Матбуот ҳақида айрим мушоҳадалар

2021-10-15T10:19:41+05:0015 Oktabr, 2021|Умумий янгиликлар|

Матбуот жамият олдига бир неча саволларни кўндаланг қўяр экан, ўз навбатида, тезкор замонамиз ҳам унинг ўзига жиддий масалаларни рўбарў қилмоқда. Хусусан, 7-8 йил олдин босма нашрларнинг истиқболи ва келажакда асосан сайтларнинг ривожланиши ҳақида қизғин муҳокамалар бўлган эди.

Қарангки, бугун умуман матн, саводхонлик кейинчалик инсониятга керак бўладими-йўқми қабилидаги баҳслар авжида. Зеро, янги авлод ахборот истеъмолчисига матндан кўра, аудиовизуал маҳсулот кўпроқ маъқул кела бошлади. Замоннинг тез ўзгаришини кўринг!

Ҳа, асосий мезон – матн, шаклланган журналистикани асраш, қандай қилиб ривожлантириш бугун долзарб масала бўлиб қолди. Чунки, истиқболда ахборот истеъмолчисига видео, инфографика шаклидаги информациялар кўпроқ керак экан, матннинг тақдири нима бўлади? Қуйида шу ҳақдаги айрим мулоҳазаларни ўртоқлашмоқчиман. 

Бугунги фуқаро мамлакатимизда кечаётган кучли фуқаролик жамияти қурилишининг пассив иштирокчиси, анъана ва удумларнинг одатий ижрочиси, қонунлар қошида сас-садосиз нотавон эмас. Билъакс улар жамиятдаги маънавий ва ахлоқий қоидаларнинг яратувчиси, ҳар қандай қонунларнинг ҳаётбахш бўлишини талаб қилувчи куч, воқеликни танқидий нуқтаи назардан фаол муҳокама қилувчи субъект даражасига кўтарилгандир. Айни жараённинг воқеъ бўлишида оммавий ахборот воситаларининг, хусусан, матбуотнинг улкан ўрни ва роли бор.

Аммо, аён бўлмоқдаки, жамият тараққиётининг ҳозирги босқичига келиб, матбуотга муносабат жиддий равишда ўзгармоқда. Информация тарқатишнинг янгича усул ва воситалари кўпайгани туфайли айрим серфикр зиёлиларда матбуотнинг рақобат майдонидаги имконияти бироз чеклангандек, интернет, радио, телевидение каби ОАВдан ортда қолгандек таассурот шаклланмоқда. 400 йилдан зиёдроқ тарихга эга бўлган замонавий матбуот ҳақида баъзан турфа номарғуб сўзлар янграмоқда.

Хўш, аслида ҳам шундаймикин?

Машҳур физик Эрнст Резерфорд лабораторияда у ёқдан-бу ёққа чаққон одимлаётган ёш ходимдан нима қилаяпсиз, деб сўрайди. Шунда ходим ишлаётганини айтади. Ана энди атоқли олимнинг жавобига эътибор беринг: “Қизиқ, қачон фикрлайсиз?..”

Матбуотнинг энг муҳим, жамият тараққиёти учун аҳамиятли жиҳати шундаки, бунда айтилган сўз умумлашма хулоса каби намоён бўлади. Биз гапираётганда сўзлашув манерамизга эътибор беравермаймиз, аммо ёзаётганимизда янги ва нишонга урадиган қилиб гап айтишга чоғланамиз. 

Фикр оний лаҳзаларда, тафаккур соатларидагина инсонга ҳамдам, бошқа пайтда киши ана ўша фикрнинг ижрочиси, ташвиқотчиси бўлади. Дабдурустдан мақола ёки тадқиқот ёзиш қийин. Бунга ойлаб-йиллаб тайёргарлик кўрилади. Ёзарман ўзи суйган, таянган китоблар оралаб, фикрига қувват ва рағбат топишга интилади. Шу маънода, зиёлининг, кенг маънода, миллатнинг асл интеллекти матбуотда тўлиқроқ, аниқроқ намоён бўлади.

Турли рақамлар, ҳужжат турлари, уларнинг қўлланиш соҳаси ҳақида куюниб гапиришдан осони йўқ. Аммо батафсил ва кенг шарҳлаш учун матн керак, матнга қарабгина тугал хулосага келинади. Матнни инкор этиб бўлмайди. Аудио-визуал санъат ёки восита орқали айтилаётган ҳар қандай мулоҳаза матннинг давоми, матннинг шарҳидир. Мухтасар айтганда, фалсафада базис ва устқурма деган тушунча бор. Шу маънода, журналистикада матн – базис, бошқалар – унинг устқурмаси. 

Газета ва газетхонлик оммавий ҳодисага айланмас экан, жамиятни олға ривожлантириш, зўр ғоя ва маслакларни халқнинг чуқур қатламларига сингдириш оғир кечади.

Мени доимо бир масала ўйлантиради. Яъни, газета ўқувчиларга қизиқ мавзулардан гурунг бергани дурустми ёки муҳим мавзуларга қўл урилсами? Тўғри, давлат миқёсидаги йирик тадбирлар ва ҳаракатлар ўқувчилар учун қизиқ ва айни бир пайтда муҳим. Аммо кундалик ҳаётимиздаги одатий воқеликларга син солганда, нашрнинг келгуси чиқиши учун режалар тузилаётганда, албатта, омманинг қизиқишларидан келиб чиқилади ва нашрнинг табиати кўтарган қадар ўша масала ёритилади. Масалан, шоу-бизнес янгиликлари расмий нашрлар табиатига мос тушмаганидек, хиёбон газеталари ҳам иқтисодиётимизнинг муҳим бўғинларида кечаётган ҳодисаларни таҳлилий мақолага айлантиролмайди. Билмадим, бу номувофиқлик қачон ва қаерда пайдо бўла бошлаган, аммо, истардимки, ҳамма ва жумладан, талабаю хизматчилар, сотувчию харидорлар асл ва асил журналистик материални фарқлай олишса, вазирлик ва идораларнинг ахборот хизматлари берган маълумотларни қайта ишламасдан мана дея статистик тўплам мисоли чоп қилаётган кўча нашрларига баҳолай олишса…

Ўзбекистон қаҳрамони, раҳматли Озод Шарафиддиновнинг бир мақоласида ибратли мисол бор. Домла германиялик ҳамкасбига мурожаат қилиб, немис туркологлари тўғрисида “Жаҳон адабиёти” журналига мақола ёзиб беришни илтимос қилибдилар. Аммо немис олимаси таклифни жуда одоб ва андиша билан рад этиб, бундай мақоладан ҳеч наф йўқлигини, қуруқ ахборот ўқувчиларга фойда бермаслигини айтади. Ва вақти келганда, ўша мавзуда, аммо ижтимоий воқелик, илмий алоқалар тарихи мавзуси билан боғлаб алоҳида тадқиқот ёзиб беражагини айтади.

Юқоридаги мисолнинг қандай ибратли томони бор? Тасаввур қилинг, Янги йил ёки Наврўз байрами арафасида йил статистикаси, буржлар ва шу буржларда таваллуд топган машҳурлар, тақвимлар, байрам дастурхони ҳақидаги қизиқарли маълумотлар интернет сайтлари ёки оммабоп блогларнинг юзи, ҳозиржавоблиги, замонавийлиги белгиси бўлиб қолмоқда.

Эътиборлиси, айнан ана ўша маълумотлар ўтган йили худди шу нашрда эълон қилинганидан озроқ фарқланади, холос. Бундай рақамбозлик туфайли қизиқ маълумотга ўч одамларнинг хаёлини ўғирлаш режалаштирилгани аниқ.

Аммо, охир-оқибатда бундан ўқувчи нима фойда олади? Хўп, келаси йил ундоқ бўларкан, фалон кунларда омадим чопаркан, анови буюк одамлар билан бир буржда туғилибман қабилидаги ширин хаёллар уч кун ўтмай паққос ёддан кўтарилади, боз устига, бир чақалик наф бермасдан…

Шуниси аниқки, газета ўқишга ҳавас ва иштиёқ, унинг зарурий эҳтиёж эканини англаш жараёни жуда эрта, оила ва мактаб қучоғида тарбия топади. Мактабни тамомлаётган ўқувчи “Гулхан”, “Ёш куч” журналларини, “Маърифат” газетасини ўқиб, мақола ва ахборотларнинг мағзини чақа олмаса, шу мавзулар атрофида эркин суҳбатлаша олмаса, жамиятни ҳаракатга келтирувчи, олға бошловчи зиёли қатламнинг сафи шунча тораяди.

Аммо баъзан ҳаётда шундай ҳолатларга дуч келасизки, беихтиёр журналист эканлигингиз, газетада ишлаётганингиз кўзингизга нуқсондек туюлади. Кўринишидан туппа-тузук, зиёлинамо кимсалар газета ўқишдан наф йўқлигини айтиб қоладилар. Бундан ташқари, газетага ишлаб чиқариш ва яратувчанлик жабҳасининг зарбдор кучи эмас, деб қаровчилар бор.

Камчиликларни танқид қилиш, алоҳида шахсларнинг қилмишларини айтиб, матбуот орқали савалаш газетанинг асосий, бош мақсади эмас. Ана ўша хато-нуқсонларнинг туб илдизларини ўрганиш, пайини қирқиш борасида таклиф ва мулоҳазалар айтиш газета табиатига хосдир.

Оддий фуқароларимизни қўя турайлик, баъзан катта-катта ташкилотларда ишлаётган ходимлар ҳам газета ўқимаслигидан мақтаниш ҳолатлари кўзга ташланади.  Бу борада Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги вакилларининг куюнчаклигига, газетхонлигига ҳавас қилса арзийди. Вазирлик ходимлари кундалик нашрларнинг фаолиятини қизғин кузатиш, ўқиб бориш баробарида, уларнинг фаол муаллифлари ҳамдир. Шунинг учун ҳам бу ташкилотда ишлаётган одам билан суҳбатингиз мароқли кечади, сўз тополмай қийналиб қолишлар йўқ.

Аммо мен журналист сифатида ҳамиша бир манзарадан чексиз мутаассир бўламан, яна ва яна янги нарсалар ёзишга иштиёқ сезаман, ана ўша ҳолатдан ажиб жўшқинлик ҳамда ҳар ишга қобиллик ҳиссини туяман. Ҳеч эътибор берганмисиз – хиёбонда, метрода, иш столида хаёлга чўмиб газета ўқиётган, демакки, шу куннинг қайноқ муҳокамаларига қовушган, тафаккур соатларини ўткараётган инсонда ғоят хассос қалб бор: ҳар ишда, ҳар жабҳада ҳақиқат ва адолат тантана қилишига қатъий ишонадиган ва, керак бўлса, шу йўлга жонини тикадиганлар ҳам улар. Жамиятнинг зарбдор кучи – шулар, фикрнинг зўри ҳам уларда…

Устоз файласуф, профессор Абдулла Шердан замонамиз қаҳрамони ҳақида сўраганимда, қатъият билан “Ўз замонасини севган одам унинг қаҳрамонидир”, деган эдилар.

Мақолага мухтасар якун бўлган айни жумланинг мағзини бугун биз сўз юритган мавзуга боғлаб чақиб кўришни ўзингизга ҳавола қиламан…  

 

Абдусаид БОБОКОЛОНОВ,

журналист.