Экран қаршисига қачон “михланамиз”?

2021-10-22T12:36:53+05:0022 Oktabr, 2021|Умумий янгиликлар|

Оммавий ахборот воситалари орқали кино ва сериалларимизга нисбатан билдирилаётган танқидий фикрларни тез-тез ўқиб тураман. Улардан айримларига хайрихоҳман. Негаки, бир томошабин сифатида кузатганим шу бўлдики, халқимиз кейинги пайтларда турк ижодкорлари томонидан ишланаётган сериалларни кўпроқ кўришмоқда.

Бунга сабаб, воқеаларнинг ҳаётийлиги, сценарийнинг пишиқлиги ҳамда режиссуранинг талабчанлигидир. Ўзим ҳам Туркиянинг турфа кўрсатув ва фильмларини кузатиб бораман. Уларнинг анъанавий маҳорати боис ибратли ҳикояларни суратга олиб, томошабинни экран қаршисига “михлаб” қўйиши бор гап. Гапим қуруқ бўлмаслиги учун, яқинда ўзим мириқиб томоша қилган бир новелла ҳақида гапирмоқчиман. Воқеа Туркиянинг узоқ қишлоқларининг бирида яшовчи Осуман ва Махирнинг севгиси тўғрисида. Ота-оналари ҳам ёшларнинг тўйига рози. Тўй куни белгилаб қўйилган. Осуманнинг опаси ҳомиладор, ой-куни яқин. У оиласи билан бошқа қишлоқда яшайди. Опа ўз эри Йилмаздан онасини уйига олиб келишни илтимос қилади. Хўп, деб уйдан чиққан почча манзилга етиб келгач, қайнонасига қайнсинглисини олиб кетиши лозимлигини айтади. Она аввалига қизининг никоҳ тўйи яқинлашиб қолгани учун кўнмайди. Ўзи куёви билан кетишга розилик беради. Куёв эса қайинсинглисини олиб кетишга кўндиради.

Уйга етиб келишгач, почча сираям Осумандан кўзини узмайди, уни ҳар қадамда таъқиб қилишдан чарчамайди, ҳар сафар қизнинг юрагига ўт қалаб қўяди. Эсли-ҳушли қиз ҳар сафар поччасидан ўзидан узоқ туришини талаб қилаверади. Бир куни оқшом ётар олдидан почча қиз сув ичадиган финжонга ухлатадиган дори солади… ва кечаси қотиб ухлаб ётган Осуманга яқинлашади. Саҳарда кўзини очган қиз нима қиларини билмай тинмай йиғлайди, ўзини қўярга жой тополмайди. Опасига бўлиб ўтган воқеани айтса, бу оила бузилиб кетиши мумкин, айтмаса бу ҳодиса қандай тугашини тасаввур ҳам қилолмайди. Бу пайтда эса Йилмаз Махирни учратиб, қайлиғи шаҳарда ўқиётган пайтда ёмон йўлга кириб кетганини айтиб, қизга туҳмат қилади. Махир севгилисининг унга хиёнат қилмаслигига ишонади ва поччани қувиб ҳайдайди.

Тўй бўлиб ўтади. Тўй оқшомидан кейин гўшангада Осуман Йилмазга поччаси билан бўлиб ўтган воқеаларни бирма-бир айтиб беради… Фильмнинг мана шу тарзда давом этиши томошабин қизиқишига сабаб бўлади. Кейинги воқеалар қандай кечаркан, деган савол уни тинч қўймайди. Асар давомида эса мутлақо кутилмаган сюжетлар, лавҳалар одамни ҳайратга солади. Афсуски, биздаги аксарият кинолар ривожини ёш бола ҳам айтиб беради. Тайинсиз диалоглар, мўрт сценарийлар боис кейинги пайтларда яратилаётган аксарият асарлар танқидга учрамоқда.

Ўрни келганда тафсилотларга берилмасдан муҳим диалоглардан бирини таҳрирсиз келтиришни лозим топдим. Бешинчи учрашув (Виждон ойнаси ва Йилмаз почча). – Нега қайинсинглингга тажовуз қилдинг? – Осуманга кўнглим кетганди. – Билиб қўй, бу ерда ёлғон гап кетмайди. Ё тўғрисини айтасан ёки тўғрисини сенга айттиришади. – Тўғри, бу ишнинг бошқа сабаби бор. У аёлимнинг оиласи билан боғлиқ. Бир маҳаллар икки оила орасида шунга ўхшаган хунук воқеа бўлиб ўтган. Бу ишни эсдан чиқариб, бу оиладан мен хотин олган эдим. Мен кўрган новеллада мана шу каби қисқа ва аниқ мулоқотлар жуда кўп. Умуман, туркларнинг “Қашқирлар макони”, “Муҳташам юз йил” каби сериалларини халқимиз алоҳида интиқлик билан кутиб томоша қилгани бежиз эмас. Бу сериалларни бутун дунё кўрди, тан берди. Сабаб битта: сценарий пишиқ. Юқорида оддий бир турк фильмининг ихчам тафсилотини ҳикоя қилиб бердим. Бизнинг новеллаларимиздан анча фарқ қилади, шундай эмасми?

Тўғри, бизда ҳам фильмларимиз мавзуси, режиссурасида ижобий томонга ўзгариш бошланган. Энди навбат севги, оиланинг диққанафас, тинкақуритар можароларидан нарироқ кетиб, кенгроқ ибратомуз новеллалар яратиш вақти келмадимикин? Ўсиб келаётган янги авлодни ҳаётга тайёрлаш учун уларга янада маънолироқ, дуч келажак муаммоларга ҳозир бўлиб бориш сингари мавзуларда теле асарларни кўпайтириш лозиммикин, деб ўйлайман. Сиз нима дейсиз, азиз ўқувчим?

Аброр ҒУЛОМОВ

«Жамият» газетаси