Журналист ва шоир билан учрашув

Қалам аҳли борки, аввало сўз даргоҳига интилади. Бу сирли маскан эса ҳамиша адабиётга, ижодга ошно қалблардир. Таъкидлаш керакки, ҳақиқий ижодкор кўпинча қайноқ жараёнлар маркази бўлган — таҳририятларда етишиб чиқади.

Бугунги кунда Навоий вилоятидаги телевидение ва газета таҳририятларида фаол ижод қилаётган журналистлар орасида ҳам истеъдодли ёзувчи ва адиблар талайгина. Ўзбекистон Ёзувчилар ва Журналистлар уюшмалари аъзоси, Навоий вилояти телерадиокомпанияси директори ўринбосари, журналист ва шоир Бобоқанд Умаров (Бобоқанд Мирзо) шундай инсонлардан.

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Навоий вилояти бўлими ташаббуси билан Навоий давлат педагогика институти фаоллар залида “Шеъриятга ошно қалб” мавзусида Уюшма аъзоси Бобоқанд Умаров билан ижодий учрашув ўтказилди.

Унда институтнинг Ўзбек филологияси факультети профессор-ўқитувчилари ҳамда талабалари иштирок этди. Дастлаб, филология фанлари доктори Абдуҳамид Холмуродов тадбирни бошлаб берди ҳамда факультетда шоир ва адиблар билан учрашувлар ўтказиш эндиликда мунтазам йўлга қўйлишини таъкидлаб ўтди. Шундан сўнг институт проректори Хуршид Қурбонов йиғилишни олиб борди ва сўз навбатини “Навоийнинг Муҳаммад Юсуфи” номини олган Бобоқанд Мирзога берди. Журналист ва ижодкор ўзи ҳам Навоий давлат педагогика институтида таълим олгани хусусида тўхталар экан, тадбир иштирокчилари бўлган устозлари А.Холмуродов, Т.Хўжаев ҳамда Б.Зариповларга миннатдорлик билдирди.  Шундан сўнг, ёш педагоглар Бобоқанд Мирзонинг ижод намуналаридан баҳраманд бўлишди.

Албатта, ҳар бир ижодкор адабиёт майдонида ўзини хокисор ҳис қилади ва бу соддалик мисраларга ҳам кўчади. Шоирнинг гоҳ ғамгин ва гоҳ жўшқин нафасида янграган қуйидаги сатрлар бунга мисол:

 

“Мен керакли тошман адабиётга,

Буюк сўз олдида мен ҳам ўлпонман,

Буюк сўз олдида нарзим кўп ҳали,

Кимнингдир наздида балки Чўлпонман

Адабиёт, сендан қарзим кўп ҳали…”

 

Ватан мавзуси ҳар бир қаламкаш учун таърифи тугамас сўз уммонидир. Бобоқанд Мирзо навбатдаги шеърида айни мавзуга тўхталаркан, бу сатрларда шоирнинг болалик йиллари ўтган — сўлим Хатирчининг бетакрор Олтинсой қишлоғи манзаралари ҳам акс этгандек….

 

“Ўзбекистон, ҳалол ноним тузимсан,

Кўз очиб кўрганим онамсан, Ватан!

Истиқлол, сен менинг ёруғ юзимсан

Ўзинг ўн сакккиз минг оламасан, Ватан…”

 

Она алласи дунёда тенги йўқ қўшиқ. Шоир алла эшитиб улғайган миллатни энг бахтли санайди. Унинг мана бу шеъри шунга ишора:

 

“Бир қўлда бешик, бирида дунё,

Гўё тарозининг тенгдир палласи,

Кўкдан тушган малак, фариштами ё?

Энг чиройли қўшиқ — онам алласи…”

Ижод кечаси қизғин тус олиб, адабиёт, ватан, ишқ мавзуларидаги шеърлар сўзга ошно қалбларни ром этди. Тадбирнинг савол-жавоблар қисмида бир гуруҳ ёшлар ижод сеҳри борасида ўзлари қизиққан саволларга жавоблар олишди ва уларнинг ҳам шеърлари тингланди.

—  Навоий давлат педагогика институти фахрий профессори Равшан Раҳмонов бир вақтлар “бу ерда фақат педагоглар эмас, Ўзбекистон Халқ шоири”, “Ўзбекистон Халқ ёзувчиси” унвони оладиганлар ҳам етишиб чиқади, дея таъкидлаган эдилар, — дейди тадбирда сўз олган, Ўзбек филологияси  факультети доценти Ботир Зарипов. —  Ўтган узоқ йиллик фаолиятимга эътибор қаратадиган бўлсам, Бобоқанд Мирзо каби мазкур факультетдан нафақат вилоятимиз, балки республикамиз учун ҳам таниқли журналистлар, бир қанча истеъдодли ижодкорлар етишиб чиққанига ва устозимизнинг айтган фикрлари нечоғли ҳақиқат эканлигини гувоҳ бўлиб турибман. Она тили ва адабиёт фани ўқитувчисининг ҳар бири аслида ижодкор, десам хато бўлмайди.

Тадбир давомида Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Навоий вилояти бўлими раиси О.Аслонов ҳам сўзга чиқди. Шундан сўнг бир гуруҳ ёшлар ва тадбир иштирокчиларига Бобоқанд Мирзонинг “Иккимиз икки олам” шеърий тўплами туҳфа этилди.

Қайд этиш керак, журналистиканинг чўққиси бўлган публицистиканинг кучи, аввало истеъдодда. Ижодий жамоаларда ана шундай истеъдод соҳиблари кўпаяр экан, халқимизга туҳфа этилаётган журналистик материалларнинг сифати ҳам, залвори ҳам ошиб бораверади.

Озод МУСТАФОЕВ,

Ўзбекистон Журналистлари ижодий

уюшмаси Навоий вилояти бўлими мутахассиси.