“NEW UZBEKISTAN” ахборот агентлиги тақдимоти ўтказилди

2021-10-16T11:55:10+05:0016 Oktabr, 2021|Рукнсиз, Умумий янгиликлар|

Мазкур агентлик “Янги Ўзбекистон. Янги нигоҳ” медиа-дастуридаги муҳим лойиҳалардан бири ҳисобланади

2021-йилнинг 14-октябр куни мамлакатимиз бўйлаб ўтказиладиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови муносабати билан сайлов жараёнларини холис ва ҳаққоний ёритиш, халқимиз ва дунё ҳамжамиятини ўз вақтида хабардор қилиб боришни таъминлаш мақсадида “Халқаро медиа ҳолл” ташкил этилган эди.

26-октябрга қадар давом этадиган халқаро Медиа холл дастуридан турли дебатлар, давра суҳбатлари, конференциялар, тақдимотлар ва бадиий тадбирлар ўрин олган.

15-октябр куни соат 17.00 да Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси муассислигида ишга тушириладиган “Nеw Uzbekistan” ахборот агентлиги тақдимоти ўтказилди.

Мазкур ахборот агентлиги Ўзбекистон электрон омммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси Бошқарув кенгашининг 2021-йил 2-апрелдаги қарорига асосан қабул қилинган “Янги Ўзбекистон.Янги нигоҳ” медиа-дастуридаги муҳим лойиҳалардан бири ҳисобланади.

Медиа-дастурда “Uzbekistan Today” ахборот агентлигини ишга тушириш ҳам кўзда тутилган эди. Ушбу лойиҳани яратишда Ўзбекистонда сўнгги беш йилга яқин вақт ичида амалга оширилган йирик ўзгаришлар, бугунги янгиланиш жараёнлари, юртимизда ва жаҳонда юз бераётган янгиликларни бир қатор тилларда тезкор ва ҳаққоний ёритиш белгиланган.

Aхборот агенлиги томонидан Ўзбекистон ва жаҳонда юз бераётган воқеа-ҳодисалар ҳақидаги янгиликлар, шарҳлар, репортажлар воқеа жойидан ёки ишончли, бирламчи манбаларга таянган ҳолда ёритиб борилади. Шунингдек, дунёнинг етакчи ахборот агентликлари, маҳаллий, хорижий ва халқаро ташкилотларнинг матбуот хизматлари билан яқиндан ҳамкорлик йўлга қўйилади.

Aгентлик фаолиятини йўлга қўйиш учун таниқли, тажрибали журналистлар, шарҳловчилар, фотомухбирлар, тасвирчи ва монтаж усталари танлов асосида ишга олинади. Aгентлик материаллари расмий сайтда ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифалар орқали бериб борилади.

Ўтган давр мобайнида мазкур ахборот агентлигини яратиш бўйича бир қанча амалий ишлар қилинди. Жумладан ахборот сайтининг мақсад ва вазифалари қатор миллий ва хорижий ҳамкорлар билан биргаликда ишлаб чиқилди. Жумладан, Россиянинг “Россия сегодня” халқаро ахборот агентлиги вакиллари билан ушбу лойиҳани халқаро талаблар асосида ривожлантириш юзасидан музокаралар олиб борилди.

Таъкидлаш жоизки, янги ахборот агентлигини ЎзЭОAВМA, “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати, “Тараққиёт стратегияси” маркази билан ҳамкорликда ташкил этиш кутилмоқда. Ҳамкорларимиз томонидан агентликни бугунги вазият, шарт-шароитлардан келиб чиқиб, “New Uzbekistan” ахборот агентлиги деб номлаш таклиф қилинди. Ҳозирда ахборот агентлигини ташкил этиш бўйича ишчи гуруҳ шакллантирилган, агентлик низоми, харажатлар сметаси, техник таъминот бўйича ҳужжат лойиҳалари, штатлар жадвали ишлаб чиқилган.

Хулоса қилиб айтганда, ҳукуматимизнинг ишончи, қўллаб-қувватлаши билан ташкил этилиши кўзда тутилган мазкур ахборот агентлиги Янги Ўзбекистон медиа-маконида ўз ўрни, мавқеи ва аудиториясини топишига ишонамиз. Ушбу ахборот агентлиги Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг ёрқин ва холис кўзгусига айланиши учун барча куч ва имкониятлар сафарбар этилади.