Навоийда аккредитациядан ўтказилган журналистлар 37 нафарга етди

Куни кеча Навоий шаҳридаги “Ёшлар маркази”да  5-Навоий Округ сайлов комиссиясининг навбатдаги Матбуот анжумани ўтказилди. Анжуманда  ОСК аъзолари ҳамда вилоятдаги ОАВ вакиллари иштирок этишди.

Матбуот анжуманида дастлаб, ОАВ вакилларини аккредитациядан ўтказишнинг 14 октябрь ҳолати тўғрисида маълумот берилди. Хусусан, вилоят бўйича уларнинг умумий сони 37 нафарга етган. Ушбу журналистлар 18 та ОАВнинг вакиллари ҳисобланади.

Тадбир доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи участка сайлов комиссияси календарь режасига асосан 14 октябрдан бошлаб муддатидан олдин овоз бериш бошлангани ҳам таъкидлаб ўтилди. Шунингдек, участка сайлов комиссиялари жойлашган бинолар белгиланган тартибда жиҳозлаш ишлари якунланди.

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови жараёнида талабаларнинг фаол иштирокини таъминлаш, сайловга оид билимларини ривожлантириш ҳамда уларга ватанимиз равнақи йўлида амалга оширилаётган ислоҳотлар моҳиятини етказиш мақсадида Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ташаббуси билан “Сайлов – 2021: Келажагинг учун овоз бер!” шиори остида “Тарғибот поезди” лойиҳасига старт берилди.

Ушбу “Тарғибот поезди” лойиҳаси доирасида навоийлик талабалар билан ҳам сайлов янгиликлари, унга киритилган ўзгаришлар, сайлов тўғрисида қабул қилинган кодекс бўйича мулоқот бўлиб ўтди. Тошкент шаҳридан келган бир гуруҳ профессор-ўқитувчилар бошчилигидаги иқтидорли талабалардан иборат тарғибот гуруҳи ОТМ талаба-ёшларига сайлов олди билимларини оширишга қаратилган семинар ҳамда маънавий-маърифий тадбирларни ташкил этди.

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси

 Навоий вилояти бўлими.