021-10-22T18:48:31+05:0022 Oktabr, 2021|Умумий янгиликлар, Ҳафта мақоласи|

Ўзбек журналистларининг Президент сайловига оид  чет эллардан тайёрланган репортажлари ва лавҳаларини кўриб, рости, ғурурландим. Улар дунёнинг турли бурчакларидан, хусусан, АҚШ, Франция, Англия, Германия, Жанубий Корея, Индонезия, Малайзия, Туркия, Россия, Тожикистон, Кувайт, БАА ва бошқа мамлакатларда таҳсил олаётган, ишлаётган ва яшаётган юртдошларимизнинг ҳамда бу муҳим сиёсий жараёнга хорижликларнинг қизиқишлари, муносабатлари ҳақида жонли эфирда телетомошабинларга ахборот етказаётгани қувонарли ҳол, албатта.  Ҳолбуки, бу ҳақда 5-6 йил  сўз юритилганда ҳеч ким ишонмаган бўларди.

“Жаҳон” ахборот агентлигининг аҳён-аҳён хабарлари бериларди, бугун эса “Дунё” номи билан бу агентлик ҳам ўз фаолиятини жонлантирган. Токиода  бўлиб ўтган Ёзги олимпиададан ҳам спортчиларимиз ютуқлари ҳақидаги муждаларини биринчи манба — ўзимизнинг журналистларимиздан олдик.

Бундан бир неча йил олдин мамлакатда ахборот тақчиллиги мавжудлигини барчамиз ҳис этган, ўзимизда бўлаётган воқеа-ҳодисаларни хориж ОАВдан олар эдик. Бугун АОКА, Миллий матбуот марказида мунтазам равишда турли вазирлик ва идоралар  ўз соҳаларига оид  матбуот анжуманлари ташкил этмоқда, журналистларнинг саволларига жавоб бермоқда. Ўзбекистон Республикаси Президенти матбуот котибини  эса  журналистлардан ташқари бутун мамлакат аҳли ҳам яхши билади. Ҳар ҳафтанинг душанба куни  нафақат маҳаллий журналистлар, балки хориж ОАВ вакиллари иштирокида брифинг ўтказиб келмоқда, телевидение ва  ижтимоий тармоқларда дунё аҳли Президентимиз фаолияти ва ҳафталик иш режаларига оид ахборотларни уч (ўзбек, инглиз, рус) тилда Матбуот котибининг ўзидан эшитмоқда.

Бундай ўзгаришларни, рости, беш-олти йил илгари тасаввур қилиб бўлмасди.  “Халқ билан мулоқот” тамойили билан сиёсат майдонига чиққан Президентимиз  сўз эркинлигини таъминлашда ҳам ўзи ташаббускор бўлди. Ва бугун эса, биз буткул ЯНГИ АХБОРОТ МАЙДОНИда яшаяпмиз. Зеро,

Президентимизнинг мақсади ҳам шу эди. “Оммавий ахборот воситаларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш давом эттирилиб, журналистларнинг эркин фаолият юритиши учун зарур шарт-шароитлар яратилади. Мен, ҳақиқат ва адолатни ўз эътиқоди деб биладиган барча журналистларни — ислоҳотларнинг фаол иштирокчилари, ўзимнинг энг яқин дўстларим деб биламан ва улар ҳамиша Президент ҳимоясида бўлади”,  деди Президент бу борада.

Дарҳақиқат, ютуқлар, марралар осонликча қўлга киритилмайди. Бу аксиома — исбот талаб қилмайдиган ҳаётий ҳақиқатни, афсуски, ҳамма бирдек тушунавермайди. Ҳатто англаган тақдирида ҳам қадрига етавермайди. Аслида, ҳаётда ҳеч нарса ўз-ўзидан бўлиб қолмайди. Ёки бирор масала, муаммони четдан туриб биров ҳал қилиб бермайди. Ютуғи ҳам, камчилиги ҳам ўзимизга тегишли.

Шу нуқтаи назардан сўз юритиб, кейинги 5 йил давомида мамлакатимизда амалга оширилган муҳим ўзгаришларни санасак, ўнта бармоғимизни ўн бора қайта-қайта букиб чиқсак ҳам камлик қилади.

Энг аввало, инсон қадри, манфаати улуғланди! “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак” деган тамойил давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланди. Шу боис юртимиз дунёга Янги Ўзбекистон бўлиб бўй кўрсатди. Бу шунчаки эътироф эмас, ростдан ҳам, халқимиз бутунлай янгича ўзгаришлар даврида яшаяпти. Назаримда, бу энг аввало, мамлакатда сўз ва матбуот эркинлигининг амалда таъминланганида кўзга ташланди.

Тан олишимиз керак, кейинги беш йилда журналистикамизда рўй берган ўзгариш, янгиланиш ва ривожланишларни илгари тасаввур этиш қийин эди. Соҳа ва унинг вакилларига кенг эркинликларнинг берилиши журналистларга кўтаринкилик бағишлаши баробарида уларда замон билан ҳамнафас бўлиш, бир қадам олдинда юриш ҳисси ва масъулиятини оширди.

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси президентлигига кўрсатилган номзод Шавкат Мирзиёевнинг сўз эркинлиги таъминланишида собитлиги, очиқлик сиёсати, бу борадаги ислоҳотларнинг ортга қайтмас тус олгани, соҳага оид қонунчилик такомиллаштирилиши, қолаверса, журналист ва блогерларнинг ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватланиши ўз натижасини берди. Жумладан, оммавий ахборот воситаларида танқидий руҳдаги материаллар пайдо бўлди. Илгари кузатилмаган мансабдорларнинг ОАВларида чиқиши кўпайди, уларга кескин саволлар бериш, улардан интевьюлар олиш “мода”га айланди. Воқеа-ҳодисалар ҳақида тезкор хабар етказишга, жамоатчилик фикрини билишга эътибор кучайди. Бу каби омиллар миллий медиа майдонимизда ўзига хос рақобат юзага келишига, соҳа ривожланишига  туртки берди.

Энг муҳими, журналистларнинг таҳлилий, танқидий чиқишларига масъул ташкилотлар ва мансабдор шахсларнинг муносабат билдириш амалиёти шаклланди. Вазирлик ва идораларда, маҳаллий ҳокимликларда ахборот хизматлари ташкил этилгани, матбуот котибларининг мавқеи кўтарилгани эса ўз самарасини бермоқда.

Телеканаллар юз фоиз рақамли форматга ўтди, “Ўзбекистон 24”, “Ўзбекистон тарихи”, “Ренессанс ТВ”  сингари янги телеканаллар, “Янги Ўзбекистон” каби янги форматдаги газета ташкил этилди. Интернет нашрлари кўпайди, телерадиоканалларимизда жонли эфир соатлари ошди.

Дарҳақиқат, матбуотда бирон-бир мавзуда чеклов йўқ. Аксинча, сўз эркинлигини таъминлашда, қўллаб-қувватлаш борасида янгидан-янги имкониятлар яратиб берилмоқда. Айниқса, электрон оммавий ахборот воситалари, сайтлар, телеграм каналлари шиддат билан ривожланмоқда. Журналист ва блогерларни қўллаб-қувватлаш учун Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш жамоат фонди ташкил этилди, Президент Админицтрацияси ҳузурида Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги фаолияти йўлга қўйилди, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси фаолиятини қўллаб-қувватлаш мақсадида Президент қарорлари қабул қилинди. Ўзбекистон Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети фаолияти йўлга қўйилди. Кадрлар тайёрлар сифатини ошириш, ўзаро рақобат муҳитини яратиш мақсадида Тошкент давлат шарқшунослик институти, Самарқанд давлат чет тиллар университетида ҳам журналист кадрлар етиштиришга киришилди. Булардан ташқари, хориж олий таьлим муассасаларининг юртимиздаги филиалларида ҳам медиа бўйича ўқитиш бошланди.

Бироқ тан олиб айтиш керакки, ҳали ҳануз оммавий ахборот воситаларида ана шу эркинлик ва имкониятлардан тўғри ва холис фойдалана билмаслик, шошма-шошарлик, мавзуга чуқур кирмаслик, кўпинча бир ёқлама мулоҳаза юритиш сингари ҳолатлар ҳам учраб турибди. Айниқса, бугун ижтимоий тармоқларга назар ташлайдиган бўлсак, бўлган-бўлмаган гап-сўзларга кўзингиз тушади. Ҳатто янгилик ва шов-шув изидан қувган айрим блогерлар ёлғон, асоссиз ахборотларни ҳам жамоатчиликка тарқатиб юбораётганини кўришимиз мумкин.

Президентимизнинг яқинда чоп этилган “Янги Ўзбекистон стратегияси” китоби муқаддимаси қуйидаги жумла билан бошланади. “Дунёда ҳеч қачон бир хил тонг отган эмас”.

Чиндан ҳам ҳар бир отаётган тонг, куннинг фарқи бор, қадри бор. Яратганга шукрки, юртимизда отаётган тонгларни элимиз тинчликда, хотиржамликда қарши олмоқда. Бунинг ўзи жуда катта бахт. Негаки, дунёнинг қанчадан-қанча ҳудудларида урушлар, тўс-тўполонлару бомбаларнинг портлашлари ҳамон тинган эмас. Юз миллионлаб одамларнинг на яшашга турур жойи, на ейишга бир бурда нони бор. Бизда эса юртимиздаги тинчлик-осойишталик туфайли шаҳар-қишлоқлармизни обод қилиш устида, одамларни рози қилиш устида бош қотирилмоқда. Билим, заковат аҳлига ҳеч қачон бўлмаган рағбату эъзоз кўрсатилмоқда. Чунки олий мақсадимиз —Янги Ўзбекистон равнақини таъминлаш, Учинчи Ренессанс пойдеворини қуриш каби эзгу орзулар, улуғ ниятларни рўёбга чиқариш.

Мамлакатимиз келажагига дахлдор сана, муҳим сиёсий жараён — Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига ҳам саноқли кунлар қолди. Шубҳасиз, ўзини англаган инсон борки, партиялардан кўрсатилган Президентликка номзодларнинг Сайловолди дастурлари билан яқиндан танишиб, қайси номзоднинг дастурини ўзи учун манфаатли, мамлакат тақдири ва жамият тараққиёти учун зарур деб билса, шу йил 24 октябрда бўлиб ўтадиган сайловда унга овоз беради.

Улуғвор ва юксак интилишларнинг самара беришига шубҳа йўқ. Чунки биз танлаган йўл – ҳақиқат йўли. Очиқлик ва одиллик, ҳақиқат йўли эканлигини ҳаётнинг ўзи кўрсатиб турибди.

Олимжон ЎСАРОВ,
Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси