“Қўнғироқ чалса ёмғир, гул кўтариб уйғонай!”

2021-10-09T11:47:27+05:009 Oktabr, 2021|Умумий янгиликлар, Ҳафта мақоласи|

Бу оташин сатрларни ўқиганимизда элимиз суйган шоир Саъдулла Ҳаким билан боғлиқ воқеа-ҳодисалар хотирамизда жонланади, унинг нурли сиймоси кўз олдимизда гавдаланади.

Жорий йилнинг  8 октябрь куни таниқли шоир ва публицист, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмасининг собиқ раиси Саъдулла Ҳаким таваллудининг 70 йиллиги муносабати билан Миллий матбуот марказида хотира кечаси ўтказилди.

Хотира кечасида оммавий ахборот воситалари ходимлари, шоир ва ёзувчилар, олий ўқув юрти профессор-ўқитувчилари, талабалар ва кенг жамотчилик вакиллари иштирок этди.

Сўзга чиққанлар Саъдулла Ҳакимнинг ўз юртини, халқини севган инсон сифатида кечирган ҳаёти ва ижодий фаолияти, шеърлари, публицистик асарларида акс эттирилган ғоялар, келажак авлодларга ўрнак бўладиган фазилатлари ҳақида ўз хотиралари сўзлаб беришди.

Халқимизнинг ардоқли фарзанди Саъдулла Ҳакимни қалам аҳли, журналистлар тажрибали ижодкор, жонкуяр ташкилотчи сифатида ёдга олади, — дейди Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси Олимжон Ўсаров. —Шогирдларидан баъзилари устоз ҳар доим ижодкорларни қўлларди деса, айримлар устоздан кўп нарсаларни ўрганганман, дейиши ҳам бежиз эмас. Саъдулла Ҳаким Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмасига раҳбарлик қилган йилларда мамлакатимиздаги оммавий ахборот воситаларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, соҳа ходимларига зарур шарт-шароитлар яратиб беришга алоҳида эътибор қаратиб келди. Саъдулла ака шоир, публицистик сифатида самарали ижод қилиш билан бирга кўплаб хориж шоирларининг шеърларини ўзбек тилига маҳорат билан таржима ҳам қилди.  Бугун устоз ҳаёт бўлганида 70 ёшни қаршилаган, давраларда савлат тўкиб ўтирган, биз, шогирдларини баракали ижод қилишга ундаган, юртимизда амалга оширилаёт ислоҳотлардан қувонган, бунга ўзи ҳам муносиб ҳисса қўшган бўларди.

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, хушовоз хонанда Бахтиёр Холхўжаев Саъдулла Ҳаким билан бир қишлоқда туғилиб, бир синфда ўқиган, болалик завқи бирга тотгани ҳақида гапириб берди. Дарвоқе, хонанда ижро этган машҳур  «Сен кутган баҳор» қўшиғининг шеърий матни муаллифи ҳам Саъдулла Ҳаким эканини кўпчиликка маълум.

– Кўпинча Саъдулла аканинг шеърларини ўқиб, унга рассом шоир деб баҳо берардим, –дейди Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими, филология фанлари доктори Хуршид Дўстмуҳаммад. – Сабаби, унинг ҳар бир мисрасини ўқиганингизда кўз олдингизда образлар худди рассом қаламда чизаётгандек гавдаланаверади. Масалан, бир шеърида: “Ярим тунда кўз очсам, ёнимда ётибди ой”, деса, яна бир мисрасида: “Қўнғироқ чалса ёмғир, гул кўтариб уйғонай!” дейди.

Дарҳақиқат, Саъдулла Ҳаким ўзига хос ижодий услуби, шеърий асарлари билан ўз истеъдодини намоён этган. Унинг «Сен кутган баҳор», «Ёз оқшоми», «Она сўз», «Сайланма», «Кўнгил юзи» тўпламлари алоҳида аҳамиятга эга бўлиб, унда инсон, табиат ва жамият муаммолари ўз поэтик ечимига кўтарилади. «Олис юлдуз» номли достони ҳам китобхон эътиборига тушганди. Ушбу достонда шоирнинг адабий-фалсафий овози, олами ўзига хос тарзда ифода этилганига гувоҳ бўламиз.

Элимиз ардоқлаган ижодкор Саъдулла Ҳаким камтарин, самимий, одамнинг ёшига қарамай, суҳбатлашиб, гаплашиб, қўлидан келганча ёрдам беришга интилувчи закий инсон эди. Кўплаб ёш истеъдод эгалари устозлик қилгани ҳам эътирофга молик.

Саъдулла Ҳаким беқиёс истеъдоди, журналистик салоҳияти, турли ташкилотлардаги раҳбарлик фаолияти давомида том маънода жонкуяр ижодкорга айланган эди. Гарчанд бугун орамизда бўлмаса-да, устоз бизнинг қалбимизда барҳаёт, ўгитларини доим ёдимизда сақлаймиз. Ижодий мероси – кўплаб асарларини ўқиб-ўрганиб, маҳоратли журналист сифатида ҳам,  таниқли шоир ҳам ўтли нафасини юракдан ҳис этамиз.

Тадбир сўнгида Саъдулла Ҳакимнинг оила аъзолари, дўстлари, шогирдлари унинг ижодий фаолиятига, хотирасига ҳурмат-эҳтиром кўрсатган инсонларга миннатдорлик билдирилди.