Хотира – уйғонса гўзал

2021-10-15T12:01:06+05:0015 Oktabr, 2021|Умумий янгиликлар|

ЯХШИЛИКДАН БОШҚАСИНИ БИЛМАЙДИГАН ОДАМ ЭДИ

Вақтни ўтишига қаранг, Саъдулла ака бу ёруғ оламни тарк этганига ҳам бир йилдан ошибди. Ҳозир жисман орамизда бўлмаса-да, руҳан қалбимизда яшамоқда.

…2019 йили С.Ҳакимов узоқ йиллик самарали меҳнати, соҳа ривожига қўшган ҳиссаси учун “Меҳнат шуҳрати” ордени билан мукофотланган эди. Тақдирлаш маросимидан кўтаринки кайфиятда, қўлида гулдасталар билан ишхонамизга – Журналистлар уюшмасига кириб келди.Ходимлар хонасига кириб,яна бирин-кетин табриклар янгради, эсдаликка суратга тушишди, навбат келиб олдиларига кирганимда давлат мукофотини шахсан Президентимиз қўлидан олганини фахрланиб, ҳис-ҳаяжонга тўлиб-тошиб гапириб берди. Сўзини давом этар экан: “Орденни қўлга олганимда биринчи бўлиб кўз ўнгимда дунёдан ўтган онам гавдаланди, у бу кунларни кўрмади”, деди. Кўнгли бўшаганини, кўзидаги намни яшира олмади.

Ҳа, устоз кўнгил одами эди. Бирга ишлаган пайтимизда ҳам бирор кишининг қалбини оғритганини эслолмайман. Эшитмаганман ҳам, эшитмаслигимга ишонаман. Ёмонлик қилиш қўлидан келмасди. Хизмат сафари билан вилоятларда бўлганимда у кишини яхши танийдиган кўплаб ҳамкасблар, устозлардан ҳам шундай мазмунда илиқ гаплар эшитаман.

Уюшмага ишга келган (2018 йил) пайтларимда Президентнинг 2017 йил 10 августдаги “Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида бир қатор ишлар амалга оширилаётган экан. Қисқаси, навбат ушбу ҳужжатга биноан тасдиқланган “йўл харитаси”нинг тегишли банди ижросига – уюшма раисига хизмат машинаси харид қилишга келди.

Энди ўйлаб қарасам, ўша пайтлари анча қизиқувчан бўлган эканман. Саъдулла аканинг олдига кириб: “У уюшма раиси “Каптива”да, бу нодавлат ташкилот раҳбари алламбало машинада юрибди. Сизга“Малибу” олайлик, деганман. Шунда “Малибу” борган жойга “Ласетти” ҳам боради, унинг харажати катта, пулимиз қиммат машинага етса ҳам “Жентра” оламиз”, деганди.

Орадан бир муддат ўтиб, уюшма моддий-техник базасини янгилаш учун маблағ ажратилди. Ташкилотимизга тегишли ҳамма хоналар, жумладан, раҳбар кабинети учун харид қилинадиган янги мебеллар рўйхати тузилди, келишиш учун олдига кирдик. Бирма-бир кўриб чиқди. Рўйхатдан ўзинингхонасига харид қилиниши кўзда тутилган (сейфдан бошқа) ҳамма нарсани ўчирди. “Хонангиздаги китоб жавони, иш стол-стуллари олинганига анча йил бўлган, алмаштирайлик пул берилган пайти, кейин бундай имконият қачон бўлади”, дедик. Кўнмади.“Буларга нима қилибди, бир жойи учмаган, синмаган, бунақасини топиш қийин, сифати зўр, булар менга ёқади”, деди.Кабинетига замонавий компьютер олиш бўйича берган таклифимиз ҳам шундайлигича қолиб кетган. Ўзи доим ноутбукда ишларди, хонасидаги 7-8 йиллик телевизор ҳамда ранги учиб бир ҳолга келган гиламни янгилашга рухсат бермасди.

С.Ҳакимов доимо уюшмамиз маблағини тежар, беҳуда сарфланишининг олдини олар, камтар, оддий васамимий, шу билан бирга, даражаси баланд инсон эди. Жаҳли чиққанини кўрмаганман. Майда-чуйда, фисқи-фасод гап-сўзларни тингламасди, тингласа ҳам муносабат билдирмасди. Баланд овозда эмас, босиқлик билан гапирарди. Юзидан нур тараларди. Бир иш бошлашдан олдин унинг оқибати ва охирги нуқтасини кўра оларди. Саховатпешалик қиларди.

Саъдулла ака фаолияти давомида мамлакатимиз журналистика соҳаси ривожига катта ҳисса қўшди. Жумладан, Ўзбекистон журналистларининг Касб этикаси кодекси ишлаб чиқилиши ва қабул қилинишига эришди. Уюшмага аъзоликни тиклади. Аъзолар учун янги намунадаги гувоҳнома, кўкрак нишони (илгари бўлмаган) тайёрланишига бош-қош бўлди. Муҳаррирлигида ёш журналистларнинг “Ёш юраклар садоси”, “Умид ёғдуси” тўпламлари нашр этилди.Ушбу тўпламларга мамлакатимиз бўйича юз нафардан зиёд истеъдодли ёш журналистнинг энг сара мақолалари киритилди.

С.Ҳакимов оиласини, Ватанни севарди. Фарзанду набираларига, юртимиз дашту далалари, боғу бўстонларига бағишланган бар қанча асарлар ёзган. Кези келганда айтиш жоиз, ажойиб суҳбатдош ва ҳазилкаш инсон Саъдулла аканинг шеърларини ўқисангиз, мисралар ортида самимий жилмайиб турганини бемалол илғаш мумкин эди ёки ўзи билан суҳбатлашганда худди шеърларини мутолаа қилаётгандай бўлардингиз.

Устоз билан эллик йилдан ошиқ бирга яшаб, беш фарзандни тарбиялаб вояга етказган Санталат Ҳакимовнинг айтишича, Биринчи Президентимиз вафот этган 2016 йил 2 сентябрь куни устоз Буюк Британиядаги ўғли Дурбекникида бўлган. Воқеани эшитиб, келганига кўп бўлмаган бўлса-да, ушбу мамлакатга икки ҳафтага борган бўлишига қарамай, Ўзбекистонга қайтган: “Халқимиз бошига шундай кун тушганда кўнглимга саёҳат сиғмайди”, деган экан.

Турли тадбирлар баҳона устознинг Қибрайдаги уйига бир неча марта боришга тўғри келди, бу жараён давом этмоқда. Турмуш ўртоғи, фарзандлари, куёв ва келинлари, невараларини танийман. Уларда устозга хос инсонийлик фазилатларини кўраман. Тўғриси, С.Ҳакимов оила аъзоларинингсамимийлиги, оддийлиги, одоб-ахлоқи, илми, аҳиллиги, ҳамжиҳатлиги, бир-бирига меҳрибонлигига ҳавас қиламан. Ўғиллари Ойбек ва Дурбек билан ака-укадек бўлиб кетдик.

Саъдулла акадек инсонлар камдан-кам учрайди. Шундай инсон билан қарийб уч йил бирга ишлаш бахти насиб этди. Устоз билан боғлиқ кўплаб воқеалар хотирамда бир умрга муҳрланди. У кишидан ҳаётда асқатадиган жуда кўп нарсаларни ўргандим. “Ҳаммага яхшилик қила олиш керак”, деган сўзлари ҳамон қулоғимга чалинади. Ишда, кўча-кўйда, хуллас, қаерда бўлмайин, шу ўгитга амал қилишга интиламан. Зеро, яхшилик барибир яхши-да.

Холмурод САЛИМОВ,

Ўзбекистон журналистлари ижодий

уюшмаси раиси ўринбосари