МИБ: самарали фаолият таҳлил қилинди

Ўзбекистон Республикаси  Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси   Сирдарё вилоят бошқармаси  ва Ўзбекистон Журналистлари  ижодий уюшмаси вилоят бўлими ҳамкорлигида матбуот анжумани  ўтказилди.

Анжуманда мазкур йилнинг ўтган 9 ойи мобайнида амалга оширилган ишлар таҳлил қилинди.

Таъкидланишича, соҳадаги энг муаммоли ундирувлар алиментлар бўйичадир. Ўтган даврда Мажбурий ижро бюроси Сирдарё вилоят бошқармаси томонидан олиб борилган тушунтириш ишлари натижасида 553 оиланинг қайта тикланишига эришилди. Алимент ундириш ҳамда ишсиз алимент тўловчиларни иш билан таъминлашга қаратилган ишлар натижасида йил бошидан вилоятда жами 2 363 нафар фуқаро доимий ва мавсумий ишга жойлаштирилди.

– Алимент ундируви билан боғлиқ ижро ишлари бўйича бўйича 9 238 нафар боланинг таъминоти учун 8 339 нафар қарздордан даврий тўловлар юзасидан ижро ҳаракатлари олиб борилмоқда, – дейди МИБ Сирдарё вилоят бошқармаси бошлиғи вазифасини бажарувчи Ф.Бабатаев. – МИБ томонидан вилоятдаги эҳтиёжманд оилалар учун 16,5 милллиард сўм миқдорида пул ўтказиб берилди. Вояга етмаганларнинг алимент пулларини ҳисоблаш ва тўлаш борасида автоматлаштирилган тизим йўлга қўйилиб, алимент ижро ҳужжатлари бўйича “МИБ-портал” дастурий таъминоти орқали ундирилган маблағларни онлайн равишда кузатиб бориш имконияти жорий этилди.

Жорий йилнинг ўтган 9 ойи давомида 85 655 та бир триллион 437 миллиард сўмлик ҳажмдаги ҳужжатларнинг ижроси таъминланиб, бунинг натижасида 558 миллиард сўм пул маблағларининг ундирилиши таъминланди. Шундан, давлат бюджетига 258 миллиард сўм пул маблағи ундирилишига эришилди.

Давлат даромадига ўтказилиши белгиланган мол-мулкларнинг ижроси билан боғлиқ ижро ҳужжатлари бўйича 623 миллион сўмлик мол-мулклар ва валюта маблағларининг давлат даромадига ўтказилиши таъминланган. Шунингдек, тижорат банклари фойдасига ундирув билан боғлиқ ижро ҳужжатлари бўйича олиб борилган ишлар натижасида банкнинг 148 миллиард сўм миқдоридаги кредит қарздорлиги ундирилган.

Жисмоний ва юридик шахслар фойдасига ундирувларни назарда тутувчи ижро ҳужжатларига асосан амалда 300 миллиард сўм миқдоридаги пул маблағлари ундирилган бўлса, шуларнинг 6,5 миллиард сўмдан зиёд қарздорликнинг тадбиркорлик субъектлари фойдасига ундирилганлиги ҳам эътиборлидир. Ундирилган маблағларнинг 16,5 миллиард сўми “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган фуқароларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш учун йўналтирилган.

Тадбирда иштирок этган оммавий ахборот воситалари томонидан берилган саволларга соҳа ходимлари томонидан атрофлича жавоблар берилди.

 

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Сирдарё вилояти бўлими.